“Ўзбек аёллари” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди
Пойтахтимизда бўлиб ўтаётган “Tashkent Book Fest – 2019“ биринчи халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси доирасида “Ўзбекистон аёллари” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Пойтахтимизда бўлиб ўтаётган “Tashkent Book Fest – 2019“ биринчи халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси доирасида “Ўзбекистон аёллари” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Ушбу энциклопедик асар Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан “Ўзбекистон Миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриёти билан ҳамкорликда нашр қилинган.
Аёлни дунёнинг саккизинчи мўъжизасига қиёслашади. Аёл аслида нафақат дунёнинг, балки Яратганнинг асл мўъжизаси ҳамдир. Зеро, аёл борки, ҳаёт бор, тириклик, янгиланиш, яшариш бор. Ҳатто дунёнинг ўша машҳур етти мўъжизаси ҳам, тарихдан яхши аёнки, аёлга атаб бунёд этилган.

Шу маънода, бугун юртимизда хотин-қизларга юксак эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Айниқса, жорий йил 2 сентябрь куни давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонунлари аёлларни эъзозлаш масаласи давлат сиёсати даражасида эканини яна бир карра яққол намоён қилди.
“Ўзбекистон аёллари” китоби “Тарихга муҳрланган аёллар”, “Аёллар давлат бошқарувида”, “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони соҳибалари”, “Ўзбекистоннинг академик аёллари”, “Ўзбекистоннинг олима аёллари”, “Турли соҳаларда фаолият юритаётган аёллар”, “Маданият ва санъат соҳибалари” ва “Ўзбекистон спортчи аёллари” сингари бўлимлардан ташкил топган. Китобга 100 дан ортиқ она Ватанимиз тараққиёти йўлида меҳнат қилаётган етакчи раҳбар устозларимиз, олима, шоира, ўқитувчи, шифокор, спортчи аёлларимиз ҳақидаги маълумотлар киритилган.

Тақдимот маросимида мамлакатимизнинг турли вазирлик ва идораларида фаолият олиб борувчи хотин-қизлар, мазкур китобда номи қайд этилган аёлларнинг бир қисми, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибалари, хорижлик меҳмонлар ва кўргазма-ярмаркага ташриф буюрган китоб ихлосмандлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова очиб берди.
Тақдимот маросими якунида йиғилганларга “Ўзбекистон аёллари” китоби совға қилинди.