“ФОРС КЎРФАЗИНИНГ НЕФТЬ ДУРДОНАСИ”
Бугун Бирлашган Араб Амирликлари халқи миллий байрам – мустақилликнинг 50 йиллигини катта тантаналар билан нишонламоқда.
Бирлашган Араб Амирликлари – федератив давлат бўлиб, еттита амирликдан иборат: Абу-Даби, Ажман, Дубай, Рас-ал-Хайма, Умм-ал-Кайвайн, Ал-Фужайра, Шаржа. Бу ҳудудлар мутлақ монархли кичик маъмурий тузилишга эга бўлиб, ҳар бир амирлик ўз ҳудудидаги углеводород захирасини ўзи тасарруф этади.
Мамлакат иқтисодиётида муҳожир ишчилар муҳим ўрин тутади. Уларнинг қарийб 90 фоизи Бангладеш, Ҳиндистон ва Покистондан келган.

Арабистон ярим оролининг шимолий-шарқида, Жанубий-Ғарбий Осиёда жойлашган БАА ҳудудининг катта қисмини шўрҳақ ер ва қумли саҳро ташкил қилади. Шунингдек, хурмо, акация ва юлғундан иборат воҳалар ҳам учрайди. Ғарбий қисмида эса қумли ва тошли саҳро ястаниб ётади, шарқда ва шимоли-шарқда Ҳажар тоғи қад ростлаган.
БАА иқтисодиётининг асоси — нефть, бутун дунёдаги нефть заҳирасининг 10 фоизи шу заминда. Мамлакатда табиий газ кони ҳам сероб. Шу боис иқтисодиёт нефть ва табиий газни қазиб олиш ва қайта ишлашга асосланган. Маҳаллий аҳоли хурмо етиштириш, денгиздан марварид қидириш, туя ва йилқичилик, балиқ овлаш каби анъанавий машғулотлар билан ҳам шуғулланади.
БАА сўнгги йилларда нефть экспортидан тушган даромадни сайёҳлик, савдо-сотиқ, саноат, қишлоқ хўжалиги, шунингдек, ижтимоий тармоқни ривожлантиришга йўналтирмоқда. Мамлакатда инфратузилмани фаол ривожлантиришга киришилгандан кейин чет эл сармоядорлари амирликларга жиддий қизиқиш билан қарай бошлади. Натижада нефтни қазиб чиқариш ва қайта ишлаш саноатининг ЯИМдаги улуши аста-секин пасайиб бориб, сайёҳлик, кўчмас мулк, қурилиш, савдо ва қишлоқ хўжалиги каби бошқа соҳалар ривожланишига йўл очилди.
“Форс кўрфази нефть дурдонаси”нинг бош савдо ҳамкори Япония ҳисобланади. Кунчиқар мамлакат амирликлардан газ ва нефт импорт қилади, БААга эса транспорт воситалари, электроника жўнатади.

Иқтисодиётнинг яна бир устунлиги – давлат Европа ва Осиё савдо йўли чорраҳасида, яъни географик жиҳатдан қулай ҳудудда жойлашганидир.
БААда кечаётган жадал иқтисодий ўзгаришлар мамлакат нуфузи ошишига хизмат қилмоқда. Ҳозир БАА шаҳарлари дунё сайёҳларининг энг севимли масканларига айланган. Замонавий дўконлар, юқори даражадаги хизмат кўрсатиш, товар хилма-хиллиги ва арзон нарх туфайли амирликларга “харидор учун жаннат” дея таъриф бериладиган бўлди.
Савдо қонунининг эркинлиги, солиқ миқдори пастлиги мамлакатда бизнес гуллаб-яшнаши учун шароит яратди. Дубай автосалонидан жуда арзон нархда машина харид қилиш имкони бор. Заргарлик дўконида тилла буюм нархи дунёда энг паст ҳисобланади. Бу диёрда дунёнинг барча мамлакатларидан келтирилган мебель, маиший техника, компьютер ва электроника маҳсулотларини сотиб олиш мумкин. Дубайда ҳар йили савдо фестивали ўтказилади ва харидорлар паст нарх, турфа кўнгил очар тадбирлар ва қизиқарли лотереялар билан жалб қилинади.
Сўнгги пайтда Ўзбекистон билан БАА ўртасида ижтимоий-иқтисодий, маданий алоқалар кенгайиб, юксалиб бормоқда. Мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар самараси дунёнинг йирик компаниялари, жумладан БАА ишбилармон доиралари қизиқишини ҳам оширмоқда. Давлатимиз раҳбарининг Бирлашган Араб Амирликларига 2019 йил март ойидаги олий даражадаги ташрифи доирасида эришилган келишувлар мамлакатларимиз муносабатида янги босқични бошлаб берди, десак муболаға бўлмайди.

БАА компаниялари ҳамкорлигида мамлакатимизда муқобил энергияни оммалаштириш, энергетика объектларини модернизация қилиш, замонавий агросаноат кластерлари ташкил этиш, тадбиркорликка оид ташаббусларни қўллаб-қувватлаш учун инвестиция компаниялари фаолиятини йўлга қўйиш бўйича кўплаб лойиҳалар, қатор муҳим ижтимоий дастурлар изчил амалга оширилмоқда.
Масалан, “Masdar” компанияси билан биргаликда Ўзбекистондаги биринчи қуёш фотоэлектр станцияси муваффақиятли қурилиб, ишга туширилди.
Биргаликдаги саъй-ҳаракат билан таълим ва гуманитар алмашинув дастурлари фаол илгари сурилмоқда. Мамлакатимизда давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш борасидаги тадбирлар доирасида Тошкент шаҳрида Ҳукумат акселератори офиси иш бошлади.
Иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтиришда доимий равишда ўтказиб келинаётган қўшма анжуманлар муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, жорий йил 25-26 август кунлари Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон – БАА бизнес форуми икки мамлакат иқтисодий салоҳияти ва кўп қиррали ҳамкорлигини яққол намойиш этди.

Икки мамлакат бизнес ҳамжамияти вакиллари Ўзбекистонда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, ўзаро манфаатли савдо битимлари тузиш имкониятини муҳокама қилди.
Тадбир дастури доирасида Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, тоғ-кон саноати, электротехника, фармацевтика, заргарлик ва бошқа соҳалардаги сармоявий салоҳиятига бағишланган тақдимотлар бўлиб ўтди.
Амирликлар томони Ўзбекистон Президентининг Оролбўйи минтақасида экологик инновация ва технология ҳудудини яратиш ташаббусини амалга ошириш доирасида янги лойиҳавий таклиф тақдим этди.
Бир сўз билан айтганда Ўзбекистон билан Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги сўнгги йилларда йўлга қўйилган истиқболли ҳамкорлик мамлакатларимиз ривожига, халқаларимиз фаровонлигига муҳим ҳисса қўшади, дейиш учун асос етарли.
Саидмурод Раҳимов, ЎзА