«Ўзанга қайтишимиз керак!»
«Юрак иқлими», «Кўнгил китоби», «Борлигини билганлар» каби шеърий ҳамда «Кўнгил обидасига йўл» эсселар тўплами муаллифи.
Гурунглашаман десанг, элда мавзу, шунга яраша суҳбатдош бисёр. Аммо бу вақтнинг ҳавога совурилишига тенг бўлмаслиги керак. Ҳар ҳолда ўзини ҳурмат қилган, вақтни олтинга тенглайдиган, умрнинг ғанимат эканлигини англайдиган кишилар учун шундай. Фикри бор зиёлилар суҳбатида бўлишни таъбир жоиз бўлса бир нечта китоб мутолаасига тенглаш мумкин. Айниқса бу улкан ўзанлардан сув ичган истеъдодли шоир Шодмонқул САЛОМ бўлса.
Шодмонқул САЛОМ
1980 йилда туғилган. Термиз давлат университетида таҳсил олган, олий адабиёт курси тингловчиси.
«Юрак иқлими», «Кўнгил китоби», «Борлигини билганлар» каби шеърий ҳамда «Кўнгил обидасига йўл» эсселар тўплами муаллифи.
Ҳозирда «Маънавий ҳаёт» журналида фаолият юритмоқда.
– Мана, бугун Ватан ҳимоячилари куни. Шу фурсатда сиз билан Ватан туйғуси, юртпарварлик кечинмалари тўғрисида суҳбатлашишни лозим топдик.
– Ватан ҳимоячиси дегани жуда улуғ ибора, улуғ калима. Бу сўзни ҳар бир тирик жон ўзидан, ўзлигидан ўтказиши керак. Бир замонда, энди иккинчими-учинчими синфда ўқиётган синглимизга нимадир ноҳақлик қилганимизда, у онамга тақлидан «мен ҳам шу ватан учун юрибман», деганди кўзига ёш олиб. Яъни бу ватан равнақида ҳар бир жоннинг озми-кўпми улуши бор. Бўлиши керак. Бўлмаса ҳозирги савол-жавобимизда маъно бўлмасди.
Юртпарварлик туйғусига келсак... Жуда қониқарсиз даражада юртпарвармиз. Бизда Ватан туйғуси етишмайди. Чинакам фидойилик деган нарса йўқолиш даражасига келди, десам ваҳима қиляпти, деманг.
Заҳматкаш Ойбек «Навоий» романини ёзаётганида қовурмоч талқонни еб, шунга қаноат қилиб ижод қилган экан. Тобора камайиб бораётган кўмирни тежаб, уйни иситаётган аёлига ҳам шу талқондан илиниб, миллат фахри бўлган Навоий тимсолини яратган экан у. Бугун бирор мукофот ёки манфаатдан қуруқ қолса, дунёни бузгудай бўлиб, интернет орқали айюҳаннос соладиган ижодкорлар ҳам йўқ эмас. Ваҳоланки, ёзган асарининг умри ўзидан олдин адо бўлиб кетяпти кўпининг.
Ёки «Халқ қабулхонаси»га тушадиган шикоятларнинг мазмунига қаранг. Мен бу шикоятларга масъул ёки жавобгармасман, аммо ҳис этаман, уларнинг аксарияти шахсий манфаатни кўзлаб йўлланмоқда. «Менга уй керак!», «Менга томорқа керак», «Менга қўшним тинчлик бермаяпти», «Менинг болам ноқис»... ва ҳоказо... Камдан-кам ҳолларда бирор бир ҳудуд ёки жамоа фойдаси кўзланган бу мурожаатларда. Албатта, бу қабулхоналар халқ дардини ўрганиш учун катта ниятда ташкил этилган, бироқ хотининг билан урушиб қолсанг ҳам ҳукуматга шикоят қилмайсан-ку... инсоф дегани зўр нарса...
Яна бир ўта хижолатли воқеа рўй берди жамиятимизда. Ҳар ҳолда мен шундай баҳоладим буни. Олий ўқув юртига кириш имтиҳонлари олдидан олийгоҳлар ректорлари порахўрликка йўл қўймаслик, коррупциянинг олдини олиш учун қасамёд қабул қилдилар. Олий таълим вазирлиги ташаббуси билан амалга оширилди бу иш. Нима бўлганда ҳам порахўрликнинг олдини олишга хизмат қилувчи бу жараёндан келажак авлодни ўйлаб, элга фойда берса бўлди, деб хурсанд бўлиш ҳам мумкин. Аммо бу даражага бориш бизнинг ҳалол ўзбек учун уятли ҳолат эмасми? Демак, порахўрликнинг олдини олиш учун албатта, қасамёд қилиш керак экан-да...
– Ижодкор киши ҳар бир нарсага ўзига хос нигоҳ билан боқади. Сиз оддий одамлар қалбидаги ватанни қандай кўрасиз?
– Оддий одамлар ҳам камайиб кетаяпти, сизга айтсам. Ҳамма билағон бўлди бугун. Оддий деҳқон ё чўпонни ҳам ҳайрон қолдириш мушкул. Бунга унинг бошида ғовлаб кетган ҳисоб-китоби сабаб. Чунки унинг ҳам оддий бўлгиси келмай қолган. У ҳам ўғлини уйлантирганда минг долларлик костюм-шимда кўргиси келади куёвтўрани. Фалон мошинада келишини истайди келиннинг. Шундай қилмаса «эл қатори» бўлмай қолади, гўё. Оддий одамлар қалбидаги ватанга ана шу бодилик, олифталик рахна солаётир. Порахўрликнинг илдизи ҳам, одамларнинг назари оч бўлиб қолишининг сабаби ҳам ана шу оддийликнинг йўқолганида. «Топиш керак, йўқни йўниш керак, борига барака, деб бўлмайди, кам қилмаслик керак!» Кўча тўла автобус, маршрут, такси, аммо машина олиш керак. Кейинги йил уни алмаштириш керак – янгисига, қимматроғига...
Бир мактабда тўртинчи синфда ўқийдиган, ёшига нисбатан яхшигина шеър ёзадиган қизалоқни таништиришди. Қизчанинг битикларидан қувониб, у билан савол-жавоб қилдим. «Орзуинг нима?» «Орзуим шоира бўлиш, кейин... «Зулфия» мукофотини олиш», деди қизча. «Шоира бўлсанг, мукофотни нима қиласан?» дедим энсам қотиб. «Ўқишга имтиёз билан кираман!» деди у фахр ва умид билан. Очиғи, йиғлаворай дедим. Мана бизнинг тарбиямиз қандай бўлиб қолди. У қизалоқ менга: «Мен ҳақиқий, эл дардини кўтарадиган шоира бўламан, халқнинг йўқолган умидини, ишончини қайтариб берадиган катта қалб эгаси бўламан...» деса эди. Қорбобога ҳам, ялмоғиз кампирга ҳам, девлару париларнинг афсонавий маконлари борлигига ҳам ишонмай қўйди болаларимиз. Нега? Чунки биз ишда ҳам, уйда ҳам, чой устида ҳам, ухлашга ётганда ҳам алламбало режалар, ҳисоб-китоблар тузиб ётибмиз. Орзу қилмай қўйдик. Биз ўйлаётган, сўзлаётган, бизни энтиктираётган нарсалар ОРЗУ эмас, режага, кибрга, мунофиқликка қоришиқ совуқ рақамларга ўралган режалар. Дастурхон бошидан тураётганда болаларимизнинг омадини бер, деб сўраяпмиз Яратгандан. «Болаларимга имон бер, инсоф бер, илм-маърифатга йўлдош қил», деб дуо қилмаяпмиз. Аксинча, боламнинг омадини бер, арзон олиб қиммат сотсин, деяпмиз. Пировардида, қалблардан ҳайрат кетиб бораётир... бу ёмон!
Саволдан четлаб кетмадим, деб ўйлайман. Негаки, ватан туйғуси ана шундай покликдан униб чиқишини билишимиз керак. Иккинчи жаҳон уруши даврида, фронт ортида туриб, бор бойлигини ғалаба учун нисор қилган – отамерос тилласини ҳам танк қуйишга беролган миллатнинг авлоди эканимиз эсда туриш керак. Бизнинг томиримизда шундай улуғ элнинг олийжаноб қони оққан ўзан бор. Биз ўзанга қайтишимиз керак!
Шу ўринда муҳим бир гап: Президентимиз 2016 йил декабридан буён бир иборани жуда кўп такрорлади. Бу – Халқ ишончи! Бу сўзларнинг жонкуярлик билан бот-бот айтилиши бежиз эмас. Дорихонага кирган мактаб ўқувчиси ҳам олаётган дорисининг чиққан вақтига қарайди: муддати ўтиб кетмабдимикан? Муддати ўтган бўлиши ҳам мумкин-да!
Менга китоб дўконидан туриб қўнғироқ қиладиганлар бор: «Фалон китобни олмоқчи эдим, муаллифини танийсизми? Бешинчи синф боламга олсам бўладими, зарари йўқми?» «Эй, мусулмон! Китоб дўконидаги китобнинг ҳам зарарлиси бўладими? Зарарли бўлса, уни босиб чиқаришармиди?» деб айтишга эса баъзан асос тополмай қоламан. Ростдан ҳам кафолат бериш қийин бўлган нашрлар ҳам йўқ эмас – тан олиш керак.
Бир танишим Чорсудан кўтара нархда сотилаётган кўйлаклардан учта олибди. Учта олгани учун нархидан минг сўм ўтишини илтимос қилибди. Сотувчи кўнмабди: «Оптом нарх!» Танишимиз уйга келиб қараса, сотувчи учта ўрнига тўртта ўраб бериб юборган экан. Харидор кўп, шошган-да. Эртаси куни танишимиз ортиқча кўйлакни эгасига олиб борибди ва унинг адашганини айтибди. Шунда биласизми, жуда ноёб ҳодиса содир бўлибди. Сотувчи инсофли харидорга ҳайрон боқиб, «Шундай одамлар ҳали ҳам бор экан-да!» деб кўзига ёш олибди. У моли қайтиб келганидан эмас, ноёб инсоний туйғудан лол бўлган. Унинг кўксидан отилиб чиққан садо жамиятимиз кишилари учун нақадар жиддий эслатма, сабоқ. Ахир, ишончсиз яшаб бўлмайди-ку!
Оддий одам қалбидаги ватан деганда бир инсонни эслашим керак. Сурхонда Омон Бозоров деган бир муаллим бор. Бир умр математикадан сабоқ берган. Ўқувчилари республика олимпиадасига чиққан. Юзлаб шогирдлари турли соҳаларда ишлаб келаяпти. Фарзандлари ҳам илмли кишилар. Чиндан ҳам ҳурматга лойиқ одам. Шу кишини камида ўн марта матбуотда ёритиш учун рухсатини сўрадим. «Шогирдларингиз фахрланади, ёшлар сиздай бўлишга интилади», дедим. Аммо у киши кўнмади. «Интиладиган шундайга ҳам интилаверади. Газетага катта одамлар чиқади. Биз меҳнат қилган бўлсак, ойлигимизни олганмиз, устама олганмиз. Бизни қўйинг, шоир», дейди бу инсон ҳамиша. Ҳар соҳанинг Омон Бозоровлари бўлиши, етишиб чиқиши керак. Ватанни таъма билан севиб бўлмайди. Онага меҳрни иддао қилмайди-ку. Ўша математика билимдонидан «Сиз ватанга муҳаббат деганда нимани тушунасиз?» деб сўраб кўринг. У киши ҳеч бир жимжималарсиз шундай дейди: «Биз бир оддий ўқитувчимиз. Бизга бундай қийин саволларни берманг». Омон Бозоров чиндан ҳам бу саволни қийин, катта, муқаддас савол, деб билади. Танловда иштирок этаётган қизчадай бўлиб, Ватаним, мен сени жуда яхши кўраман, деб сайраб кетолмайди.
– Юрт учун фидо бўлган қаҳрамонларимиз сиймосини ибрат сифатида қай даражада кўрсата олдик, деб ҳисоблайсиз?
– Адабиётимиз, театр ва киномиз, мусиқамиз ватан йўлида фидо бўлган зотларнинг қиёфасини тугал кўрсатиб беролгани йўқ. Бунга барчамиз ҳақдор, қарздормиз. Амир Темурни олинг. Тарихимизда энг катта сиёсий шахс. Амир Темурсиз бисотимиз жуда ғариб. Аммо биз ҳануз шундай муҳташам сиймо ҳақидаги фильмда тепаликдан ёнаётган балонни юмалатиб ўтирибмиз. Яна корейс сериалидаги Жумонгга, турк сериалидаги кимгадир тақлид қилаётган боламиздан хафа бўламиз. Қолганини қўяверинг. Албатта, умид бор. Киночилик соҳасида ҳам туб ўзгаришлар бўлишидан умидвормиз.
Кўз юмиб бўлмайдиган бир ҳақиқат шуки, адабиёт ривожланмаса театр ҳам, кино ҳам, қўшиқчилик ҳам бир жойда депсиниб тураверади. Ғарбга, Шарққа тақлиддан нарига ўтолмайди. Аммо бугун ёзувчи ёки шоирга ўқувчини тутиб туриш осон эмас. Йигирмага яқин телеканал мавжуд. Қанчадан-қанча ижтимоий тармоқлар ишлаяпти. Ўтган асрнинг 70-йилларида йилда бир-икки марта экранга чиққан шоирни ҳамма таниб қоларди. Саноқли газета-журналларнинг бирида асари босилган ёзувчини одамлар билар эди. Бугун замон бошқа. Демак, ижод аҳли ҳам шунга мослашиши керак. Аммо уларга шароит ҳам зарур. Масалан, китоблар адади ошиши керак. Халқ маънавиятига, маърифатига хизмат қиладиган нашрларнинг ададини ўз ҳолига ташлаб қўйиб бўлмайди. «Ўзбекистон адабиёти ва санъати», «Маърифат», «Тафаккур», «Жаҳон адабиёти», «Ёшлик», «Шарқ юлдузи», «Маънавий ҳаёт» каби газета-журналлар ўрнини европа даражасида техникалашиб кетсак ҳам интернет босолмайди. Ахборот билан интеллектуал озуқанинг фарқи борлигини, уларни етказиш усули, шакли бошқа-бошқа эканини тушунишимиз зарур. Президентимизнинг «Ҳар бир вилоятга бир миллион дона китоб етказилиши керак», деган даъватини, топшириғини чинакамига адо этишимиз зарур.
Бироқ қанчалик мушкул бўлмасин, қалам аҳли тамомила бошқача тарзда ўзини намоён этиши керак. Акс ҳолда чинакам адабиёт ўрнини ялтир-юлтир босиб кетади. Ўқувчи эса доим ҳақ. Талаби адолатли.
– Ҳарбий хизматда бўлганмисиз?
– Йўқ.
– Нега?
– Ўқишга кириб қолганман. Қолаверса, ўша пайтлар бу соҳага жиддий қарамасдим. Аммо Сариосиё тоғларида бўлган жангларда ҳалок бўлган аскарларимиз ҳақида эшитиб, уларнинг оиласи билан танишгач ва ҳаётнинг турли товланишларини кўргач, ҳарбийларга ҳавасим ортган. Ҳозир ҳам уларга ҳавас қиламан. Кечаси билан белгиланган маълум нуқтада турасан. Сенинг борлигинг туфайли одамлар осуда ухлаяпти. Тинчлик деган сўз ортида сенинг мардона ҳаётинг турибди. Ҳавас қилса арзийдиган, маъноли ҳаёт. Аммо жуда мушкул, буни ҳис этаман.
– Ижодингизда қандай янгиликлар, қандай асарлар устида ишлаяпсиз?
– Подадан олдин чанг чиқарма, деган гап бор-а... Қилаётган ижодий ишларим ҳам сир бўлсин. Одамлар қўлига етиб борса, кимнингдир кўнглига нур ташлаб ўтолса, сўнг гапирсак бўлади. Муҳими, ёзилаяпти, муҳими – шу!
– Байрам арафасида тилакларингиз...
– Августнинг охирида вилоятга қилган сафардан кечаси соат иккида келдим. Икки-уч бекатча жойга пиёда юрдим. Ёз кечасида мириқиб ухлаб ётган уйимдагилар келганимни сезмади ҳам. Мен ҳам уларнинг қаторига қўшилдим. Нима демоқчиман? Тинчлик, дегани жуда катта давлат. Буни таъмин этиб турган ҳар бир ўғлон муродига етсин. Уйдан кулиб чиқиб кетган аскар ўзига ярашган либосда, мўйлаби сабза уриб уйига омон қайтсин! Қолгани бўладиган гаплар...
Исломжон ҚЎЧҚОРОВ суҳбатлашди
Манба: “Ўзбекистон армияси” журнали