Ўттиз йиллаб кутилган байрам
Ўн йилча бўлиб қолди, бир гуруҳ олимлар, санъаткорлар билан Молдовага бориб, МДҲ мамлакатлари ижодий ва илмий доиралари форумида қатнашган эдик.
Муносабат
Ўн йилча бўлиб қолди, бир гуруҳ олимлар, санъаткорлар билан Молдовага бориб, МДҲ мамлакатлари ижодий ва илмий доиралари форумида қатнашган эдик. Меҳмонхонамиз жойлашган кўча Кишинёв шаҳри қоқ марказида бўлиб, “31 август кўчаси” деб аталар экан. Мен ажабланиб, “Нима, мамлакат тарихида қачондир 31 август куни шунга арзийдиган бирон воқеа бўлиб ўтганми, пойтахтнинг энг катта проспектларидан бирини шундай номлабсизлар?” деб сўрадим. “Ҳа, бу сана биз учун жуда улуғ кун, – деди бизни шаҳар бўйлаб сайр қилдириб юрган мезбонлардан бири. – Чунки 1989 йил 31 августда молдован тили давлат тили деб эълон қилинган!”
Форумдан қайтиб келиб орадан бир-икки ҳафта ўтгач, касб-коримиз тақозосига кўра, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун (молдованлардан икки ойча кейин, 21 октябрь) ташкилот ва муассасаларда ўтказиладиган “тадбир”ларга тайёрланишга киришдик. Одатда, идорадан зўр-базўр иштирок этадиган беш-ўн нафар ходимдан ташқари, зални тўлдириш учун, тиббиёт коллежи ўқувчиларими ё ҳарбий қисм аскарларими чорланар, улар ҳузурида “тилимиз бой ва қадимий...” деган сийқа гапларни ҳар йили такрорлаб (бошқа жиддий масалани уқтириш беҳуда, албатта), дўппи кийган бир-икки ўқувчининг тил ҳақида ёдлаган шеърини тинглаб қайтар эдик. Бундай “нишонлаш” ўттиз йилча давом этди. Уёғини сўрасангиз, шунга ўрганиб ҳам қолгандик.
Аммо ана шу Кишинёв сафаридан кейин юрагимда бир ғашлик пайдо бўлди. Биз ўзбеклар она тилимиз борасида нуфуси ўндан биримизча келадиган молдаванларчалик бўла олмабмиз! Йилда бир марта “Она тили куни”ни эплаб-сеплаб ўтказамиз-да, эртасидан яна ҳамма жойда эски услубда иш юрита берамиз, гўё рус тилини қўллаш – байналмилаллик, ўзбек тилида иш юритиш эса миллатчилик деб қабул қилинади, кимки юрак ютиб, бирон қоғозни ўзбекча ёзиб жўнатайлик, ахир ўзбек тили – давлат тили-ку деса, шаккоклик бўлиб кўринса... Давлат тили ҳақидаги қонун эса қоғозда бор, амалда йўқ нарса эди-да.
Ёдингиздадир, Иккинчи жаҳон урушининг энг оғир бир палласида улуғ шоиримиз Ғафур Ғулом саросимага тушмай, комил ишонч билан “Бизнинг кўчада ҳам байрам бўлажак!” деб ёзган эди. Бугун ҳам, барчанинг диққати бемисл катта муҳорабага – коронавирус офатига қарши курашга қаратилган бир пайтда Президентимизнинг она тилимизга давлат тили мақоми берилган санани Ўзбек тили байрами куни деб эълон қилиш тўғрисидаги қонунни имзолаши моҳият-эътибори билан – келажакка комил ишончнинг намойиши, халқ иродасининг тантанаси бўлди. Бу қонун она тилимизнинг кўчасидаги, ўзбек тили жонкуярларининг, қўйингки, ўзини ўзбекман деб биладиган, шундан фахрланадиган фидойи мардумларнинг кўчасидаги байрамдир.
Рамазон ва Қурбон ҳайити деган диний, Мустақиллик ва Конституция кунлари каби сиёсий, Наврўз ва Янги йил кунлари сингари тақвимий байрамларимиз бор эди. Энди улар қаторига Ўзбек тили байрами деган миллий байрам қўшилди. Маҳмуд Кошғарийнинг, Навоий ва Бобурнинг, Абдулла Қодирий ва Мирзакалон Исмоилий, Миртемир ва Эркин Воҳидов каби улуғ тил фидойиларининг руҳлари шодланадиган, ўттиз тўрт миллионлик ўзбек элининг миллий ҳиссиётлари шодумон бўлиб тантана қиладиган байрам бу!
Тўй қилмасдан – байрам қилиб нишонламасдан ўғлингизни уйлантирмайсиз, қизингизни куёвга бермайсиз. Чунки тўй улар олдига жуда катта масъулият юклайди. Эндиги ҳаётларида шунча одамнинг эътиборида эканини ҳар лаҳза ҳис этиб туришади.
Шу маънода, ўзбек тилимиз давлат тили бўлганини умумхалқ миқёсида байрам қилиб, тўйини ўтказиш гарданимизга катта вазифа ҳам юклайди. Она тилимизнинг чинакам давлат тили бўлиши – Ўзбекистон давлатида барча ишни шу тилда юргизиш деганидир. Ишлаб чиқариш ва технологияни шу тилга ўтказиш, олимлар илмий асарларини ўзбек тилида ёзиши, саноат, кон ишлари, банк ҳужжатлари... тамомила шу тилда бўлади пировардида.
Англияда фабрика инглиз тилидаги технология асосида мебель ясагани, ё бўлмаса, Япония Ташқи ишлар вазирлигида барча ҳужжатлар японча ўйлаб японча ёзадиган одамлар қўлида бўлгани каби энди Ўзбекистонда ҳам барча идоравий ишлар ўзбек тилида юритилади. Аммо баннер ва шиорларни, кўча пешлавҳаларини ўзбек тилига ўтказсак, идорадаги қарор ва буйруқларни ўзбек тилида чиқариб, бошқа ташкилотларга хат-ҳисоботларни ўзбекча юборишга ўтсак, шу билан она тилимиз давлат тили бўлади-қолади десак, ўзимизни алдаган бўлиб қоламиз.
Чунки бу нари борса олти ойлик иш – музтоғнинг сув устидаги кўзга кўриниб турган ўн фоизи, балки бундан ҳам озроқ қисми. Иш юритишни ўзбекча қилиш ва кўча ёзувларини эпақага келтириш эски уйнинг олдини чиройли баннер билан тўсишдай гап. Албатта, биринчи навбатда шундай қиламиз ҳам, аммо ўша баннернинг ортидаги иморатни муҳташам қилиб қуриш – она тилимизнинг мақомини ўрнига қўйиш асосий нарса.
Туркияда турк тили бутун мамлакат тили бўлгани, бошқа тил муҳити ҳукм сурмагани каби Ўзбекистонда ҳам ўзбек тили илм-фан, техника ва технология, қурилиш ва тиббиёт тилига айланиши керак. Яъни, корхона ва ташкилотлардаги иш қоғозлари давлат тилида бўлишигагина эмас, иш жараёнининг ўзи ўзбек тилида амалга ошишига ҳам етиб боришимиз лозим. Ана ўшанда ўзбек тили давлат тилига айланди, десак бўлади.
Ҳозирча бу – орзу. Чунки...
Бир мисол айтай: 2007 йилда Самарқанднинг 2750 йиллиги ва Марғилоннинг 2000 йиллиги нишонланиши олдидан тарихчиларимизнинг бу шаҳарлар ўтмишига атаб битган асарларини она тилимизга ўгирганман. Хайриятки, бу китобларни чоп этган нашриёт андиша қилибди – мутаржим номини кўрсатмай, ўша олимлар ўзбекча ёзгандай қилиб тақдим этибди...
Бошқа аниқ фанлар, техника ва тиббий илмларни қўя туринг, аксар тарихчи олимларимиз ҳам ҳануз ўз она тилида эмас, собиқ валинеъматларининг тилида ёзяпти ёзадиганини! Ўзбек олимларнинг ватанпарварлиги, миллатсеварлиги шу даражада бўлса, бошқалардан ўпкалаш на ҳожат? Демак, иш етарли.
2019 йил 21 октябрь куни Президентимизнинг «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Фармонга биноан 21 октябрь санаси юртимизда «Ўзбек тили байрами куни» деб белгиланди. 2020 йил 10 апрель куни давлатимиз раҳбари “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунни имзолади!
Албатта, бу байрам муносиб нишонланади. Бироқ барча ҳаракат ва тараддудларимиз байрамни қойиллатиб ўтказишга қаратилиб қолмагани яхши. Байрам бор, байрамнинг эртаси ҳам бор, деган мақолдагидек, уни ҳар йили иш якуни сифатида, қолаверса, ўтган ўттиз йил давомида ҳал этилмай, тўпланиб қолган муаммоларни бартараф қилиб, яъни ҳар бир йилда камида уч йиллик вазифани бажариб сўнг байрам қилсак, тўғри бўлади. Ҳар бир ой, ҳар бир чоракда қилинадиган вазифаларни бирин-сирин бажара бориб, она тилимизни чин давлат тилига айлантирамиз. Ана шунда бу байрамнинг, яна бошқа байрамларнинг сценарийси ҳам ўзбекча ёзилади, нафақат “миллий либос”и, балки руҳию равиш-рафтори ҳам ўзбек бўлганлар мамлакатимизнинг энг улкан майдонларида ўзбек миллатининг руҳини кўкларга кўтариб тантана қиладилар.
Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ,
адабиётшунос.