Мамлакатимизда буғдой етиштиришнинг кластер усулига ўтказилгани ерга, мулкка эгалик ҳиссини, ғаллакорларнинг моддий манфаатдорлигини янада оширди. Ғаллачилик йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида Бухоро вилоятида ҳам 65 минг гектар ерда 10 та кластер корхонаси ташкил этилди.
Жорий йилда вилоятда буғдойнинг “Алексеевич”, “Васса”, “Гром” каби сараланган навлари экилиб, сифатли парваришланди. Ўз вақтида амалга оширилган агротехник тадбирлар натижасида далаларда мўл ҳосил яратилди. Ўрим-йиғим тадбирлари ҳам уюшқоқлик билан ташкил этилди.


Етиштирилган ҳосилни нест-нобуд қилмасдан ўриб-йиғиб олиш учун 190 та комбайндан отряд шакллантирилди. Мавсумда отрядларга 900 тадан ортиқ юк автомобили, 32 та кўчма устахона, 43 та ёнилғи ташиш воситалари бириктирилди. Фермер хўжаликларига минерал ўғит, ёқилғи-мойлаш материаллари ва зарур моддий ёрдам ўз вақтида етказиб берилди. Муҳими, белгиланган шартнома режаси 20 иш кунида бажарилди.
Вилоят бўйича давлатимиз ғалла хирмонига жами 164 минг 100 тоннадан ортиқ ғалла етказиб берилди. Шундан 147 минг тоннаси товар, 17 минг 100 тоннаси уруғлик дондир. Улкан хирмон яратилишида Олот, Ромитан, Вобкент, Қоракўл, Жондор ва Бухоро туманлари деҳқон ва фермерлари жонбозлик кўрсатди. Айниқса, Олот туманидаги “Шукрулло Ўрин”, “Жўра Қурбон”, “Гавҳар ойим”, Ромитан туманидаги “Мўминабону Аброр”, “Равшан Мирзо Олим”, “Савур Толмас”, “Ғафуробод Зулфия”, “Мансурбек Диёрбек Дилшод” фермер хўжаликлари ҳар гектар майдондан ўртача 90-100 центнер атрофида, Вобкент туманидаги “Собир Сухроб Бобир”, “Кунди Гавҳар”, “Гулбаҳор Гулнора” фермер хўжаликлари деҳқонлари 85-95 центнергача, Қоракўл туманидаги “Норқул Ота”, “Бегандик”, Жондор туманидаги “Жонибек Фарҳод”, “Ботиржон” фермер хўжаликлари 85-90 центнер ҳосилдорликка эришди.


Шу ўринда таъкидлаш жоизки, оғир иқлим ва тупроқ шароити бўлишига қарамасдан вилоят миришкорлари биринчи маротаба ҳосилдорликни ўртача 82 центнердан оширди. Фермер хўжаликлари миришкорлари туфайли жорий йилги мавсумда ялпи сара буғдой хирмони 530 минг тоннадан ошмоқда. Бу йил етиштирилган ғалла ҳосилидан 1 триллион 410 миллиард сўмлик даромад олиниши кутилмоқда. Шундан вилоят ғаллакорлари қўлга киритаётган соф фойда салмоғи нақд 620 миллиард сўмни ташкил этаётир. Қолаверса, шартномавий режадан ташқари, 350 минг тоннадан ортиқ ҳосил фермер хўжаликлари тасарруфида қолдирилди.


Шу кунларда эса жойларда жорий йил ҳосилидан оталиққа олинган камбағал оилаларга, аниқроғи, фермер хўжаликлари томонидан жами 17 минг 430 та хонадонга 250 килограмм атрофида, жами 4358 тонна миқдорида буғдой, шунингдек, 20 донадан, жами 348 минг 600 дона сомон пресси етказиб берилмоқда. Ҳозирда ғалла ўрим-йиғимидан бўшаган 62 минг гектар майдонга такрорий экин экиш ишлари бошланган.
Ғалладан бўшаган майдонлардан 10 минг 649 гектари айни пайтда маҳаллаларда ижтимоий муҳофазага олиниб, алоҳида тоифаланган, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”дан ўрин олган жами 30 мингдан зиёд фуқарога такрорий экин етиштириш учун ажратиб берилмоқда.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.