113 минг 406 нафар сайловчи муддатидан олдин овоз берди
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи сайлов участкаларида сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчилар учун муддатидан олдин овоз бериш 2021 йил 14 октябрь куни бошланган эди. Бу жараён 20 октябрь куни соат 19:00 га қадар давом этади.
Мамлакатимизда тузилган сайлов участкаларида муддатидан олдин овоз бериш вақти соат 9:00 дан 19:00 га қадар, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида эса ушбу сайлов участкалари жойлашган ердаги маҳаллий вақт билан соат 9:00 дан 19:00 га қадар амалга оширилиши белгиланган.
18-19 октябрь кунлари мамлакатимизда ташкил этилган сайлов участкаларида жами 113 минг 406 нафар сайловчи Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида муддатидан олдин овоз бериб, ўзларининг Конституциявий ҳуқуқларидан самарали фойдаланди.
Нурилло НАСРИЕВ,
ЎзА