Қўқон – жаҳон ҳунармандлари шаҳри
Бу ҳунармандлар, амалий санъат усталари, халқимизни беҳад мамнун этмоқда.
Президентимизнинг жорий йил 3 октябрдаги “Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиб боришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, ҳар икки йилда бир марта сентябрь ойида Қўқон шаҳрида мазкур нуфузли анжуман ўтказиладиган бўлди. Бу ҳунармандлар, амалий санъат усталари, халқимизни беҳад мамнун этмоқда.
– Мозийга назар ташласак, тараққиёт ва камолот барча замонларда миллатнинг азалий қадриятларини баланд тутиш, аслий сарчашмалардан баҳрамандлик, илм-у ирфон ва санъат-у ҳунар эътирофи билан узвий вобаста бўлганлигини кузатамиз, – дейди Қўқон шаҳри ҳокими Маъруфжон Усмонов. – Жамиятни ҳаракатга келтирувчи, юксакликка дахлдор этувчи ислоҳот-у кашфиётлар таг заминида халқнинг ижодий тафаккури ва бунёдкорлик амалиёти туриши мантиқий ҳодисадир. Юртимиз улкан ўзгаришлар ҳавосидан нафас олаётган, ҳар бир соҳада уйғонишдан юксалишга қараб интилаётган, чин маънода, ўзининг янги қиёфасини касб этиб бораётган бугунги кунда айни ҳақиқатнинг зуҳурини Президентимизнинг “Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиб боришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мисолида ҳам кўриш биз – қўқонликлар учун алоҳида ифтихор ва айни дамда улкан масъулиятдир.
Инсоният тарихида мамлакатлар ва халқлар келажагига катта таъсир кўрсатувчи, туб бурилиш ясовчи воқеликлар, миллатлар тафаккурини ўзгартирувчи, бир неча авлодлар хотирасида муҳрланиб қолувчи ҳодисалар бўлган. Келажакда дунё сиёсий харитасининг янгича кўринишини белгилаб берган Америка қитъасининг кашф этилиши ёки глобал даражадаги халқаро савдо ва маданий алоқалар ривожланишига олиб келган бобокалонимиз Амир Темурнинг Буюк Ипак Йўлини ривожлантиришга қаратилган сиёсати шулар жумласидандир. Жорий йил 10-15 сентябрь кунлари Қўқон шаҳрида биринчи Халқаро ҳунармандчилик фестивали ўтказилгани, Жаҳон ҳунармандлар кенгаши томонидан Қўқон шаҳрига “Жаҳон ҳунармандлари шаҳри” мақоми берилгани ўзбек халқ амалий санъатининг халқаро миқёсдаги юксак эътирофи бўлган бўлса, мазкур фармон ана шу илк муҳим ва хайрли қадамларнинг бардавомлигини таъминлаш, юксак чўққиларга уланиши йўлидаги тарихий ҳужжат, Қўқон шаҳрининг ёрқин истиқболини кўп йилларга олдиндан белгилаб берган ҳодиса бўлди.

Фестивалга тайёргарлик жараёнларида Қўқон шаҳрининг қиёфаси тубдан ўзгарди, узоқ йиллар давомида ҳал бўлмаган кўплаб ижтимоий масалалар ўз ечимини топди, туризм сервиси, саноат ҳунармандчилиги каби иқтисодиётнинг янги тармоқларига асос солинди. Энг муҳими, халқимизда ўз келажагини ўз қўли билан барпо этиш, илм-тафаккур ва фидокорона меҳнат эвазига бахтли ҳаёт пойдеворини яратиш каби ажойиб кўникмалар шаклланди. Халқимизнинг тарихи ва бой маданиятидан дарак берувчи қадимги илм-фан ўчоқлари, тарихий обидаларимиз қайта тикланиб, янгича чирой очди. Бу бизга ўзлигимизни янада теран англаш, жонажон Ватанимизни янгича меҳр-эътибор ва ғурур билан асраб-авайлаш имконини берди.
Фестиваль туфайли мамлакатимизда ҳунармандчиликнинг ноёб турлари, устоз-шогирдлик тизимининг қадимий анъаналари қайта тикланди, амалий санъат мактаблари ва услублари ҳамда мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишидаги ўрни мукаммал ўрганилди, қадимий ҳунармандчилик ва амалий санъатга оид қўлёзма ва манбалар тўпланди, ёш авлод қалбида ҳунармандчилик соҳасига бўлган қизиқиш янада кучайди.
Халқимизнинг асрлар давомида сайқалланган энг гўзал қадриятлари, қадимий амалий санъати ва унинг хилма-хил турлари, ўзбекона урф-одатларни дунё аҳлига намойиш этдик ҳамда бутун дунё халқлари эътиборига сазовор бўлдик.
Халқ фаровонлигини юксалтириш, жаҳон халқ амалий санъати, унинг ажралмас қисми бўлган ўзбек миллий ҳунармандчилигини асраб-авайлаш ва ривожлантиришга қаратилган ушбу фармонда ҳар икки йилда Қўқон шаҳрида Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиб бориш белгилаб берилганини барча Қўқон аҳли чуқур миннатдорчилик ва катта масъулият ҳисси билан қабул қилганлигини изҳор этишни хоҳлар эдик. Хусусан, “Қўқон – Жаҳон ҳунармандчилик шаҳри” брендини кенг тарғиб этиш орқали шаҳримизга сайёҳларни жалб қилиш, “Мен Қўқонга бораман” шиори остида кўргазма ва кўрик-танловларни юксак савияда ўтказиш орқали Ғарб мамлакатларида қадриятлар инқирозга юз тутаётган бир пайтда фестиваль меҳмонларига анъанавий қадриятларимиз, бетакрор маънавиятимизни бор бўй-басти билан намоён этиш, айни пайтда, замонавий жаҳон цивилизациясининг энг яхши сифатларини қабул қилишга шай эканлигимизни амалий тарзда намойиш этиш, бу йўлда барча имконларимизни ишга солиб, жидду жаҳд қилишга тайёр эканлигимизни билдирамиз.
Шаҳримиз ва халқимиз, фарзандларимиз келажаги учун беқиёс аҳамиятга эга, кўплаб янги инфратузилма объектлари барпо этилишини назарда тутаётган ушбу фармон халқни рози қилиш, узоқни кўзлаб, халқ дарди билан яшашга қаратилган давлат сиёсатининг энг ёрқин намунасидир.

Президентимиз таъкидлаганларидек, бу – олис тарих ва бугунги замон нафасини, турли қадрият, анъаналарни ўзида яққол намоён этадиган, муштарак дилларни бирлаштирадиган чинакам дўстлик ва ҳамкорлик анжуманидир.
Аминманки, дунёда тинчлик ва ҳамжиҳатликни, гўзаллик ва нафосатни тарғиб этадиган бу фестиваль жаҳон майдонида, албатта ўзининг муносиб ўрнини топади.

Бизга билдирилган бу имкон ва ишончни миллий қадриятларимиз заминида кўз очган, айни пайтда, бунёдкорлик, изланиш, тараққиёт сари йўл очувчи муносиб ютуқлар билан оқлаш ниятидамиз. Тарихан Ўрта Осиёнинг илм ва маданият, санъат ва ҳунар марказларидан бири бўлган Қўқоннинг асрий анъаналарини замон руҳига монанд ҳолда қайта тиклаш, ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатлари учун Президентимизга бутун Қўқон аҳлининг миннатдорчилик, розилик ва шукроналик туйғулари мужассам бўлган раҳматини йўллаймиз!