14 ноябрь - Тиббиёт ходимлари куни
Бухоро тиббиёти асрий меросига мос ривожланмоқда
Ҳар қандай даврда ўз аҳамиятини йўқотмайдиган ва жамият унга ҳамиша эҳтиёж сезадиган соҳа бу тиббиётдир.
Ушбу соҳа вужудга келган илк манзил ва унга асос солган алломалар тўғрисида турли тахминлар юришига қарамай, кўҳна Бухоро замини унга бешик бўлганини дунё олимлари инкор этмайди.
Зеро, Шарқ уйғониш даврида тиббиётнинг қатор йўналишлари бўйича тадқиқотлар олиб борган, мураккаб бир шароитда кўплаб касалликларни ташхислаш ва даволаш усулларини топган буюк аждодимиз Абу Али ибн Сино қолдирган бой мерос замонавий тиббиётнинг ривожланишига замин яратган.
Кейинчалик Бухорода Амир Абдулаҳадхон (1859-1910) тиббий муассасага асос солди ва уни ривожлантирди.
Ўтган давр мобайнида тиббий муассаса турли номлар билан аталди. Бўлимлар, шифо ўринлари кўпайиб борди. Кадрлар танқислигини бошдан кечирган тиббиётимиз кейинчалик маҳаллий кадрлар ҳисобига тўлиб борди.
Бухоро вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази ташкил топганига бу йил 130 йил тўлди.
Айтиб ўтиш керакки, марказда бир йилда 20 мингдан ортиқ аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш имконига эга 18 та даволовчи бўлим, 250 кишига мўлжалланган маслаҳат поликлиникаси фаолият кўрсатмоқда. Уларда 173 нафар малакали шифокор, 400 нафардан ортиқ ўрта тиббиёт ходими меҳнат қилмоқда. Шу билан бирга Республика ихтисослаштирилган марказлари, Россия, Германия, Италия, Польша, Туркия, Қозоғистон давлатларининг етакчи даволаш муассасалари билан ҳамкорлик ишлари олиб борилмоқда.
- Марказимизда сўнгги йилларда мураккаб тиббий амалиётлар, юқори технологик кам инвазив операциялар олиб бориш кўлами ортди, - дейди марказ бош шифокори, тиббиёт фанлари доктори Абдураҳмон Норов. - Бу ерда 500 дан ортиқ артроскопик, 250 дан ортиқ мураккаб суяк операциялари, хусусан, умуртқа поғонасида 500 дан зиёд амалиётлар муваффақиятли бажарилди. Республика даражасида бажариб келинган қатор нейрохирургик мураккаб операциялар эндиликда марказда амалга оширилаётгани қувонарли, албатта.
Вилоят тиббиётини кадрлар билан таъминлашда тиббий таълимнинг ўрни беқиёс. Ўтган 31 йил мобайнида Бухоро тиббиёт институтнинг биргина даволаш факультетини 5 ярим мингдан зиёд талаба битириб чиқди.
Айнан шунча шифокор вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази базасида ишлаб, кўникма олиб шаклланди. Бунда кафедралар билан ҳамкорлик қилаётган шифокорлар ва профессор-ўқитувчиларнинг хизматлари катта. Бугунги кунда ушбу олий даргоҳни тамомлаган қатор кадрлар нафақат вилоятда, республикада ва ҳаттоки ривожланган мамлакатларда ишлаб, тажриба орттирмоқда.
Марказда тез фурсатда гематология йўналиши бўйича 30 ўринли, суяк илиги кўчириш бўйича жарроҳлик комплекси ишга туширилади. Кардиохирургия йўналишида очиқ юракда барча жарроҳлик амалиётларини бажариш учун сунъий қон айланиш ускунаси олиш режалаштирилган. Буйрак трансплантациясини амалга ошириш бўйича ҳам малакали кадрлар шакллантирилади. Бир сўз билан айтганда, Бухоро тиббиёти асрий меросига мос ривожланиб бормоқда.
Ҳамзабек ТУРДИЕВ,
журналист