Маҳсулот сифати ва ҳажми ошмоқда
Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳридаги “Велан” Ўзбекистон-Россия қўшма корхонасида туя ва қўй жунидан ишлаб чиқарилаётган пайпоқ, белбоғ ҳамда тўшамалар сифати ва арзонлиги билан харидорларга манзур бўлмоқда.
– Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, ишлаб чиқариш корхоналари салоҳиятини ошириш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор ўз самарасини бераётир, – дейди корхона директори Зинаида Дементьева. – Корхонамизда Қизилқум воҳаси ширкат хўжаликларидан харид қилинадиган жун қайта ишланиб, тайёр маҳсулот ҳолида хорижга экспорт қилинмоқда ва маҳаллий бозорга етказиб берилмоқда. Асосан хотин-қизлар меҳнат қиладиган корхонамизда ишчилар учун барча зарур шарт-шароит яратилган.
50 нафар ишчи меҳнат қилаётган корхонада ўттиз турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда.
Бозор талабини ўрганиш, янги маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш иқтисодиётда барқарор ривожланишнинг муҳим омилидир. Мазкур жиҳатларни инобатга олган корхонада янги ишлаб чиқариш дастгоҳи ўрнатилади. Натижада корхонада тайёрланадиган маҳсулотлар тури кўпайиб, ишлаб чиқариш ҳажми ва экспорт салоҳияти ошади, янги иш ўринлари яратилади.