«Ўзмиллийбанк» лойиҳалар фабрикасини ишлаб чиқади ва амалга оширади
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 30 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” унитар корхонасини акциядорлик жамияти шаклида қайта ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ушбу молия муассасасини янада такомиллаштиришга кенг йўл очди.
Бугунги кунда банк тизимида амалга оширилаётган ўзгаришлар давр талаби бўлиб, у соҳани тубдан ислоҳ қилиш ва эркинлаштириш, барқарор ривожлантириш, тижорат банкларини хусусийлаштириш орқали уларнинг самарадорлиги ҳамда капиталлашув даражасини ошириш, инвестициялаш жараёни ва мамлакат иқтисодиёти равнақида кенг иштирок этишини таъминлашдек устувор вазифаларни ўзида ифода этади.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 30 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” унитар корхонасини акциядорлик жамияти шаклида қайта ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ушбу молия муассасасини янада такомиллаштиришга кенг йўл очди.
ЎзА мухбирининг “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Алишер МИРСОАТОВ билан суҳбати айнан шу қарор ижроси, тизимдаги ўзгаришлар ва режалар ҳақида бўлди.
– Кейинги йилларда барча соҳаларда бўлгани каби банк-молия соҳасида ҳам қатор ўзгаришлар рўй бермоқда, – деди А.Мирсоатов. – Ўзбекистон Республикаси Президенти ва мамлакат ҳукумати томонидан чиқарилаётган фармон ва қарорларда бу жиҳатлар яққол намоён бўлмоқда. Давлатимиз раҳбари яқинда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида ҳам банк тизимини янада ривожлантиришга қаратилган вазифаларни белгилаб берди. Президентимиз 2020 йилдан бошлаб ҳар бир банкда кенг кўламли трансформация жараёнлари амалга оширилишини, бу борада банкларнинг капиталлашув, ресурс базаси ва даромадлилик даражаси оширилишини алоҳида қайд этди.
Банк тизимида тадбиркорларни қўллаб-қувватлайдиган “Лойиҳалар фабрикаси” фаолиятининг йўлга қўйилиши эса банк ва мижоз ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлайди. Ушбу талаблардан келиб чиқиб, “Ўзмиллийбанк” АЖ зиммасига ҳам бир қатор вазифалар юклатилди. Ўзбекистон иқтисодиёти учун аҳамиятли бўлган йирик корхоналарни, янги ишлаб чиқариш тармоқларини шакллантириш, уларни бутунлай янги тизимда молиялаштириш, ҳудудлардаги энг истиқболли ва давлат-хусусий шерикчилик асосидаги лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш шулар жумласидандир.
Президентимизнинг 2017 йил 13 ноябрдаги "Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Мазкур ҳужжат молия муассасамизни ҳар томонлама ривожлантиришда ўзига хос даврни бошлаб берди. Хусусан, мижозлар маблағларини жалб қилиш учун 31 турдаги, юридик шахслар учун 10 турдаги ва жисмоний шахслар учун 21 турдаги муддатли ва жамғарма омонатлари таклиф этилди. Мижозлар учун банк томонидан индивидуал шарт-шароитлар яратилди. Натижада бугун банк ва мижоз ўртасида ўзаро ишонч пайдо бўлди. Банклар фақат мижоз учун хизмат қилиши керак, деган тушунча оммалашди. Албатта, бу банк фаолиятидаги очиқлик ва шаффофликдан далолат беради.
– Президентимиз қарори билан қайта ташкил этилган акциядорлик жамияти шаклидаги банк фаолиятида қандай ўзгаришлар бўлмоқда?
– Молия муассасаси фаолиятида доим янгиликлар бўлиши керак. Негаки, у мижоз билан ишлайди, мулоқот қилади, хизмат кўрсатади. Қолаверса, ахборот технологиялари шиддат билан ривожланаётган асрдамиз. Биз мижозларга замонавий хизмат турларини таклиф қилиб, қулайликлар яратиб, улар манфаатини устун қўя олсаккина, бизнинг хизматларимиздан фойдаланади. Акси бўлса, улар бизга мижоз бўлмайди. Негаки, республикамизда банклар сони ҳам ошиб бормоқда. Бу эса биздан рақобатбардошликни талаб этади. Айни шу қизғин жараёнда ушбу қарорнинг қабул қилиниши банкимиз нуфузини оширишга кенг йўл очиб берди.
Қарор ижроси бўйича банкда бир қатор ўзгаришларни амалга ошириш кўзда тутилган. Жумладан, унга асосан Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” акциядорлик жамиятининг таъсисчиси этиб белгиланди.
Банкнинг хорижий кредит линиялари, халқаро капитал бозоридаги ресурслар ва хорижий инвесторлар маблағларини жалб қилиш орқали иқтисодиётнинг устувор секторларидаги йирик инвестицион лойиҳаларни молиялаштиришдаги имкониятлари янада кенгайди. Шунингдек, банк хизматлари кўрсатиш сифати ва тезкорлигини ошириш учун инновацион банк маҳсулотларини жорий этиш, аҳолига чакана банк хизматлари кўрсатиш тизимини ривожлантириш ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига молиявий маслаҳатлар бериш ва ахборот кўмаги кўрсатиш жараёнлари тезлаштирилди.
"Ўзмиллийбанк" АЖ фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган ҳамда трансформация жараёнларини ўз ичига олган банкнинг 2020-2023 йилларга мўлжалланган узоқ муддатли ривожланиш стратегияси ишлаб чиқилди.
Банкдаги янгиланишлар инсон капиталини ривожлантиришга хизмат қилади. Яъни, истеъдодли ёшлар учун жозибадор иш муҳити ва шароитлар яратиш, лидерлик тизимини ривожлантириш, натижадорликнинг ўсиши ва рақобат мотивациясини таъминлаш, жамоа ва шахсий муваффақият мувозанатини сақлаб қолиш, банкнинг корпоратив маданияти ва қадриятларини инновацияларга асосланган ҳолда рағбатлантириш ва жамоавий ишларга эътибор бериш муҳим ҳисобланади.
– Банк-молия академиясини «Ўзмиллийбанк» АЖ тасарруфига ўтказиш, банкни академиянинг таъсисчиси этиб белгилаш юзасидан Президентимиз қарори қабул қилинди. Унда хорижий ҳамкорлар билан биргаликда 2020-2025 йилларга мўлжалланган академияни ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Ушбу ишлаб чиқиладиган концепциянинг асосий ғоя ва моҳияти академия фаолиятида қандай янгиликларни бошлаб беради?
– Мазкур ҳужжат билан Ўзбекистон Банк-молия академиясининг ягона таъсисчиси “Ўзмиллийбанк” АЖ бўлди ва асосий мақсад қилиб Банк-молия академияси негизида банк менежментининг ўрта ва юқори бўғини учун малакали мутахассислар тайёрлайдиган замонавий олий таълим муассасасини яратиш вазифалари белгилаб берилди.
Банк-молия академияси фаолиятининг ривожлантирилиши мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларда лидерлик, профессионаллик ва рақамли кўникмаларни ривожлантириш, мижозларга хизмат кўрсатиш сифат даражасини ошириш учун қўшимча имкониятлар яратади. Етакчиликка интилиш банкни доимо олға ундайди.
Банк халқаро миқёсда эътироф этилган "Сбербанк" корпоратив университети, "Газпромбанк"нинг Иқтисодиёт ва банк бизнеси бўлими (МДХАИ тузилмасида), Лондон бизнес мактаби каби таълим муассасалари билан ҳамкорлик ўрнатган. Бутун банк тизими учун ходимлар тайёрлаш Банк-молия академияси ўз олдига қўйган устувор вазифа бўлиб қолади. Бу йўналишда кучларни бирлаштирган ҳолда, таркибида йирик тижорат банклари ҳамда молиявий институтлар вакиллари бўлган Кенгаш ташкил этилади.
Самарали ўсишнинг асосий омили бозор ва мижозлар талабидаги ўзгаришларга аниқ жавоб қайтариш саналади. Банк кибер фирибгарликка қарши самарали тизимни ишлаб чиқмоқда. IT инфратузилмасининг янги авлодига инвестиция киритиш орқали банк мижозларига "филиалга боғланмаган ҳолда" хизмат кўрсатиш имконини берувчи ягона операцион платформани яратишни мақсад қилган.
Янгиланган ривожланиш стратегиясининг фаолиятга кенг татбиқ этилиши банкка бизнес кўламини кенгайтириш, аҳоли ва тадбиркорлар учун энг яхши банк хизматларини тақдим этган ҳолда даромадлилик даражасини ошириш имконини беради.
– 2020 йилда банкларни хусусийлаштиришга асосий эътибор қаратилади. Бу жараёнда амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳоли ва мижозларга қандай қулайликлар яратади?
– Ўзбекистон ҳукуматининг банк секторидаги ислоҳотлари давлат банкларининг маълум бир қисмини хусусийлаштириш орқали уларнинг банк секторидаги активлари концентрациясини камайтириш ва рақобатни кучайтиришга қаратилган. Давлат банклари депозит бозорида, ички ва халқаро капитал бозорларида молиялаштиришнинг бозор манбаларига ўтиш орқали имтиёзли кредитлаш ҳажмини камайтириши, шунингдек, хорижий сармоядорларга ўз акцияларини сотиши мумкин бўлади.
Банкларнинг хусусийлаштирилиши орқали улар орасида соғлом рақобат муҳити шакллантирилади. Банкларнинг мижозлар сегментацияси учун рақобатлашиши уларнинг хизмат кўрсатиш сифати ва тезлиги ошишига, фаолият жараёнига инновацион технологиялар жорий қилинишига ва янги банк маҳсулотлари яратилишига хизмат қилади. Жумладан, банк хизматлари кўрсатилишида рақамли технологияларнинг жорий қилиниши аҳоли ва мижозларга банк хизматларидан исталган вақтда 24/7 режимида фойдаланиш имкониятини яратади.
– 2019 йилда «Ўзмиллийбанк» АЖ аҳоли ва истеъмолчиларга қандай хизмат турларини таклиф этди? Бу йилги режалар қандай?
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 мартдаги "Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижроси ва аҳолига кўрсатиладиган хизматларнинг сифат ва самарадорлигини ошириш бўйича банк томонидан режали тадбирлар амалга оширилди. 2019 йил давомида жисмоний шахслар омонатлари ҳажмининг ўсиши 37 фоизни, яъни 1 триллион сўмни ташкил қилиб, 2020 йил 1 январь ҳолатига ушбу кўрсаткич ҳажми жами 3,7 триллион сўмга етди.
Янги турдаги банк хизматлари ва маҳсулотларининг ишлаб чиқарилиши ва жорий этилиши омонатларнинг умумий ҳажмида узоқ муддатли омонатлар улушини икки баробар ошириш имконини берди. Банк хизматлари кўрсатишда ихчам шохобчалар орқали истеъмол кредити бериш такомиллаштирилиб, кредитларни чакана савдо жойларида олиш имкони яратилди.
Банк доимий равишда молиявий ҳолатни мустаҳкамлаш, ишончлилик ва рақобатбардошликни ошириш мақсадида кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш бўйича иш олиб бормоқда. Мижозларнинг банк хизматларидан қониқиш даражасини ҳисобга олиш механизмлари жорий этилди.
Мижозлар оқими юқори бўлган банк филиалларида яна бир кулайлик – "электрон навбат" механизми йўлга қўйилиб, банк иш жадвали мижозлар эҳтиёжларига мос равишда белгиланди ва 24/7 тизимида масофадан хизмат кўрсатиш кўлами кенгайтирилди.
Мижозларнинг банк ҳисобларини масофадан туриб бошқариш имкониятини яхшилаш мақсадида янги “Ibank” интернет банкинг хизмати ишлаб чиқилди. Шунингдек, юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва жисмоний шахслар учун “Milliy” мобиль банкинг хизмати ҳам йўлга қўйилди.
Аҳолига чакана банк хизматлари кўрсатиш бўйича бир қатор янги хизмат турлари жорий қилиниши режалаштирилган. Жумладан, кредит конвейер – тўлиқ автоматлаштирилган ҳолда скоринг модели орқали кредитлар ажратиш тизими; онлайн кредит – “Milliy” мобил иловасидан фойдаланувчи мижозларга онлайн буюртмалар қабул қилиниб, банкка келмасдан, масофадан туриб кредит олиш имконияти яратилади; Master card эмиссияси – Master card халқаро пластик карточкаларни “Ўзмиллийбанк” АЖ просесинг марказида чиқаришни йўлга қўйиш амалга оширилади.
– «Ўзмиллийбанк» АЖ фаолияти бошқа шу каби молия муассасаларидан қайси хизмат турлари билан ажралиб туради?
– “Ўзмиллийбанк" томонидан бугунги кунда барча турдаги банк хизматлари тақдим қилиниши баробарида, халқаро молия институтлари билан молиявий алоқалар ўрнатиш, қулай шартлар асосида узоқ муддатли маблағларни жалб қилиш, уларни иқтисодиётнинг реал соҳаларига йўналтириш вазифалари ҳам амалга ошириб келинмоқда.
Бугунги кунда банк томонидан таклиф этилаётган хорижий банклар кредит линияларнинг кўплиги, хилма-хиллиги ва нисбатан яхширок шартларда таклиф этилиши унинг бошқа молия муассасалари билан фарқли томонларини намоён этади.
Биргина мисол, 2019 йилнинг ўзида “Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан иқтисодиётнинг ёқилғи-энергетика, транспорт ва алоқа, металлургия ва тоғ-кон саноати каби устувор соҳаларини молиялаштириш мақсадида 647 та лойиҳа учун 2 миллиард АҚШ доллари эквиваленти миқдорида кредит маблағлари ажратилди. Ушбу кредитларнинг 43 фоизи хорижий банк кредит линиялари орқали ажратилган бўлиб, унинг миқдори жами 824 миллион АҚШ доллари эквивалентини ташкил этди.
2020 йилда эса жами кредит портфелини 2019 йилга нисбатан умумий миқдорда 24 фоизга ошириш ва 67 триллион сўмга етказиш режалаштирилган. Бунда хорижий кредит линиялари орқали ажратилиши режалаштирилган маблағларнинг 509 миллион долларини Хитой банклари, 134 миллион долларини Франция банклари, 58 миллион долларини Россия банклари, 50 миллион долларини Япония банклари, 39 миллион долларини Германия банклари, 7 миллион долларини Туркия банклари ва 6 миллион долларини Корея банклари маблағлари ҳамда 15 миллион долларини халқаро молия институтлари (Осиё тараққиёт банки ва Халқаро тараққиёт ва тикланиш банки) маблағлари ташкил этиши режалаштирилган.
"Ўзмиллийбанк" АЖ ҳамда 16 та хорижий банк ўртасида тузилган келишув битимларига мувофиқ, бугунги кунда инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш имконияти таклиф этилмоқда. Шунингдек, яна 2 та хорижий кредит линияларини, яъни Россиянинг "Газпромбанк” ва Кореянинг Экспорт-импорт банки ресурсларини жалб қилиш бўйича банк мутахассислари ва хорижий банк вакиллари ўртасида музокаралар олиб борилмоқда.
"Ўзмиллийбанк" АЖнинг яна бир муҳим ва янги концепцияларидан бири – лойиҳалар фабрикасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш. Бу лойиҳалар фабрикасининг асосий мақсади лойиҳаларни молиялаштириш имкониятларини ошириш, янги лойиҳаларни молиялаштириш ҳисобига мамлакат иқтисодиётининг ўсишига ҳамда банк учун қўшимча иштирокчиларни жалб қилган ҳолда таваккалчиликни камайтиришга эришишдир.
– Банк фаолиятидаги ўзгаришлар, халқаро муносабатлар кадрлар салоҳиятини ошириш масаласини кўндаланг қўймоқда. Банк томонидан бу масалалар бўйича кейинги йилларда қандай амалий ишлар қилинди?
– Бу борада халқаро молия институтлари билан ҳар томонлама ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз. Биргина 2019 йилни оладиган бўлсак, кадрлар малакасини ошириш ва халқаро тажрибаларни ўрганиш мақсадида Россия давлат тараққиёт корпорацияси билан "Молиявий фабрика лойиҳалари" ва "Сбербанк" билан менежерларни замонавий форматда ўқитиш борасида яхши натижаларга эришдик. Бундан ташқари, бугунги кун талаби даражасида мутахассислар билими ва салоҳиятини ошириш бўйича «Abu-Dhabi Islamic Bank»и ҳамда "Райффайзенбанк" билан музокаралар олиб борилди.
Бугунги кунда “Ўзмиллийбанк” 81 та давлатнинг 650 та банки билан вакиллик алоқаларига эга. 2020 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, Европанинг ривожланган давлатлари, Россия, Хитой, Япония каби мамлакатларнинг етакчи хорижий банклари ва давлат молиявий ташкилотлари билан умумий ҳисобда 1,6 миллиард доллар миқдорида кредит линияларини жалб қилиш тўғрисидаги шартномаларни имзолашга эришган.
ЎзА мухбири
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА
суҳбатлашди