Қўшработдаги лаванда плантацияси дунёда тенгсиз бўлади
Ҳа, бу муболаға ёки шунчаки гап эмас. Қўшработ туманида суғорилмайдиган 1,5 минг гектар лалми ерда фаолият бошлаган “ALIHAN ORGANIC AGRO LLC” хорижий корхонасининг қатъий мақсади шундай.
Ҳа, бу муболаға ёки шунчаки гап эмас. Қўшработ туманида суғорилмайдиган 1,5 минг гектар лалми ерда фаолият бошлаган “ALIHAN ORGANIC AGRO LLC” хорижий корхонасининг қатъий мақсади шундай.
– Бизнинг корхонамиз таъсисчиси Туркиядан, мен ўзим Қирғиз республикасиданман, – дейди корхона иш юритувчиси Давронбек Ҳакимов. –Мутахассисларимиз, шу соҳада ишлайдиган кишилар билан келиб бу ернинг иқлим шароити, тупроқ таркибини ўрганганимиздан сўнг, имконият борлиги учун Қўшработда шу ишни бошладик. Ва бу орқали Гиннес рекордлар китобига ҳам кирмоқчимиз. Чунки, парфюмерия саноати учун қимматли бўлган лаванда ёғини Франция, Туркия ва бошқа давлатларда ишлаб чиқариш учун плантациялар ташкил этилган бўлсада уларнинг энг каттаси 300 гектаргача майдонни эгаллаши мумкин. Бу ерда эса яхлит 500 гектар майдонда лаванда етиштирмоқчимиз. Яқинда Франциядан мутахассислар келиб, биз мўлжаллаган ернинг ҳолати, тупроқ таркиби ва энг муҳими, ҳеч қандай кимёвий ўғит ишлатилмаганини ўрганиб, «органик» деган халқаро сертификат ҳам беришди. Бу маҳсулотни экспорт қилиш учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ дегани. Жорий йилда 110 гектар майдонда 1 миллион туп лаванда кўчати экдик ва унинг асосий қисми униб чиқди. Яқин уч йилда белгиланган 500 гектар майдонда тўлиқ лаванда парваришлашни бошлаймиз.
Мутахассиснинг таъкидлашича, лаванда ўсимлиги сувсизликка чидамли бўлиб, суғоришни талаб қилмайди. Йил давомидаги ёғингарчилик ушбу ўсимликни етиштириш ва сифатли маҳсулот олиш учун кифоя. Муҳими, бир марта экилган лавандадан эллик йил давомида ҳосил олиш мумкин.
– Бу йил ўсимлик қатор ораларини бегона ўтлардан тозалаб турамиз ва бунинг учун махсус техникаларимизни олиб келганмиз, – дея сўзида давом этади Д.Ҳакимов. – Кейинги йилдан эса лаванда мустаҳкам томир отиб олгач, бу ерда бошқа ўт ўсмайди, ҳар хил ҳашаротлар ҳам учрамайди. Ўзидан хушбўй ҳид таратиб туради бу ўсимлик. Уч йилдан кейин қатор ораларида бошқа экин ҳам экиб олиш мумкин. Лекин бунга зарурат бўлмайди. Сабаби лаванда гулидан олинадиган ёғнинг бир литри дунё бозорида 20 доллардан 100 АҚШ долларигача баҳоланади. Бундан ташқари гули ва баргидан чой ҳам тайёрлаш мумкин. Асаларичиликни йўлга қўйса бўлади ва бу режамизда бор. Асосийси, маҳсулотнинг харидори аниқ, буюртмачилар жуда кўп. Ҳосил махсус комбайнда териб олинади. Уни шу ерда қайта ишлаш учун цехларни ҳам олиб келамиз.
Айни пайтда хорижий корхона вакиллари ўзлари учун ажратилган майдонда четдан келтирилган, сувсизликка чидамли ошқовоқ уруғини экмоқда. Бу маҳсулотнинг уруғини саноат усулида қайта ишлаб, доривор восита ва озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрлаш йўлга қўйилар экан.
Бундан ташқари жорий йил кузда 150 гектар майдонда бодомзор ташкил этиш учун кўчатлар келтирилиб, парваришланмоқда. Корхона раҳбарининг айтишича, ушбу бодом ниҳоллари бугунги кунда Европа ва Америка давлатларида харидоргир бўлган бодом навидан тайёрланган.
Ҳозирда 50 нафарга яқин жўшликлар иш билан таъминланган корхона фаолияти кенгайган сари иш ўринлари ҳам кўпаяди. Мавсумий ишларга ҳам 150-200 киши жалб этилади.
Айтиш мумкинки, бир пайтлар фақат яйлов сифатида фойдаланилган ёки умуман фойдаланилмаган Қўшработ ерлари яқин йилларда чамандек яшнаб турадиган экин майдонларига, боғларга айланади.