Қўшиқлари тирик хонанда
Анна Герман тақдирнинг оғир синовларию зарбаларини, кутилмаган имтиҳонларини меҳнату машаққат, тинимсиз ижод билан муносиб тарзда енгиб ўтган бетимсол овозли хонанда эди.
Анна Герман тақдирнинг оғир синовларию зарбаларини, кутилмаган имтиҳонларини меҳнату машаққат, тинимсиз ижод билан муносиб тарзда енгиб ўтган бетимсол овозли хонанда эди.
Пойтахтимиздаги “Туркистон“ саройида унинг репертуаридаги қўшиқлардан иборат концерт бўлиб ўтди. Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон давлат филармонияси, Польша аёллар лигаси, ушбу давлатнинг мамлакатимиздаги элчихонаси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилди.
– Жорий йилда “Шарқ тароналари“ халқаро мусиқа фестивалида иштирок этган чоғимизда ўзбекистонликларнинг санъатни нечоғли қадрлашига гувоҳ бўлгандик, – деди Польша аёллар лигаси раҳбари, Анна Герман қўшиқлари халқаро фестивалининг директори Альдона Михаляк. – Ҳозирги кунда Анна Герман қўшиқлари халқаро фестивали Польша, Россия, Беларусь Республикасида муваффақиятли ўтказиб келинмоқда. Олти йилдан буён ўтказилувчи ушбу фестиваль мусиқа ихлосмандларида катта қизиқиш уйғотмоқда. Хонанда доимо ўзи туғилган замин Ўзбекистонни, Урганчни қалбда ҳаяжон билан ёдга олар эди. Унинг қўшиқларини шунчаки, юзаки куйлаб бўлмайди. Менингча, бу хонанданинг самимияти, санъатга бўлган ҳалол муносабати билан бевосита боғлиқ бўлса керак.
Дўстлик, маданият ва санъатни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи ушбу концертда Польша, Россия, Қозоғистон ҳамда ўзбекистонлик хонандалар Анна Герман қўшиқларини ижро этди. Ўзбекистон давлат филармонияси қошидаги Миллий симфоник оркестрга эса польшалик мусиқачи Томаш Лябун дирижёрлик қилди.
Она, Ватан, меҳр-муҳаббат, садоқатни тараннум этувчи қўшиқлар томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинди.