Имтиёз ва имкониятлар самараси
“Daewoo Textile Fergana” хорижий корхонасида пахта толасининг салкам 45 фоизи қайта ишланиб, ип-калава ҳамда газлама тайёрланмоқда.
Президентимизнинг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида 2014 йилда иқтисодиётимизга жалб қилинган инвестициялар ҳажми 10,9 фоизга ўсгани таъкидланди.Мамлакатимизда қулай инвестиция муҳитини шакллантириш, хорижий инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг мустаҳкам асосларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги ҳамда “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги қонунлари бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур ҳужжатларда хориж сармояларини жалб қилиш шакллари, инвесторларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда ҳимояси кафолатлари белгиланган.
Фарғона вилоятида иқтисодиётнинг етакчи тармоқларида хорижий инвестициялар иштирокида юздан зиёд корхона фаолият юритмоқда. Яратилган имтиёз ва имкониятлар самарасида вилоятга жалб этилаётган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми тобора ошаётир. 2014 йилда хорижий инвестициялар иштирокидаги 24 корхона ишга тушганлиги ҳам мазкур соҳага бўлган эътиборнинг амалий самарасидир. Автомобилсозлик, енгил саноат, қурилиш соҳасида фаолият кўрсатаётган корхоналар маҳсулот сифати ва халқаро талабларга мослиги билан жаҳон бозорида ўз ўрнига эга.
“Daewoo Textile Fergana” хорижий корхонасида пахта толасининг салкам 45 фоизи қайта ишланиб, ип-калава ҳамда газлама тайёрланмоқда.
– Ўзбекистонда хорижий инвесторларга яратиб берилаётган кенг имкониятлар бизни янги лойиҳалар сари ундамоқда, – дейди корхона директори Чой Жонг Жин. – Замонавий технологияларни ишлаб чиқаришга жалб этиш доимий эътиборимизда. Келгусида бу ерда янги лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирмоқдамиз.
Корхона маҳсулотлари Голландия, Бельгия, Португалия, Испания, Италия, Хитой, Япония, Жанубий Корея, Эрон сингари мамлакатларга экспорт қилинмоқда. Ўтган йили корхонада биринчи инвестициявий лойиҳа доирасида 2 миллион доллар қийматидаги замонавий дастгоҳлар, тўқимачилик ускуналари ўрнатилди. Жорий йилда амалга ошириладиган лойиҳанинг иккинчи босқичида 8,5 миллион доллар миқдоридаги инвестиция ўзлаштирилади. Ушбу маблағ, асосан, ип йигириш, тароқлаш сингари ишлаб чиқаришнинг мураккаб жараёнларини янгилашга йўналтирилади.