1 июлдан касбий сертификатлаш синовлари учун мурожаатлар қабул қилиш бошланади
Жорий йилнинг 1 июлидан умумий ўрта таълим ташкилотлари педагоглари учун касбий сертификатлаш назорат синовларида иштирок этиш бўйича мурожаатлар қабул қилиниши бошланади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 февралдаги тегишли қарорига мувофиқ, умумий ўрта таълим ташкилотларида педагог касбига биринчи марта ишга қабул қилинган стажёр-ўқитувчилар ҳамда тегишли малака тоифасига эга бўлмаган педагог кадрлар касбий сертификатлаш синовларидан ўтишлари белгиланган.
2026 йил 1 июлдан бошлаб мурожаатлар Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда Давлат хизматлари марказлари орқали қабул қилинади.
Ҳужжатларни топшириш 2026 йил 31 июлга қадар (шу куни ҳам) давом этади. Шунингдек, жорий йилнинг март–июнь ойларида ўтказилган касбий сертификатлаш синовларида 56 баллдан кам натижа қайд этган ёки турли сабабларга кўра иштирок этмаган стажёр-ўқитувчилар ҳам ушбу даврда қайтадан ҳужжат топшириш имкониятига эга.
Мутасаддилар педагоглардан белгиланган муддатларни ўтказиб юбормасликни ҳамда мурожаатларни ўз вақтида расмийлаштиришни сўрамоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА