103 ёшли бобо узоқ умр кўриш сирини айтди
Фарғона вилояти Бешариқ туманидаги Деҳқонтўда қишлоғида бир хонадон бор.
Фарғона вилояти Бешариқ туманидаги Деҳқонтўда қишлоғида бир хонадон бор. Бу ерда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси 103 ёшли Боратали ота Ҳакимов истиқомат қилади. Хонадон доимо отахон билан суҳбатлашиш ва дуосини олмоқчи бўлганлар билан гавжум. Йўқловчилар дийдоридан отахоннинг қувончи чексиз.
Она юртимизнинг тинчлиги ва осойишталигини асраш учун мардлик ва жасорат кўрсатган боболаримиз хотирасини эъзозлаш, нуронийларни қадрлаш халқимизга хос эзгу фазилатлардан. Мамлакатимизда Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 75 йиллигини нишонлашга катта тараддуд кўрилмоқда. Фарғона вилоятида ҳам бу борада аниқ тадбирлар белгиланган. Шаҳар ва туманларда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари хонадонига бориб, улар ҳолидан хабар олинмоқда.
Инсоннинг 100 ёшдан кўп умр кўриши тангрининг иноятидир. Бунинг замирида соғлом турмуш тарзига амал қилиш, ҳалол меҳнат ва шукроналик ётади. Боратали бобо узоқ умр кўришининг сири ҳам шунда. Қишлоқда 40 йиллик педагогик фаолияти давомида минглаб қайноқ қалбларга маърифат зиёсини сочиб, эзгулик уруғини эккан устоз сифатида улуғланади. Унинг умр йўлларини варақлар эканмиз, устознинг таълим фидойиси, Ватан ҳимоячиси, яшашга иштиёқи баланд инсон эканлигидан ибрат оламиз.
1918 йилда Ҳакимжон оиласида фарзанд дунёга келди. Оиладагилар унга Боратали деб исм берди. Боратали онаси Олтинойдан жуда эрта ажралди. Уни опаси Зебунисо катта қилади. Болалик чоғлари қийинчиликда кечади. У 7 йиллик ўрта мактабни аъло баҳоларга тамомлаб, Қўқон шаҳридаги ўқитувчилар тайёрлайдиган мактабга ўқишга киради. Ўқишни битиргач, 1939 йили Чорбоқтўронғи қишлоғидаги 6-ўрта мактабга математика ўқитувчиси бўлиб ишга қабул қилинади.
Боратали Ҳакимовнинг хурсандчилиги узоққа чўзилмади. У Ватанимиз бошига кулфат тушганда қўлига қурол олиб, жангга отланганлардан биридир. Минглаб ватанпарварлар қатори она Ватан учун жанг қилди. Латвия, Литва, Беларусь давлатларида, Витебск ва Смоленск шаҳарларидаги жангларда қатнашди. Кўксини бир неча жанговар орден ва медаллар билан безаб, халқи, оиласи бағрига қайтди. Урушдан кейин яна ўз меҳнат фаолиятини давом эттирди. Хўжанд давлат педагогика институтининг сиртқи бўлимини тамомлади.
1978 йилгача бўлган меҳнат фаолияти давомида бир неча фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган. Боратали бобо Ҳакимов айни вақтда фарзандлари ва невара-чеваралари қуршовида бахтиёрдир. Чунки у 9 нафар фарзандни тарбиялаб, элга қўшди, 39 нафар невара, 80 нафар чевара, 8 нафар эвараларнинг севимли бобоси.
Асрни қаритган устознинг умр йўлдоши Сорахон ая (Оллоҳ раҳматига олсин) мунис ва меҳрибон аёл эди. Фарзандлар, невара-чеваралар камолида онахоннинг хизматларини, ибратли умр йўлларини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди.
Мустақиллик йилларида Боратали бобо Ҳакимов 1994 йилда “Шуҳрат” медали билан мукофотланди. Фарзандлар, невара-чеваралар қуршовидаги ардоқли бобонинг 100 йиллик юбилейи 2018 йилнинг айни Наврўз байрами кунларида зўр тантана билан нишонланди. Устоз кўп йиллик ҳалол меҳнатлари учун Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси васийлик кенгашининг қарорига асосан “Меҳнат фахрийси” 1-даражали кўкрак нишони билан тақдирланди. Шунингдек, вилоят ва туман ҳокимликлари томонидан пул мукофотлари, қимматбаҳо эсдалик совғалари тақдим этилди.
– Инсон ҳаётида осойишталик қанчалик муҳим ўрин тутишини, айниқса, биз, кекса авлод вакиллари янада теранроқ ҳис этамиз, – дейди Боратали ота. – Негаки, орзу-умидлар фақат тинчлик-хотиржамлик ҳукмрон бўлган жойдагина амалга ошаркан. Баъзан шулар ҳақида ўйлаб, умримнинг ўтган йилларини хотирлайман. Афсуски, айни йигитлик давримиз уруш даврига тўғри келди. Одамларда ҳаловат йўқолган, кун кечириш машаққат эди... Эҳ-ҳе, буни гапиришнинг ўзи жуда оғир. Ундай кунларни киши ҳатто душманига ҳам раво кўрмайди. “Яхши замон инсонни яшартиради”, дейишади. Истиқлол бизга бахтли яшаш саодатини берди, анъаналаримизни қайтарди. Биз, кексалар эндиликда меҳр-оқибатдан, эзгуликдан маънан яшариб юрибмиз. Бугуннинг ёшларига жуда ҳавасим келади. Уларнинг меҳнат қилишлари ва илм олишлари учун барча шароит яратилган. Шу боис навқирон авлод билан суҳбатлашганда, “Буларнинг қадрига етинглар, яхши ўқиб, Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшинглар”, дея панд-насиҳат қилишдан чарчамаймиз.
Боратали Ҳакимовнинг касбига фидойилиги, ватанпарварлиги, ўз умрини ёшлар, келажак авлод, юрт фаровонлиги, Ватан тараққиёти йўлида бахш этган инсон эканлигидан ибрат олса арзийди.
Мамлакатимизда Боратали ота сингари донишманд нуронийлар кўп. Улар билан гурунглашиб тўймайсан киши. Чунки бундай мулоқотларда файз бор, шукрона зоҳир, бугунги улуғ бунёдкорлик амалларидан фахрланиш туйғуси мужассам.