Инсоннинг билиш иштиёқи, қулайликка эришиш ҳаракати уларни кашфиётлар қилишга ундайди.
Инсониятнинг турмуш-тарзида енгиллик яратиш мақсадида кашф қилинган автомобилларнинг ижобий тарафлари анчагина. Шу билан бир қаторда инсон ҳаётига зомин бўлувчи восита ҳам ҳисобланади. Албатта, бунга автомобил бошқарувчиларининг бефарқлиги ва эътиборсизлиги асосий омиллардан биридир.
Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан 2021 йил ноябрь ойигача бўлган муддатда республика йўлларида содир бўлган йўл транспорт ҳодисалари ҳақида статистик маълумот эълон қилинди.
Унга кўра, йилнинг ўтган 10 ойи мобайнида жами 7 минг 681та ЙТҲ рўй берган бўлиб, уларда 1 минг 964 киши ҳаётдан кўз юмган бўлса, 6 минг 886 киши турли даражада тан жароҳати олган. Берилган маълумотда ЙТҲларнинг ҳудудлар бўйича тақсими, уларни содир этган фуқароларнинг ёши, жинси, ҳодисаларнинг иштирокчилар бўйича таснифи ва ҳодисаларнинг келиб чиқиш сабаблари кўрсатиб ўтилган.
Йўл транспорт ҳодисаларини ҳайдовчилар ёши кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, турли хил ёш тоифасидаги фуқароларни кўришимиз мумкин. Уларнинг орасида энг кўпи, яъни 1 минг 613тасини 23-27 ёш тоифасидаги ҳайдовчилар томонидан амалга оширилган. Энг кўп авариялар 37 ёшгача бўлган ҳайдовчилар томонидан содир этилган. 47 ёшдан катта ҳайдовчилар эса, 10 ой мобайнида 1 минг 106та ЙТҲ содир этган.
Ҳудудлар кесимидаги тақсимотга эътиборимизни қаратсак, энг кўп йўл транспорт ҳодисалари Фарғона вилоятида рўй берган бўлиб, улар 1 минг 173 тани ташкил этади. Шунингдек, Тошкент вилоятида 1 минг 23 та, Тошкент шаҳрида 842 та ЙТҲ содир этилган бўлса, Наманган вилоятида 830 та, Самарқанд вилоятида 825 тани ташкил этмоқда.
ЙТҲларни содир этган иштирокчилар таҳлилида пиёдалар етакчи ўринда яъни 3 минг 441та ҳолат улар иштирокида юз берган. Бундан ташқари, 1 минг 268та ҳодиса болалар иштирокида содир бўлган. 867 та ЙТҲ велосипедчилар иштирокида, 62 таси эса мотоцикл бошқарувчилари натижасида юзага келган.
Йўл транспорт ҳодисалари қандай турдаги йўлларда содир этилгани ҳақида ҳам маълумотлар мавжуд. Унга кўра, транспорт ҳодисаларининг 2 минг 785 таси давлат аҳамиятига молик йўлларда юз берган. Шунингдек, шаҳар йўлларида 1 минг 981та, маҳаллий йўлларда 1 минг 613та ва халқаро йўлларда 1 минг 302 та ЙТҲ содир этилган.
Қайд этилишича, автомобиллар тўқнашувларининг 5 минг 187 таси куннинг ёруғ вақтига тўғри келган бўлса, 2 минг 497 таси тунги вақтларда рўй берган. Шунингдек, йўл транспорт ҳодисаларининг аксарияти, яъни 7 минг 479 тасини эркак ҳайдовчилар содир этган бўлса, 202 таси аёл ҳайдовчилар томонидан амалга оширилган.
Бундан ташқари, ҳодисаларнинг келиб чиқиш сабабларига ҳам ойдинлик киритилган бўлиб, 1 минг 782 та ЙТҲ йўл ҳаракатини нотўғри ташкил этиш ёки йўллардаги носозликлар туфайли рўй берган. Бу ҳолат фоиз кўрсаткичида умумий ҳодисанинг 23,2 фоизини ташкил этади. Шу билан бир қаторда, 1 минг 705 та ҳолатда пиёдалар ўтиш жойи бўлмаганлиги сабабли пиёдаларнинг белгиланмаган жойдан йўлни кесиб ўтиши билан боғлиқ бўлса, 1 минг 221 та ЙТҲ ҳайдовчилар томонидан тезликни меъёрдан ошириб юбориш сабабли содир бўлган.
Файзулло Яҳёев,
ЎзА