9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Зомин тумани “Дуоба” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги Еттикечув қишлоғида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши фахрийси Холбек бобо Равшановни байрам билан қутлагани Жиззах вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев йўқлаб борди.
Вилоят раҳбари Президентимизнинг Холбек бобо Равшановга шахсан йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди. Давлатимиз раҳбари фармони билан бир марталик 10 минг АҚШ доллари пул мукофотини ҳамда “Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги” юбилей медалини тантанали равишда топширди.
Равшан бобо Холбеков 1943 йилда ҳарбий хизматга чақирилганида 18 ёшли навқирон йигит эди. Украинанинг Харьков шаҳрида қисқа муддатли жанговар тайёргарликдан сўнг II Беларусь фронти таркибида жангга кириб, ярим Европани босиб ўтди.
Оддий аскар Холбек Равшанов 1944 йил Псков шаҳрини душмандан озод қилиш учун бўлган шиддатли жангларнинг бирида душман авиабомбаси портлашидан оғир яраланди. Ҳарбий госпиталда жарроҳлар унинг танасидан анчагина снаряд парчасини териб олгач, яна ўз қисмига қайтди. У фашизм устидан қозонилган ғалабани Югославияда тантана қилди.
[gallery-23247]
Холбек каби навқирон аскарлар урушдан сўнг вайрон бўлган халқ хўжалигини тиклаш учун жуда ҳам керак эди. Шу сабаб, қўмондонликнинг буйруғи билан у Грузияда ҳарбий қисм сафида хизматни давом эттириб, уруш асоратларини тугатишда фаол иштирок этди.
Ва ниҳоят 1948 йилда Холбек Равшанов ҳарбий хизматни тугатиб, уйига – Бахмал туманидаги Беклар қишлоғига қайтиб, жамоа хўжалигида ишлай бошлади. Уйланиб, турмуш ўртоғи Зумрад момо (4 йил муқаддам қазо қилди) билан беш ўғил, тўрт қизни вояга етказди.
1954 йилда Зомин туманидаги ҳозир истиқомат қилаётган Еттикечув қишлоғига кўчиб ўтди. Туғилиб ўсган жойидан бу қишлоққа кўчиб ўтишининг сабаби, у Зомин ўрмон хўжалигида ишга ўтиши билан боғлиқ эди. Ўн йил шу хўжаликда, сўнг Зомин халқ паркида ишлаб, она табиатни қўриқлаш, уни бойитишга катта ҳисса қўшди. Урушда олган орден- медаллари қаторига тинч меҳнат даврида олган давлат мукофотлари ҳам қўшилди. Шу иш жойидан нафақага чиқди.
– Фашист босқинчиларига қарши олиб борилган қонли урушдан тирик чиқиб, фарзандлар ўстириб уларнинг камолини, давлатимиз мустақиллигини, юртимиз ободлигини, элимизнинг фаровонлигини кўриб, халқпарвар ҳамда одил Юртбошимизнинг ғамхўрлик ва эътиборларини ҳис қилиб, доруломон кунларда яшаётганим учун Яратганга беҳисоб шукурлар айтаман, – дейди Холбек бобо Равшанов. – Кейинги 7 – 8 йилда юртимизда катта ўзгаришларни амалга ошириб, халқимиз ҳаётини яхшилаётган, ёшларни қўллаб-қувватлаб, биз каби кексаларнинг иззат-ҳурматини жойига қўйиб, ҳар бир байрамда доимий равишда йўқлаб турган Президентимиздан беҳад миннатдорман, азиз бошлари ҳамиша омон бўлсин.
Холбек бобо Равшановга вилоят, туман ҳокимликлари, прокуратура, Ички ишлар, мудофаа ишлари бошқармалари, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими ва бошқа кўплаб ташкилотлар томонидан ҳам эҳтиром кўрсатилди.
Тўкин дастурхон ёзилиб, вилоят ва маҳаллий санъаткорларнинг, қишлоқдаги мактаб ўқувчиларининг бадиий чиқишлари ҳамда ҳарбийча куй-қўшиқ ва рақслари барча хуш кайфият улашди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари