2 миллион долларлик шартнома имзоланди
Бошқирдистон билан ўрнатилган ҳамкорлик алоқалари натижасида Кегейли туманида фаолият олиб борувчи “Kegeyli tex group” ҳамда Уфа шаҳридаги “Идеаком” масъулияти чекланган жамиятлари ўртасида 2 миллион АҚШ долларлик шартнома имзоланди.
Жорий йилнинг 13-14 июль кунлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев раҳбарлигидаги делегация Бошқирдистон Республикасининг Уфа шаҳрида бизнес сафарида бўлиб, маҳаллий тадбиркорлар билан ҳамкорлик қилиш бўйича музокаралар олиб борган эди. Ташкил этилган бизнес тадбирлари давомида Бошқирдистонлик тадбиркорлар Қорақалпоғистонда етиштирилган ва ишлаб чиқарилган маҳсулотларга алоҳида қизиқиш билдирди. “Kegeyli tex group” ҳамда “Идеаком” масъулияти чекланган жамиятлари ўртасидаги имзоланган ҳамкорлик шартномаси шулар жумласидандир.

Оролбўйи тадбиркорларининг хорижий корхоналар билан шериклик алоқаларини ўрнатиши юртимиз иқтисодиёти тараққиётига бевосита ўз ҳиссасини қўшади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири