9 май – Хотира ва қадрлаш куни олдидан жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилояти Шўрчи туман судининг сайёр суд мажлисида туман ички ишлар бўлими пробация гуруҳи ҳисобида жазо муддатини ўтаётган 11 нафар маҳкум муддатидан олдин шартли равишда озод қилинди.
Чори Тоипов жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман судининг 2019 йил 18 мартдаги ҳукмига кўра Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбли, деб топилиб, уч йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Сайёр суд мажлисида унинг меҳнатга ҳалол муносабатда бўлиб, жазо ўташнинг тартиб қоидаларига қатьий амал қилгани, тузалиш йўлига ўтиб, судлар томонидан ўрнатилган тақиқ ва чекловларга тўлиқ риоя этгани, хулқ-атвори яхши томонга ўзгаргани алоҳида эътироф этилди. Туман ички ишлар бўлимининг тақдимномасига асосан, ўталмаган 10 ой 24 кун озодликни чеклаш жазосидан муддатидан олдин шартли равишда озод этилди.
Абдухолиқ Маматқулов жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Пскент туман судининг 2020 йил 8 январдаги ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан айбли деб топилиб, Жиноят кодексининг 45-моддаси тартибида икки йил муддатга барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, иш хақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда уч йил муддатга аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Сайёр судда унинг ҳам белгиланган жазодан тўғри хулоса чиқарганини инобатга олиниб, туман ички ишлар бўлими тақдимномаси қаноатлантирилди. Ўталмаган 1 йил 9 ой 11 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди.
Умумхалқ байрами арафасида жазо муддатидан олдин озод этилган бу каби маҳкумлар билиб-билмай жиноят кўчасига кириб қолганидан пушаймон экани ва содир этган жиноятининг оқибатларини тўлиқ англаб етганини алоҳида эътироф этди.
–Тўрт йил муқаддам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятим учун етти йил муддатга озодликдан махрум этиш жазоси тайинланган эди,–дейди Л. Раджапов. – Бу қилмишимдан чин дилдан пушаймон бўлиб, жазони ижро этиш муассасаси тартиб-қоидаларига қатьий риоя этдим. Соғлигимни ҳам йўқотдим. Янги йил арафасида жиноят ишлари бўйича Сардоба туман суди менга қўлланилган жазони енгилроғи билан алмаштириб, ҳар ойлик ишлаган иш ҳақимдан 15 фоизи миқдорида давлат фойдасига ушлаб қолиш шарти билан ўталмай қолган 3 йил 5 ой 26 кунни аҳлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирди. Мана, одил суднинг қарори билан бугун ўталмаган 3 йил 2 ой 23 кун аҳлоқ тузатиш ишлари жазосини ўташдан муддатидан илгари озод этилдим. Эндиликда бу ишончни оқлаб, тўғри йўлда халол яшашга интиламан.
Сайёр суд мажлисида жиноятининг оқибатларини тўла англаб, ахлоқан тузалиш йўлига ўтган ва жазодан муддатидан илгари шартли озод этилган маҳкумлар арафа кунлари халқимизга хос бағрикенглик билан қилмишлари кечирилгани учун давлатимизга миннатдорлик билдирди. Жамиятда ўз ўрнини топиб, муносиб хулқ-атворда бўлиш ва юртимиз ривожига ўз ҳиссасини қўшишга қатьий сўз берди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА