20 минг 952 та оила яраштирилди
Ўтган йили мамлакатимиз бўйича 19 минг 948 та низоли оила, 13 та эрта никоҳ қайд этилиб, 144 та эрта туғруқ ҳолати аниқланган.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолияти юзасидан ўтказиладиган брифингда маълум қилинди.
Олиб борилган тизимли ишлар натижасида ажралиш ёқасига келиб қолган 20 минг 952 та оила яраштирилди, 12 минг 851 та оиланинг никоҳи қонунийлаштирилди. Энг муҳими, оилавий ажримлар сони 2019 йилдагига нисбатан 3 минг 157 тага камайишига эришилди.
Вазирлик ҳузуридаги 1146 рақамли “Ишонч телефони”га қилинган мурожаатлар асосида 412 та ҳолатда оилани тиклаш, 176 та ҳолатда оилавий муносабатларни яхшилаш, 150 та ҳолатда оилага учинчи шахс аралашуви, 143 та ҳолатда оиладаги тазйиқ ва зўравонликларнинг олдини олиш, 39 та ҳолатда оилавий ҳуқуқ, 24 та ҳолатда оила доирасидаги турли келишмовчиликлар юзасидан тезкор равишда ҳуқуқий, тиббий, психологик ва бошқа турдаги ёрдамлар кўрсатилди.
Брифингда тақдим қилинган маълумотларга кўра, юртимиз миқёсида маҳаллалари сони мингдан ошган ҳудуд сифатида Самарқанд вилояти етакчилик қилади. Бу вилоятда ҳозирги вақтда 1 минг 100 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд. Тошкент вилоятида 1 минг 48 та, Фарғона вилоятида 1 минг 41 та маҳалла фаолият кўрсатаяпти.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА