149 нафар боғча масъулларига жарима қўлланилди
Сирдарё вилоятида давлат мактабгача таълим ташкилотларида гигиена меъёрларига амал қилмаган 149 нафар масъул шахсга нисбатан жами 350 миллион 222 минг сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланилди. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг вилоят бошқармаси маълум қилди.
Мутахассислар ўтказган назорат тадбирлари давомида айрим боғчаларда болалар соғломлиги ва хавфсизлигига дахлдор жиддий камчиликлар аниқланган. Хусусан, кир ювиш хоналарида жиҳозлар носозлиги, шахсий гигиена учун шароитнинг етарли эмаслиги, ҳамширалар томонидан боғча ошхонасида таомлар сифати ва хавфсизлигини баҳолаш учун юритиладиган махсус журнал, шунингдек, ҳар куни боғчага келган болалар ва ходимлар соғлиқ ҳолатини текшириш натижалари ёзиладиган тиббий журналларининг тўлиқ юритилмагани ҳолатлари қайд этилган.
Бундан ташқари, айрим ҳожатхоналарда тозалик воситалари етишмаслиги, гуруҳ хоналарида сув таъминоти узлуксиз эмаслиги, баъзи муассасаларда бактериологик таҳлил натижалари белгиланган меъёрларга жавоб бермаган ҳолатлар ҳам кузатилган.
Ўрганиш жараёнлари вилоят ҳокимлиги, санитария назорати учун масъул тузилмалар ҳамда соҳавий ташкилотлар вакиллари иштирокида амалга оширилди.
Масъул идоралар таъкидлашича, гигиеник қоидаларга бепарво муносабат болалар соғлиги учун жиддий хавф туғдиради. Шу сабабли мактабгача таълим ташкилотларида тозаликни таъминлаш, ходимлар масъулиятини ошириш ва доимий назоратни кучайтириш бўйича қатъий кўрсатмалар берилган.
Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад болалар учун соғлом ва хавфсиз муҳит яратиш, соғлом турмуш тарзига оид маданиятни юксалтириш ҳамда инфекция ва бошқа касалликларнинг олдини олишдир.
– Озгина эҳтиётсизлик ёки масъулиятсизлик нафақат болажонлар соғлиги, балки оилавий хотиржамликка ҳам таҳдид солиши мумкин, – дейди бошқарма бошлиғи Жўрабек Ҳасанов. – Чунки белгиланган гигиеник меъёрларга қатъий риоя қилиш, овқат тайёрлаш ва сақлашда покликни таъминлаш — бола соғлигини муҳофаза қилишнинг асосий шартидир. Бу орқали турли касалликлар ва нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мумкин.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири