“Ўзмиллийбанк” журналистлар учун Жиззах вилоятига пресс-тур уюштирди
Жиззахда ташкил этилган ушбу пресс-турда оммавий ахборот воситалари вакиллари “Ўзмиллийбанк” АЖ Жиззах вилояти филиали фаолияти ҳамда банк томонидан молиялаштирилган лойиҳалар билан яқиндан танишди.
Жиззахда ташкил этилган ушбу пресс-турда оммавий ахборот воситалари вакиллари “Ўзмиллийбанк” АЖ Жиззах вилояти филиали фаолияти ҳамда банк томонидан молиялаштирилган лойиҳалар билан яқиндан танишди.
Тадбир иштирокчилари дастлаб вилоятнинг чекка ҳудудларидан ҳисобланган Арнасой туманида бўлиб, 2019 йилнинг сентябрь ойида иш бошлаган 1200 ўринли “Arnasoy Gold Tex” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди.
Маҳаллий тадбиркор томонидан ип газлама ҳамда момиқ текстиль маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил қилиш мақсадида “Ўзмиллийбанк” АЖ вилоят филиали томонидан замонавий ускуналарни олиб келиш учун қиймати 81 миллиард сўмлик лойиҳа тақдим этилган. Натижада, йиллик қуввати 6 миллион 800 минг дона текстиль маҳсулотларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган масъулияти чекланган жамияти фаолияти йўлга қўйилиб, 600 нафардан зиёд қишлоқ хотин-қизлари иш билан таъминланган.
– Корхонамизда фаолият олиб бораётган хотин-қизларнинг 95 фоизи шу ҳудудда яшовчилар ҳисобланади, — дейди корхона бош директори Эркин Ғуломов. – Асосий мақсад ҳам ҳудуд аҳолисини иш билан таъминлаш эди. Ҳозирда 100 турдан ошиқ эко сертификатига эга ип газлама ҳамда момиқ текстиль маҳсулотларни ишлаб чиқараяпмиз. Маҳсулотларимиз асосан Россия Федерациясига экспорт қилинмоқда. Келажакда ишчиларга янада кенг қулайлик яратиш мақсадида корхонамиз қошида ишчиларнинг фарзандлари учун 600 ўринли мактабгача таълим муассасаси ҳамда мактаб қуришни режалаштирганмиз.
Пресс-тур иштирокчилари шунингдек, Жиззах шаҳридаги “KARINA KAYU” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишдилар. Йилига 41 минг нафардан ортиқ беморга тиббий хизмат кўрсатиш имкониятига эга мазкур масъулияти чекланган жамиятига умумий қиймати 4 миллиард сўм бўлган лойиҳа тақдим этилган. “Ўзмиллийбанк” АЖ вилоят филиали томонидан ажратилган кредит маблағлари эвазига, Латвия Республикасида ишлаб чиқарилган “Somatom go/Up (32)” русумли компьютер томографияси, узлуксиз электр манбаси, тиббиёт термографик принтери ва термоплёнка сотиб олинган. Марказга 85 нафар малакали шифокор жалб этилган.
Пресс-тур давомида иштирокчилар замонавий, қулай ва инновацион технологияларга эга, янгидан барпо этилган “Ўзмиллийбанк” АЖ Жиззах вилоят филиалида аҳолига яратилган қулайликлар билан танишди. Филиалда мижозларга қулайлик яратиш мақсадида электрон навбат, жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиш учун универсал амалиётлар зали, универсал касса хизматлари, валюта айирбошлаш шохобчаси, 24/7 тизимда ишловчи банкоматлар ва инфокиосклар фаолияти йўлга қуйилган. Шу боис филиал мижозлари кўлами тобора ортиб бормоқда. Жумладан, айни пайтда 6,8 минг юридик ва 78,9 минг жисмоний шахслар мазкур филиал мижози ҳисобланади.
Навбатдаги манзил Шароф Рашидов тумани, Учтепа қишлоқ фуқаролар йиғинида жойлашган Россия – Ўзбекистон қўшма корхонаси “AAA COMPANY” масъулияти чекланган жамият бўлди. Аҳолига маиший хизмат кўрсатиш соҳасини янада ривожлантиришни ўз олдига мақсад қилган мазкур корхона томонидан умумий қиймати 13 миллиард сўм бўлган лойиҳа тақдим этилган. Банк томонидан ажратилган кредит маблағи эвазига, боулинг маркази ва 3D кинотеатр қурилиб, зарур жиҳозлар харид қилинган. 3D кинотеатр 2 та залдан иборат бўлиб, ҳар бири 50 та томошабинни ўз ичига олади. Айни пайтда мазкур аҳолига маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларида 45 нафар ходимнинг бандлиги таъминланган.
Шуни таъкидлаш жоизки “Ўзмиллийбанк” АЖ вилоят филиали томонидан 2019 йилда,27мижозга АҚШ доллари ва еврода жумладан, Хитой тараққиёт банки, Швейцария банки (Credit Suice), Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) каби хорижий молия институтлари маблағлари ҳисобидан кредитлар ажратилган. Ушбу ажратилган кредитлар асосан импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда аҳолига хизмат кўрсатиш соҳаси учун асбоб-ускуналар сотиб олишга йўналтирилган. Таъкидлаш керакки, ўтган йилда ажратилган кредитлар ҳисобидан жами 2 минг 100 дан зиёд иш ўринлари яратилган.