Кўпчилигимиз бирор бир манзилга етиб бориш учун жамоат транспортидан фойдаланамиз. Узоғимизни яқин, оғиримизни енгил қилувчи ушбу муҳим ижтимоий хизматсиз ҳаётимизни тасаввур қилиш қийин. Кейинги йилларда жамоат транспорти тизимини ривожлантириш, йўловчи ташиш сифатини яхшилаш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган бир қатор фармон ва қарорлар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар натижасида жойларда қўшимча жамоат транспорти йўналишлари ишга туширилиб, мавжуд автобуслар модернизация қилинди. Йўналишларда автобуслар сони кўпайтирилиб, йўловчиларга қулай шароитлар яратилди.
Аҳоли учун бундай қулайликлар яратилаётган бир пайтда Агентлигимизга Тошкент вилояти Қибрай тумани Ҳайдаробод маҳалласи фуқароларидан келиб тушган мурожаат очиғи бизни, ажаблантирди.
Мурожаатнинг мазмуни қуйидагича:
“Ҳудудимизга “Наврўз бозори – Учхоз” йўналишида 159-рақамли автобус қатнайди. Автомобиль йўлида таъмирлаш ишлари олиб борилгани сабабли аввалига мазкур автобус ҳаракатининг йўналиши ўзгарди, сўнг автобуслар сони камайди. Маълум бир вақт йўналишда жамоат транспорти ҳаракати тамомила тўхтатилди ҳам. Охирги икки ой давомида эса йўналишда атиги иккита, баъзи кунларда эса битта автобус қатнамоқда. Муаммонинг яна бир томони кечки соат 20:00 дан кейин йўналишдаги автобусларни топиш амри маҳол.
Бу ҳол аҳоли, айниқса, ишга, ўқишга қатнайдиган фуқароларга қийинчилик туғдираётир. Ёзнинг жазирама кунларида бекатда соатлаб автобус кутишга мажбур бўляпмиз. Ваҳоланки, маҳаллада истиқомат қилаётган 4 мингга яқин аҳолининг кўпчилик қисми шаҳарда ишлайди. Боиси, ҳудудда корхона ва ташкилотлар саноқли. Транспорт муаммоси биз, айниқса, ишчи-хизматчиларнинг ишга сурункали равишда кечикиб боришимизга сабаб бўлмоқда. Шунингдек, кўпчилик оилалар фарзандларини ёзги таътилда бўш вақтини самарали ташкил этиш, билим ва касб-ҳунарга ўргатиш мақсадида ўқув курсларига берган. Ушбу ўқув курслари ҳам ҳудуддан узоқда бўлгани боис, у ерга қатнаш муаммо бўлмоқда.
Шу боис, ушбу йўналишни бекор қилиб, ҳудудимизга метрога қатновчи транспорт қуйилса яхши бўлар эди. Сабаби, кўпчилик ишга 2 ёки 3 та, баъзилар 4 тагача транспорт алмаштириб қатнайди. Бу ҳам вақтдан ҳам иқтисодий томонидан қийналишимизга сабаб бўлмоқда".
Фуқаролар ушбу муаммо юзасидан Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигига, Тошкент шаҳар транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармасига кўп бора мурожаат қилганини билдирди. Уларга жавобан, “2-Автобус саройи”даги автобусларнинг барчаси носоз ҳолда эканлиги, эҳтиёт қисмлари йўқлиги, корхона тасарруфида етарлича транспорт воситаси мавжуд эмаслиги маълум қилинган. “2-Автобус саройи” филиали раҳбарияти автобуслардаги носозликларни бартараф этиш чораларини кўраётгани ва қисқа муддат ичида муаммони бартараф этиш, автобус йўналишининг жадваллар сонини кўпайтиришни билдирган.
Таъкидлаш жоиз, мазкур автобус йўналиши бўйича иш кунлари 5 та, шанба 4 та ва якшанба кунлари 3 та “SAZ LE-60” русумли автобуслар ҳаракати белгиланган. Йўналишдаги автобусларнинг тиғиз соатларда ҳаракатланиш вақти эса 12-13 дақиқа этиб кўрсатилган.
Сир эмас яқин ўтмишда транспорт масаласига ҳозирдагидек эътибор қаратилмаган. Йўналишларда автобуслар сони кам, улар орасидаги оралиқ интерваллар жуда узоқ бўлар эди. Эсимда, синглим билан уйимиздан 4-5 километр узоқликда жойлашган мусиқа мактабига қатнаш учун ҳудуддан ўтувчи ягона “Лаз” русумли автобусни соатлаб кутар эдик. Ҳатто, чарчаб бекатда ухлаб қолган пайтларимиз ҳам бўлган. Ярим эгилган ҳолда етиб келган тирбанд автобусга кондуктор ёрдамида аранг чиқиб олар эдик. Ҳозир шароит бошқа, бекатларда турли йўналишларга қатновчи автобуслар кети узилмайди, нари борса 7-8 дақиқа кутасиз, GPS тизими орқали сизга керакли транспорт ҳаракатини онлайн кузатиш имконияти ҳам мавжуд. Автобусларда замонавий шароитлар яратилган, ёзда салқин, қишда иссиққина салонда манзилга етиб оласиз.
Шундай экан, юқорида мурожаат йўллаган аҳолининг муаммосини мутасаддилар атрофлича ўрганиб, ҳал этса мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Хўш, масъуллар ваъда қилган ўша қисқа муддат яна қанча давом этади? Натижа кутиб қоламиз.
Камола ЮСУПОВА,
ЎзА мухбири