Қўшма лойиҳа амалга оширилади
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов Корея халқаро ҳамкорлик агентлигининг (KOICA) Ўзбекистондаги офиси вакиллари билан онлайн учрашув ўтказди.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов Корея халқаро ҳамкорлик агентлигининг (KOICA) Ўзбекистондаги офиси вакиллари билан онлайн учрашув ўтказди.
Учрашув давомида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги ҳамкорлигида яратилган “Сирдарё вилоятидаги аҳолининг заиф қатламини қўллаб-қувватлаш дастури” лойиҳасини амалга ошириш бўйича меморандум имзоланди.
Вазир мазкур дастур орқали Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманлари аҳолиси ҳар томонлама керакли барча ёрдамни олиш имкониятига эга бўлиши мумкинлигини алоҳида мамнуният билан таъкидлаб ўтди.
Лойиҳа доирасида Оқолтин, Сардоба ва Мирзаобод туманларида 2 та йўналиш асосида 3 та “Маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш маскани” ташкил этилиб, ҳудудлардаги эҳтиёжманд аҳоли қатламлари муаммоларини аниқлаб, уларга малакали мутахассислар ва психологлар орқали манзилли бепул ёрдам кўрсатилади. Шунингдек, ўқув курсларида табиий офатдан зарар кўрган 300 нафар аҳоли вакили компьютер дастурлари ва пазандачилик бўйича зарур кўникмаларга эга бўлади.
Лойиҳани вазирлик билан ҳамкорликда амалга ошириш учун юртимизда кўп йиллардан бери фаолият юритиб келаётган, халқаро грант лойиҳаларида ишлашда тажрибага эга Республика “Istiqbolli avlod” ижтимоий ахборот марказининг Сирдарё вилоят бўлими танланди. Марказ билан ҳамкорликда лойиҳанинг иккинчи компоненти – антисептик воситаларини ўз ичига олган 10 минг дона қутини аҳолига тарқатиш, маҳалла ходимлари билан уларнинг касбий малакасини ошириш бўйича тренинглар ташкил этиш, ҳудудларда аҳоли билан ижтимоий ишлар олиб бориш таъминланади.


