Қўрқма, сен зулмдан кучлисан!
Ҳимоя ордери нима? Мазкур ҳужжат зўравонликка учраган аёлларга қай тартибда берилади? Ҳимоя ордери берилган аёл қандай ҳуқуқларга эга? Унинг ҳимояси учун ким масъул?
Машҳура турмуш ўртоғи билан 13 йил яшади. Унинг сўзларига кўра, эри унга доим “қўл кўтарган“, камситиш ҳолатлари кўп учраган.
Болалиги болалар уйида ўтган Машҳура фарзандлари учун азобларга чидашга ҳаракат қилди. Аммо сабрнинг ҳам чегараси бор дейишади...
Лекин ҳақиқий даҳшат у эрининг уйдан кетганидан кейин бошланган.
– Ҳатто эшикни очишга қўрқардим, чунки у шу яқин-атрофда, уйим олдида эканини билардим. Унинг менга ва болаларимга тан жароҳати етказган вақтлари кўп бўлган. Шу қўрқувлар исканжасида қолгандим. Эшикни очишим билан менга ташланиб қолиши мумкин, деган хавотир кучли эди. Чунки у менга дўқ қилар, қўрқитар: “Сени ўлдираман, сўйиб кетаман“, дерди.
Ҳар куни маст эркак у яшаб турган ижара уй эшигини бузиб киришга уринар, лекин ҳар сафар жарима тўлаш билан қутулар эди. Икки йилни Машҳура шу тариқа, деярли уйдан чиқмай ўтказди...
Машҳураники каби тақдир соҳибалари орамизда кўпчиликни ташкил қилади. Айниқса, ўзбекчиликда ўз оиланг сирини кўчага олиб чиқма, каби қарашлар мавжуд бўлиб, кўп ҳолларда оилавий тазйиқлардан жабр кўрганлар касални енг ичида “яшириш”га ҳаракат қилади.
Хотин-қизлар масалалари бўйича мутасадди раҳбарлардан бири айтган эди: “Аёлларни биз эмас, улар аввало ўзларини ўзлари ҳимоя қила олиши лозим. Ўз ҳақ-ҳуқуқини яхши англаб етган аёл тазйиқлардан ҳам қонун орқали ҳимояланишни теранроқ тушуниб етади”.
Мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни турли тазйиқлардан ҳимоя қилиш бўйича кўплаб чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.
Ҳимоя ордери нима? Мазкур ҳужжат зўравонликка учраган аёлларга қай тартибда берилади? Ҳимоя ордери берилган аёл қандай ҳуқуқларга эга? Унинг ҳимояси учун ким масъул?
Саволларимизга Ички ишлар вазирлиги масъул ходими, подполковник Нилуфар Ғиёсова жавоб беради:
– Хотин-қизлар тазйиқ ё зўравонликка учрагани ҳақида ўз вақтида мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Қандай қилиб дейсизми? Эндиликда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи аёл ўзига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилгани ёки уларни содир этиш таҳдиди тўғрисида ариза билан тегишли ваколатли органлар ҳамда ташкилотларга ёхуд судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, улар махсус марказларда, ишонч телефони орқали бепул ҳуқуқий маслаҳат олади. Ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш, ички ишлар органларига ҳимоя ордери бериш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилишга ҳақли.
Ҳимоя ордери қайсидир маънода аёлнинг кафолатидир. Жабр кўрган аёл ёки бу ҳақида хабардор бўлган учинчи шахс – жамоатчилик, иш жойларидаги фаоллар, раҳбарлар, маҳалладаги хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассис, қўшни, қариндош ва бошқалар яшаш ҳудудидаги ҳуқуқ тартибот органларига ариза билан мурожаат қилади. Вазиятни ўрганиб чиқиш учун белгиланган вақт 24 соатдан иборат. Зўравонлик ҳолати тасдиқлангач, 30 кун муддатга юридик кучга эга бўлган ҳужжат –ҳимоя ордери берилади.
Профилактика инспектори ҳуқуқбузар билан суҳбат ўтказади, ноқонуний ҳатти-ҳаракатлар сабаблари билан танишади, шахснинг зўравонликка мойил хулқ-атворини ўзгартиришда унга руҳий ва ижтимоий ёрдам кўрсатилади.
Ҳимоя ордери тазйиқ ўтказган ёки зўравонлик содир этган шахснинг жабрланувчи билан алоқада ва бир хонада бўлишини таъқиқлайди. Жабрланувчи бошпана беришини сўраган ҳолда ваколатли орган ва ташкилотлар томонидан уни махсус марказларга жойлаштириш таъминланади.
Агар белгиланган муддат ичида хавф бартараф этилмаса, жабрланувчининг аризасига биноан ордер яна бир ойга узайтирилади. Зўравонлик содир қилган шахс томонидан яна тан жароҳати етказилса, унга нисбатан жиноят иши очилади.
Мазкур ҳужжат нафақат аёлларни, балки вояга етмаган болаларни ҳам ҳимоялайди. Умуман олганда, қабул қилинган қонун ҳамда давлатимиз томонидан амалга оширилаётган бу каби тадбирлар жамиятда, турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ва бошқа жойларда хотин-қизларга бўлган ҳурматни ошириш, тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.
Зўравонлик қурбонлари қонун билан ҳимояланганларини ҳис қилиши уларга қимматли руҳий рағбатни бериши, кўнглини кўтариши мумкин. Шундай экан, аёлларга айтар сўзим бор: Қўрқма, сен ҳимоядасан!