Қўқоннинг ўн иккинчи дарвозаси
Тошкентлигузар маҳалласи.
Тошкентлигузар маҳалласи. Қўқон хонлигининг ўн икки дарвозасидан бири бўлган ушбу масканнинг табиати чиройли ва бетакрор бўлгани боис бу ерда асосан ёзги дала ҳовлилар, мевали боғлар ташкил этилар эди.
Бу масканга кўчиб келган аҳоли чорвачилик, нонвойлик, қандолатчилик, дурадгорлик ва деҳқончилик билан шуғулланиб, ишбилармонлик ва тадбиркорлиги билан тилга тушган. Маҳалла чеварлари тиккан аъло бахмал тўнлар, банорас атлас ва адраслар етти иқлимда машҳур бўлган.
Айни пайтда ҳам ота-боболардан мерос анъаналарни изчил давом эттириб келаётган тошкентлигузарликлар бугун Фарғона вилоятининг энг обод, гўзал гўшасида яшаётгани билан ҳақли равишда фахрланадилар.
2018 йили “Обод қишлоқ” дастури доирасида 3 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланиб, “Тошкентлигузар” маҳалла фуқаролар йиғини нафақат Учкўприк тумани, балки вилоятда барча замонавий шароитларга эга маҳаллага айланди. Бугун 580 та хонадонда истиқомат қилаётган 3 минг 270 нафар аҳолининг 70 фоизи тадбиркор бўлса, қолгани ҳунарманд. Довруғи достон Қўқон ҳолваси асосан шу маҳаллада тайёрланади. Табиати сўлим, тупроғи сахий масканда жойлашган “Меҳригиё” корхонасининг минг дардга даво доривор гиёҳлари пойтахт номини олган гузарга чиндан ҳам мос тушади.
Тошкентлигузар кўчалари мегаполис шаҳарларни эслатади. Ўнга яқин таълим муассасалари, иккита мини маркет, 10 дан ортиқ хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчалари, оталар чойхонаси, савдо дўконлари, 50 нафар опа-сингилларни иш билан таъминлаган “Дилафруз текстил” корхонаси, қишлоқ врачлик пункти, маҳалла гузари ва кутубхона, болалар майдончалари, зиёратгоҳ, 40 ўринли ҳаммом, эҳ-ҳе, санайверсак бу каби қулайликларнинг саноғидан адашамиз.
– Хўш, бундай ютуқларнинг асосий сабаби нимада? – деган саволга жавобни маҳаллага ўн беш йилдан буён раислик қилиб келаётган Турсунхўжа Акбархўжаев бир сўз билан шундай ифодалайди:
– Ҳамжиҳатликда!
Тошкентлигузарнинг бир асрлик ҳаёт довонини босиб ўтаётган нуронийлари Санобар Назирова, Йўлдошхўжа Имомалиев, Абдуллахўжа Жўрахўжаевларнинг эътироф этишича, азалдан маҳаллада ҳунармандлар сулолалари шаклланган. Сандиқчи усталар, дурадгорлар, қандолатчилар, ҳолвапазларнинг бугунги авлоди бу ҳунарларини замон талабига мослаб, ривожлантирмоқда. Ўнлаб маҳалладошлар Қўқон шаҳрида ўз тадбиркорлигига эга, катта-катта кўчмас мулкларнинг мулкдори. Латиф шаҳарнинг ёнгинасида жойлашган маҳаллани Қўқон билан боғлайдиган мустаҳкам ришталар жуда ҳам кўп. Ишонч кўприклари юз йиллар мобайнида икки маскан аҳлини манфаатли шериклик асосида умргузаронлик қилишини таъминлаб келмоқда.
Аммо бу маҳаллада ҳали ҳам ислоҳ этилиши керак бўлган камчиликлар йўқ эмас. Мисол учун, 2019 йили Тошкентлигузарда иккита жиноят содир этилди. Иккита оилавий ажрим қайд этилгани эса янада оғриқлидир.
– Кимнинг ҳам замондан ортда қолгиси келади дейсиз! Аммо ҳаёт ҳаммани бирдек эркалаб, бошини силайвермайди, – дейди маҳалла раиси. – Маҳалламизда қўл учида кун кўрадиган, камхарж оилалар ҳам бор. Яқинда камбағалликни тугатиш дастури асосида олиб борилган ўрганиш ишлари натижасида Тошкентлигузар маҳалласида 6 та ана шундай оила рўйхати шакллантирилди. Мақсадимиз бундай оилаларни тадбиркор ёки ҳунарманд маҳалладошларга бириктириш орқали уларнинг турмуш фаровонлигини ошириш, камбағалликни бартараф этишга қаратилган.
Бетакрор табиат манзаралари, тиниб-тинчимас тадбиркорлари, ҳунармандлар сулолалари, кўҳна тарих ва замонавий тараққиёт мезонларини ўзаро уйғунлаштирган қадриятлар Тошкентлигузарнинг ўзига хос ташриф қоғозидир. Вилоятнинг туристик йўналишлари рўйхатига киритилган маҳалла довруғи етти иқлимга овоза бўлади.