"UNG Petro" МЧЖдан яна бир янгилик
Кузатувлар натижасига кўра, истеъмолчиларнинг "UNG” АЁҚШларида сотилаётган АИ-92 русумли бензиннинг сифати ва нархи ҳақидаги фикрлари ижобий.
Миллий "UNG" бренди остида нефть маҳсулотларини сота бошлаган автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғида импорт қилинган дизель ёқилғиси сотила бошланди, деб маълум қилди "Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамияти матбуот хизмати.
Маълумки, "UNG Petro" МЧЖ республика иқтисодиёти ва аҳолисини сифатли нефть маҳсулотлари билан таъминлаш, АЁҚШларда уларнинг турлари ва сотиш ҳажмини ошириш бўйича фаолиятини яхшилаш мақсадида импорт қилинган АИ-92 бензинини сотувга чиқарган эди.
Кузатувлар натижасига кўра, истеъмолчиларнинг "UNG” АЁҚШларида сотилаётган АИ-92 русумли бензиннинг сифати ва нархи ҳақидаги фикрлари ижобий. Айтайлик, бу марканинг бир литри "Татнефть" ва "Лукойл" ёқилғи қуйиш шохобчаларида 7 200 сўмдан сотилаётган бўлса, "UNG" бренди остидаги АЁҚШларда 6 200 сўмни ташкил қилмоқда.
Айни пайтда "UNG" бренди остидаги АЁҚШларда Европа стандартларига жавоб берадиган импорт қилинган дизель ёқилғисининг 1 литри 7 500 сўмдан сотила бошланди. Шунга ўхшаш ёқилғи тури "Татнефть" АЁҚШларида 7 900 сўм, "Лукойл" АЖ АЁҚШларида эса 8 000 сўмдан сотилмоқда.
"UNG Petro" МЧЖ аҳолини юқори сифатли нефть маҳсулотлари билан таъминлаш ва уларнинг турларини кўпайтириш мақсадида фаолиятини жадал ривожлантиришда давом этади.
Ҳозирда жамият томонидан аҳолига мотор мойларини сотиш бўйича бизнес-режа ишлаб чиқилмоқда. Европа стандартларига жавоб берадиган юқори сифатли мотор мойларини ишлаб чиқаришни ташкил қилиш учун музокаралар олиб борилмоқда. Ушбу мойлар корхона бренди остидаги идишда сотувга чиқарилади. Мотор мойлари АЁҚШлар таркибида қурилиши режалаштирилаётган автоуловларга техник хизмат кўрсатувчи тармоқлар орқали сотувга чиқарилади.