Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 июлдаги «Сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари, деҳқон хўжаликлари ҳамда қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғоришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги қарори соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Унга кўра, сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғилаш, дарёлар, каналлар ва бошқа сув объектларидан сув чиқариш воситаларини ўрнатиш ва ишга тушириш юзасидан субсидиялар берилмоқда.
Айни вақтда субсидиялар учун Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқаларини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғилаш ва ишга тушириш бўйича талабгорларнинг манзилли рўйхати ҳудудий ҳокимликлар томонидан тақдим этилмоқда. Ушбу таклифга кўра, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши субсидия учун талабгорлар рўйхатини шакллантиради.
– Сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари ҳамда қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғориш учун юртимизда 1 минг 215 та артезиан қудуқ қазиш мўлжалланмоқда, – дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакили Илҳом Солиев.
– Ҳозирга қадар қазилган артезиан қудуқлар учун 2 миллиард 488 миллион сўм миқдорида субсидия тўлаб берилди. Мисол учун, Жиззах вилоятининг учта туманида 18 талабгорга 831,8 миллион сўм, Навоий вилоятидаги 9 талабгорга 858 миллион, Наманган вилоятининг икки туманидаги 3 талабгорга 360 миллион сўм тўлаб берилди.
Қайд этиш жоизки, бу каби чора-тадбирлар жорий йилда ҳам давом этади. Ҳозирда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоят ҳокимликлари таклифига асосан сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқаларини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғилаш ва ишга тушириш бўйича 2 минг 593 нафар талабгорнинг манзилли рўйхати тайёрланди. Улар томонидан 2 минг 604 дона артезиан қудуғи қазилиши мўлжалланмоқда.
ЎзА