20 май – Бутунжаҳон асаларичилар куни
Асалнинг қанчалик шифобахш эканлигини биласизми?
Тиб илмининг султони Абу Али ибн Сино “Асал аъзойи баданга тетиклик бағишлайди, овқат ҳазм қилишни яхшилайди, иштаҳани очади, хотирани мустаҳкамлайди, эрта қаришнинг олдини олади,” дея ёзиб қолдирган. Дарҳақиқат, минг дардга даво, дея эътироф этиладиган асалнинг ошқозон ва ўн икки бармоқли ичак ярасини, гастрит, жигар хасталиги, буйрак, юрак-қон томир, асаб, кўз касалликлари, анемия – камқонлик каби хасталикларни даволашда асқотиши фанда яхши маълум. Шу боис ҳам кўп хонадондан ёзу қиш асал аримайди. Серқуёш, гўзал табиатли она юртимизнинг ҳар бир гўшасида асаларилар боқилиб, турфа хилдаги асал маҳсулотлари элимиз дастурхонига тортиқ қилинади.
2018 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 20 майни Бутунжаҳон асаларичилар куни, деб эълон қилган. Ҳар йили ушбу сана кенг жамоатчилик эътиборини асаларилар ва бошқа чанглатувчиларнинг инсон ва сайёрамиз соғлиғини сақлашда тутган муҳим ўрни ҳамда бугунги кунда улар дуч келаётган кўплаб таҳдидларга қаратиш имконини беради.
Мамлакатимизда ҳам асаларичиликни ривожлантириш, соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш, аҳоли хонадонларида оилавий тарзда ушбу сердаромад юмуш билан шуғулланишга имконият яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 октябрдаги “Республикамизда асаларичилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлаётир. Мазкур қарор билан “Ўзбекистон асаларичилари” уюшмаси ташкил этилиб, унинг зиммасига қатор муҳим вазифалар юклатилди.
Хусусан, асаларичилик тармоғини ривожлантиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий базани ишлаб чиқишда иштирок этиш, асаларичилик тармоғини ривожлантириш дастурларини, ягона илмий-техника, технологик, инвестиция ва экспорт сиёсатини амалга оширишни мувофиқлаштириш, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда асаларичилик хўжаликларини ўрмон фонди ерларига, тоғ ва тоғолди ҳудудларига, табиий пичанзор ва яйловларга ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларига жойлаштиришни амалга ошириш уюшманинг устувор вазифалари сифатида белгилаб берилди.
Шунингдек, асаларилар учун сунъий озуқалар ишлаб чиқаришни марказлашган ҳолда ташкил этишга кўмаклашиш ва ушбу тажрибани кенг қўллаш ҳисобига асаларичилик хўжаликлари озуқа базасини мустаҳкамлаш, асалари касалликларининг олдини олиш, даволаш ва ташхис қўйиш бўйича замонавий ва илғор усулларни жорий этиш ишларига кўмаклашиш вазифалари юклатилди.
Юртимизда асаларичиликни ривожлантириш учун банк кредитлари ажратилиб, хориждан асалари оилаларини келтиришда имтиёзлар берила бошланди. Ҳудудларда асаларичилик билан шуғулланаётган хўжаликларни қўллаб-қувватлаш, қолаверса, аҳоли вакилларини ушбу соҳага қизиқтириш ва шу орқали иш билан банд қилиш борасида қатор чоралар амалга ошириляпти. Оилавий асаларичилик билан шуғулланаётган юртдошларимиз доимий даромад манбаига эга бўлиб, ўз оилаларини моддий таъминлашга, орзу-ҳавасларини амалга оширишга эришмоқда.
Асаларичиликни ривожлантириш баробарида, асалнинг кони фойда хусусиятларини эътиборга олган ҳолда даволаш манбаи сифатидаги ўрнини янада ошириш лозим. Айниқса, коронавирус пандемияси даврида инсон саломатлигини мустаҳкамлаш, тана иммунитетини оширишда асалнинг шифобахшлигини унутмаслик лозим.
Тиббиётда асал билан даволаш “апитерапия” дейилади. Асаларининг нафақат асали, балки прополиси, заҳри, гулчанги, муми, сути табиатнинг инсонга кўрсатган саховатидир. Ҳатто асаларининг жасади ҳам шифобахш эканлиги айтилади. Илмий изланишлар натижасига кўра, асалари ўлиги ҳам шифобахш экан. Инчунун унинг таркибида асал, асалари сути, мум, прополис, асалари заҳари ва гепарин моддалари борлиги аниқланган. Таркибидаги гепарин омили қон босимини маромига келтиради, юрак ва қон томирлари иш фаолиятини яхшилайди.
Бир сўз билан айтганда, асал организмга қувват берувчи табиий восита сифатида доимо хонадонимизда, истеъмол рационимизда бўлиши кони фойдадир.
Муҳтарама Комилова, ЎзА