Ўзбекистон тарихи давлат музейи нафақат юртимиздаги балки Марказий Осиёдаги энг қадимги ва бой музейлардан бири. Келинг бу музейнинг тарихи ҳақида бироз тўхталсак.
Журналистнинг уйида очилган Марказий Осиёдаги илк музей

1867-йилда Туркистон Генерал-губернаторлиги ташкил топган. Туркистон ҳақидаги материалларнинг тизимлаштирилиши ва ҳужжатлаштирилиши кейинчалик Россия ва Европа олимларининг минтақа бўйича тадқиқотлар олиб боришига мустаҳкам замин яратди. Шу жараёнда ўлкашунослик ҳаракатига асос солиниб, музей фаолияти келажакдаги изланишлар учун муҳим марказга айланди. Бу ташаббус кейинчалик турли шаҳарларда музейлар, илмий жамиятлар ташкил этилиши ва археологик қазишмалар олиб борилишига йўл очди. Умуман олганда, А.П. Федченконинг музей ташкил этиш ҳақидаги ғояси Туркистонда фан, таълим ва маданият тараққиётида муҳим бурилиш бўлди.
Мазкур масала 1872 йил 4 январдаги мажлисда ҳам А.П. Федченко томонидан кўтарилган бўлиб, бунга Умумроссия Политехника кўргазмасига тайёргарлик жараёнида ўлкани тўлақонли намойиш этиш учун музей ёки унга тенглашувчи муассасанинг мавжуд эмаслиги сабаб бўлган.
Бироқ 1873 йилда А.П. Федченконинг фожиали вафотидан сўнг Туркистонда музей ишини йўлга қўйиш борасидаги ташаббуслар бир неча йилга тўхтаб қолди. Бу ҳолат унинг шахсий ташаббуси ва етакчилиги мазкур соҳада қанчалик муҳим аҳамиятга эга бўлганини яққол кўрсатади.
1876-йил 12 июльда Туркистон генерал–губернатори Фон Кауфман бошчилигида Тошкентда яшаб истиқомат қилаётган бир қатор олимлар, табиатшунос ва сайёҳатчилар Иероним Иванович, Юрий Димитриевич, Александр Илич Вилкинс, Николай Александрович Маевлар Тошкент оммавий музейини шакллантирдилар. Шу йилнинг июль ойида Тошкент музейи ўзининг илк ташрифчиларини Романовский (ҳозирги Шароф Рашидов) кўчасида жойлашган Н.А. Маевнинг квартирасида қабул қилади. Николай Маев - рус ёзувчиси, журналист, генерал-майор. Ўша вақтда у “Туркестанских Ведомостях” газетаси бош муҳаррири эди. Шу боис матбуотдаги чиқишлари ва ташкилий ишлари билан музей ривожига ҳисса қўшган.

Николай Александрович Маев (Манбаа: Википедиа)
Ҳозирга қадар музейнинг номлари тарихий, сиёсий ва тармоқлашув сабабларига кўра бир неча бор ўзгарган. Масалан, Тошкент музейи номи бутун ўлка тарихини англатмас эди. Шу сабабли бу музей “Туркистон халқ ўлкашунослик музейи”(1918-й), “Ўрта Осиё Бош музейи”(1922-й), “Марказий тарих ва инқилоб тарихи музейи”(1933) ва шу каби кўплаб номлар остида қайта ташкил этилган. 1992-йилдан бошлаб эса ҳозирги ном билан атала бошланган. Илк музей сифатида ушбу илмий муассаса кейинчалик кўплаб музейлар учун мактаб ва манбаа вазифасини ўтади. 1930-йилда илк бор Ўрта Осиё табиат ва ишлаб чиқариш кучлари музейи ушбу музейдан ажралиб чиқди. Мустақиллик даврида ва ундан олдин асос солинган 100 га яқин музейлар ушбу музей фондларида сақланаётган экспонатлар ва маъумотлар асосида тўлдирилди. (Ушбу маълумотлар Б.Р.Ходжаевнинг “Ўзбекистон тарихи давлат музейи тарихи ва замонавий ривожланиш тамойиллари” ПҳД десертациясидан олинди.)
Нега музей реконструкция қилиниши керак эди?

Ҳозир Ўзбекистон тарихи давлат музейи жойлашган бино 1970-йилда қурилган бўлиб, модернизм даврига оид архитектура ёдгорлиги сифатида моддий, маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган. Аммо узоқ вақт давомида реконструкция қилинмаганлиги сабаб иситиш-совутиш тизими эскирган, фасад қисмидаги мармардан ишланган бадиий безак намуналари ўрнидан кўчиб таъмирталаб аҳволга келиб қолган, бинода имконияти чекланган шахслар учун қулайликлар яратилмаган эди. Шунингдек, музей экспозицияси сўнги бор 2003-йилда янгиланган. Албатта сўнгги 20 йилда юртимиз тарихи учун муҳим фактлар, рақамлар ва артефактлар топилган. Экспозицияни Янги Ўзбекистон ғояларига мос равишда замонавий стандартлар асосида янгилаш албатта муҳим қарор эди. Шу сабаблар туфайли Вазирлар маҳкамасининг 2024-йил 3-июндаги 352-сонли фармойиши билан таъмирлаш ҳамда реконструкция ишлари бошланган.
2026-йилда музейдан нималар кутилмоқда?
“2026-йил Ўзбекистон тарихи давлат музейининг 150 йиллигига мана шундай чиройли таъмирдан чиққан музей сифатида кириб келди музейимиз. Яқин кунларда унинг очилишини эълон қиламиз, таъмирлаш ишлари деярли якунланди, Бу музейнинг янги қиёфаси, тарихий вақеаларнинг янги талқини, янгича ёндошувларига ташрифчиларимиз яқин орада ўзлари баҳо беришади, Шунингдек, янгиланган экспозицияда тарихимизнинг ҳар бир даврига батафсил тўхталади, энг қадимги давр, давлатчиликнинг шаклланиши, биринчи ва иккинчи ренессанс даврлари, хонликлар ва рус истилоси даврлари ҳақида ҳам маълумотлар кенгроқ ёритилган. Шунингдек, 150 йиллик юбилей муносабати билан музейда бир қанча китоблар нашр этилиши режа қилинган. 2026-йилда Ўзбекистон тарихи давлат музейи ҳамюртларимиз ва халқаро ташрифчилар учун ажойиб совғалар тайёрламоқда.” - Жаннат Исмаилова Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори, Тарих фанлари доктори, профессор.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/XmZkaTcoB80" title="150 yoshli O‘zbekiston tarixi davlat muzeyi bu yilochiladimi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>