“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида тиббиёт соҳасида рақамли технологиялар жорий этилган тиббиёт муассасалари улушини яқин йиллар ичида 100 фоизга етказиш кўзда тутилган. Бундан ташқари тиббий ёрдамга муҳтож аҳолининг 70 фоиз мурожаатларини бирламчи бўғиннинг ўзида ҳал этишга эришилади.
Мамлакатимиз тиббиёт тизими олдида турган бу улкан вазифанинг ижросига катта эътибор қаратилмоқда. Зеро, тиббиётнинг рақамлаштирилиши аҳоли учун бир қатор қулайликларни яратади. Энг муҳими соҳада шаффоф тизим вужудга келмоқда. Тиббий муассасалар ўртасида рақобат муҳити айнан рақамлаштирилган ва давлат суғурта тизими амал қилаётган бирламчи бўғинда айниқса сезилмоқда. Аввалги турнақатор навбатлар, асаб бузилишлар, одамларни сарсон қилиш иллатлари бирин-кетин барҳам топмоқда. Эндиликда, аввало инсон ва унинг манфаатлари олдинги ўринга чиқмоқда. Тўғрида, фуқароларимиз тиббиёт муассасаси остонасидан ўтиши биланоқ, максимал даражада қулайликни сезиши ва давлат эътиборини хис этиши керак.
Бундан 3 йил аввал Президент қарори билан давлат тиббий суғурта тизими Сирдарё вилоятида тажриба–синов ҳудуди сифатида танлаб олиниб, тадбиқ этилган бўлса, бугунги кунга келиб пойтахтда ҳам ушбу механизм сезиларли даражада такомиллашганини кўришимиз мумкин. Масалан, 61 минг нафар аҳолига хизмат кўрсатувчи Учтепа туман тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиника 1 январдан бошлаб давлат тиббий суғурта тизимига тўлиқ ўтди. Бино ушбу тизимга аввало мослаштирилди. Ҳамшира ва шифокор кўриги учун алоҳида хоналар ташкил этилди. Муассасада 21 та тиббий бригада ташкил этилди. Ҳар бир бригадага 1 нафар шифокор, 1 нафар амалиётчи ҳамшира, 2 нафар патронаж ҳамшираси ва патронаж дояси бириктирилган. Ҳар бир бригада ўз ҳудудидаги 2 минг нафар аҳолига хизмат кўрсатади. Давлат эътиборидан, туман ҳокимлиги ва тиббиёт бирлашмасининг яқин ҳамкорлигида амалга оширган саъй-ҳаракатларидан фуқароларимиз мамнун.
Умуман жорий йилнинг 1 январидан бошлаб Тошкент шаҳри тўлиқ давлат суғурта тизимига ўтди. Бу фуқароларга аввало катта қулайликлар яратмоқда. Бемор поликлиникага мурожаат қилганидан сўнг белгиланган вақтда ҳамширага, сўнгра шифокор қабулига учрайди. Ҳеч қандай навбатларсиз, ортиқча оворагарчиликларсиз иши тезда хал бўлади. Унинг касаллиги ҳақидаги маълумотлар базага киритилади ва доимо ундан фойдаланса бўлади. Бу автоматлаштириш ва интеграциялашган тизимнинг самараси.
Тошкент шаҳар бўйича бугунги кунда 72 та поликлиника, 40 та шифохона ҳамда махсус диспанцерлар ҳам янги автоматлаштирилган тизимда ишламоқда.
- Давлат тиббий суғуртаси бу фуқарога керак бўлган тиббий хизматни давлат томонидан маблағ билан таъминлаб берилиши ҳисобланади, - дейди Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси Тошкент шаҳар бўлинмаси бош мутахассиси Моҳира Эргашева. – Фуқарога сифатли, бепул тиббий хизматлар кўрсатилади... (давоми видеода)
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/650c7nnIFn0" title="1 январдан тиббиётда нима ўзгаради?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Жорий йилда шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида ҳам давлат суғурта тизими кенг жорий қилинади. Айтиш керакки, ўтган қисқа вақт ичида ушбу тизим мамлакатимиз ва хорижий давлатларнинг мутахассислари иштирокида такомиллаштирилди ва самарадорлиги оширилди. Кўплаб оғир ётган, ижтимоий ҳимояга мухтож аҳоли қатлами имтиёзли даволанди, дори-дармон таъминотида шаффоф тизим вужудга келди, бунда аҳоли вакилларидан маблағ, яъни, бадал тўлашлари шарт бўлмай қолди. Кўрсатиладиган тиббий хизматлар давлат бюджети ҳисобидан Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан молиялаштирилди.
Муҳими, ушбу тизим учун тиббиёт муассасаларини тўлиқ ахборотлаштиришга эришилди, аҳолининг электрон рўйхати ва беморларнинг маълумотлар базаси яратилди. Тизимдаги поликлиника ва шифохоналар миллий ягона ахборот тизимига уланди, ўзаро ахборот алмашинуви йўлга қўйилмоқда. Илк бор “реимбурсация” дастури амалиётга тадбиқ этилди. Яъни, сурункали ва оғир кечадиган касалликларнинг оилавий шифокор томонидан шакллантириладиган “электрон рецепт” асосида дорихоналардан дори воситаларини бепул бериш ҳамда уларнинг ҳаражатларини жамғарма томонидан қоплаш тизими жорий қилинди.
Янги тизимнинг яна бир ижобий жиҳати давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотлари ўртасида соғлом рақобат муҳити вужудга келишидир. Рақобат бор жойда эса тараққиёт таъминланади, инсонлар учун қулайликлар кўпаяди. Энг муҳими бу каби ислоҳатлардан аҳолининг барча қатламлари бирдек манфаатдор бўлади.
Санжар Тошпўлатов
Аброр Содиқов (видео), ЎзА