Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Ботаника институтининг Молекуляр филогения ва биогеография лабораториясида Ўзбекистон флорасидаги эндем ўсимликларининг ДНК баркоди ва банкини яратишга оид давлат дастури асосида илмий изланишлар амалга оширилмоқда.
Фанлар Академияси матбуот хизмати раҳбари Моҳира Жумаеванинг ЎзАга маълум қилишича, лаборатория ходимлари томонидан Омонқўтон танга ўтининг (Hedysarum amankutanicum B. Fedtsch.) Ўзбекистон Миллий гербарийсида (TASH) сақланаётган ягона намунадаги гербарийси баргидан фойдаланган ҳолда ядро ДНКсини сифатли даражада ажратиб олишга муваффақ бўлинди. Эътиборли жиҳати, омонқўтон танга ўти Ўзбекистон ҳудудида учраган, Ўзбекистон Қизил китобида камёблик даражаси “0” сифатида киритилган бўлиб, ядро ДНКси олинган ягона намунадаги гербарий 1913 йилда терилган.
Узоқ йиллар давомида дала тадқиқотларида топилмаган, яъни йўқолиб кетган, деб тахмин қилинаётган турнинг ядро ДНКсини ажратиб олиш ва бунинг учун янги методдан фойдаланилганлиги диққатга сазовор. Мазкур янги методни нафақат “Hedysarum amankutanicum”, балки бошқа йўқолиб кетган ва эски намунадаги гербарийлардан ДНК ажратиб олиш учун ҳам фойдаланиш мумкин.
Ҳозирда ушбу янги методга патент олиш учун Ўзбекистон Республикаси Aдлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигига тегишли ҳужжатлар тайёрланмоқда.
Д.Маматова, ЎзА