Қўқон унутилмас онларни бахш этмоқда
Халқаро ҳунармандчилик фестивалида иштирок этаётган хорижлик меҳмонлар ва юртдошларимиз ўзларининг таассуротлари ҳақида сўзлаб берди.
Халқаро ҳунармандчилик фестивалида иштирок этаётган хорижлик меҳмонлар ва юртдошларимиз ўзларининг таассуротлари ҳақида сўзлаб берди.
Лола АБАЕВА, Сурхондарё вилояти:
- Беш нафар раққоса қизларимиз билан миллий ва жаҳон халқлари рақсларини айнан фестиваль учун махсус тайёрлаб келганмиз. Шунингдек, уч нафар бахшиларимиз, Бойсун туманининг дунёга машҳур “Шалола” фольклор-этнографик ансамбли чиқишлари барчага манзур бўлмоқда. Алпомиш ва Барчиной сиймоларидаги вилоят театри актёрлари, халқ бадиий жамоалари лапар ва ўланлари иштирокчиларнинг катта олқишига сазовор бўлмоқда.
Улбулсун САПАНИЁЗОВА, Қорақалпоғистон Республикаси:
- Фестивалда ажойиб қўл меҳнати намуналари билан қатнашмоқдамиз. Меҳмонлар кўз ўнгида тайёрлаб бераётган турли маҳсулотларга қизиқиш катта бўлмоқда.
Қорақалпоқ ўтови ва ундаги яшаш учун қулай бўлган шароитлар барчага манзур бўляпти. Ўтовимизда хорижлик меҳмонлар билан дўстона суҳбатлар бўлиб ўтмоқда.
Бахтиёр ХОЖИНИЁЗОВ, Туркманистон:
- Туркманистон халқ устаси сифатида “Буюк Ипак йўли китоби” деб номланган ижодий ишимни халқимиз номидан совға сифатида Ашхободдан олиб келдим. Фестиваль якунига етгач ушбу санъат асаримни ўзбек халқига совға тариқасида тақдим этмоқчиман. Унда Буюк Ипак йўлида жойлашган қардош халқларнинг тарихи, маданияти ва миллий урф-одатлари акс эттирилган.
Мачу ПАЛМЕЧ, Ирландия:
- Мана бу – Ирландия сўзанаси. Қўл меҳнати маҳсулоти бўлган ушбу ҳунармандчилик намунаси юртимизда жуда ҳам қадрланади. Ўзбекистонда бу каби ҳунармандчилик ишлари юксак эъзозланиши мени жуда ҳам мамнун этди. Юртингиз ҳунармандларидан ўрганса арзийдиган жиҳатлар жуда кўп экан. Аждодлардан мерос гулдек ҳунарларни асраб келаётган халқингизга ҳар қанча раҳмат айтса арзийди.
Индерсен Венеачателлум, Франция:
– 2004 йилда ўзбек ҳунарманди томонидан тайёрланган гиламчиликнинг энг жажжи нусхаси – қўл телефони ғилофини ўз юртимга олиб кетган эдим. Анча уриниб қолди, лекин ҳамон ўзим билан олиб юрибман, чунки бу ҳунармандчилик, қўл меҳнатининг нодир маҳсули. Ушбу фестивалдан, Қўқондан ҳам мана шундай ажойиб эсдалик буюмини олиб кетиб, ардоқлаб юриш ниятидаман.
Ким ЁНГ, Жанубий Корея:
- Фестивалга пахтадан тўқилган табиий матолар, денгиз маҳсулотларини олиб келганмиз. Мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатлар ҳунармандчилик соҳасидаги ҳамкорлик кўламини ҳам жадал ривожланишини таъминлаётгани қувонарлидир. Ишонамизки, икки юрт ҳунармандларининг самимий ҳамкорлиги тобора равнақ топиб бораверади.