Кун тарихи
1873 йил (бундан 148 йил олдин) – Хива кони Саид Муҳаммад Раҳимхон II нинг мамлакатдаги барча қулларни озод қилиш, хонликда қул меҳнатини тугатиш тўғрисидаги фармони эълон килинди. Мазкур фармон хон амалдорлари томонидан дарҳол ижро қилиниб, куллар озод этилди. Хоннинг бу фармонини жарчилар Хива кўчаларида ва хонликнинг бошқа қалъаларида, бозорларида ўқиб, халкка етказдилар. Шундан кейин хонликдаги қулларнинг асосий қисми ватанларига кетиб, хонликда қолганлари эса уйли, ерли, мулкли бўлиб, мамлакатнинг ерли фуқаролари бўлиб қолдилар.
1890 йил (бундан 131 йил олдин) – Россия императорининг фармонига мувофиқ Туркистон божхона округи ташкил этилди. Мазкур идора бевосита Туркистон генерал-губернаторлигига бўйсундирилди. Алоҳида топширикдар амалдори лавозими Туркистон божхона округи бошлиғи лавозимига ўзгартирилди.
1917 йил (бундан 104 йил олдин) – Бутун Туркистон мусулмонларининг биринчи қурултойида ташкил этилган Миллий марказнинг 12 июндаги йиғилишида барча жамият ва уюшмаларнинг Марказий мусулмон депутатлари Шўросига бўйсуниши ҳақида Низом қабул қилинди. Марказнинг мақсади халқнинг энг қуйи қатламлари – мардикор ва деҳқонларга тўлиқ ҳуқуқ бериш ва Туркистон мусулмонларини маданий, илмий, иқтисодий ва ғоявий тарбиялашдан иборат эди.
1943 йил (бундан 78 йил олдин) – уламолар Абдураззоқ Эшон Муҳаммад Алимов, Акрамхон Тозихонов ва Мулла Содиқ Исломов Эшон Бобохон бошчилигида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний марказини тузиш тўғрисида СССР Олий Совети Президиуми раиси номига мактуб жўнатишди.
1946 йил (бундан 75 йил олдин) – актёр, режиссёр, Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев таваллуд топди. У кинода “Шайтанат”даги Асадбек роли билан шухрат қозонган. Унинг ижоди ижтимоий, фалсафий ва ғоявий мазмун ила йўғрилган бўлиб, қаҳрамонлар хусусиятини, ижтимоий муҳит билан муносабатларини, ички дунёси ва кечинмаларини психологик ўткир тарзда талқин этиши билан ажралиб туради.
1994 йил (бундан 27 йил олдин) – Наманган вилоятидаги Мингбулоқ конида ишга солинган биринчи қудуқдан саноат нефти олинди.
2012 йил (бундан 9 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Хорижий кинокомпаниялар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фильмларни кино ва видео тасвирга олиш тартиби тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади.