Қўлимни фашистларга берганман...
Забардаст режиссёримиз Зулфиқор Мусоқовнинг “Кичкина табиб” бадиий фильмини ойнаи жаҳон орқали кўп бора томоша қилганмиз.
Ғалабанинг 75 йиллигига
Забардаст режиссёримиз Зулфиқор Мусоқовнинг “Кичкина табиб” бадиий фильмини ойнаи жаҳон орқали кўп бора томоша қилганмиз. Халқона ишлангани учунми, яна кўргимиз келаверади. Асарда бош қаҳрамон кичкина табиб ва уруш азобу уқубатларини бошдан кечирган мўйсафид чолнинг суҳбати билан боғлиқ кичик эпизод бор. Жангу жадалларда қон кечиб, охир-оқибат бир қўлидан айрилган кексанинг юз-кўзидаги ҳасратлари томошабинни бир лаҳза бўлса-да, ўйга толдиради.
Рости, ўзим ҳам фильмнинг шу жойини ҳаловат билан кўролмайман. Кўзим олдига катта жуссали, соч-соқоли оппоқ, чеҳраси нурга тўла, бошида дўппи-ю, яктагининг бир енгига кесилган қўлини яшириб юрадиган катта бобом келаверади...
Аламим бор...
Камина отамнинг бобосини кўрган, уларнинг тарбиясини олган бахтли авлод вакилларидан. Холмуҳаммад бобом 1903 йил Бухоро вилоятининг Шофиркон туманидаги Арабхона қишлоғида туғилган. Бувимнинг айтишларича, улар оилада уч ўғил бўлишган. “Тузумда бор аламим ...” дейми ёхуд бошқача таърифласамми, бобомнинг исмлари ўша замоннинг зайли билан ҳужжатларда Хол тарзида, таваллуд топган йиллари эса 1906 йил, деб ёзилиб кетган. Ёшликдан ҳалол меҳнатдан ризқ топиб умргузаронлик қилган бобом қишлоғимиздан Шарифа исмли қизга уйланиб, тўрт қиз ва бир ўғилни вояга етказишади.

Болалик хотиралари жуда ширин. Гоҳида яқин икки-уч йил бурунги воқеаларни эсдан чиқариб қўйсак-да, болаликнинг шўх-шодон кунлари хотирамизда мангу муҳрланиб қолади. Уларни мароқ билан эслаймиз. Ўша дамлар ҳақида хаёл сурсам, бобом билан ўтказган кунларим, юлдузлар чарақлаган осмонга термулиб улардан эшитган эртакларим ёдимга тушаверади. Бобом табиатан камгап, камтарин, меҳнаткаш, жуда беозор ва саводли инсон эдилар. Айниқса, невара-ю, эвараларини жуда яхши кўрардилар. Ёшлари саксондан ошган, ногирон бўлишларига қарамай, бир қўлларидан ўроқ, токқайчи, ҳатто, кетмон тушмасди. Офтобадан ўзлари сув қўйиб, қўлларини ювардилар. Кимдир югуриб ёрдамга ошиқса, ҳеч унамасдилар. Рўзғор юмушларидан ортиб, бир зум тин олган пайтлари биз тўполончиларнинг эркаликларини “кўтариш” ҳам уларнинг зиммасида эди. Невара ва эваралардан энг каттаси бўлганим учунми, каминани ҳаммадан кўпроқ суярдилар. Оёқ яланг, томдан-томга сакраб, ўйинқароқликлар қилиб ҳовлини бошга кўтарган пайтларимиз кўп бўларди. Хурмача қилиқларимиздан сабр косаси тўлган бувим койишни бошласалар, бобом дарҳол ёнимизни олардилар. Бундан беҳад севиниб, яна давом этардик.
Ноўрин савол
Йиллар шу зайл ўтиб, мактабга ҳам қадам қўйдим. Шўхликлар босилиб, юриш-туришимда ўсмирлик аломатлари куртак ёза бошлади. Улғайганимиз сари бобом китоб ўқиш, билим олиш, меҳнатсеварликнинг фойдаси, вақтни беҳуда ўтказмаслик ҳақида кўп панд-насиҳат қилардилар. Улар билан худди дўстдек гаплашардим. Бирор ножўя иш қилсам, хатти-ҳаракатимнинг қандай оқибатларга олиб келишини ҳаётий мисоллар билан тушунтирардилар. Эсимда. Бир гал: “бобожон, чап қўлингизга нима бўлган?” деб сўраганимда, бобом салобатли қўллари билан бошимдан силаб, “буни улғайиб, ўзинг билиб оласан”, дегандилар. Тўғриси, уларнинг жавобидан бироз ранжиган бўлсам-да, йиллар ўтиб бу гапнинг асл мағзини англагандай бўлдим. Менинг ўша саволим бобом учун энг хунук хотираларни ёдга солишини қаердан билибман, дейсиз. Ўша машъум уруш асоратлари миллионлаб ватандошларимиз қатори бобомнинг тақдирида ҳам ўчмас из қолдирганини кейинчалик Насулло бобом хотираларидан билиб олдим.
“Урушгача отам мактабда ўқитувчилик қилган эканлар, – дея эслайди Насулло бобом. – Тўсатдан фашистларнинг ҳужуми ҳақидаги хабар қишлоққа тарқалади. Аввал ёшлар, кейинроқ ёши каттароқ эркаклар ҳам урушга сафарбар этилади. Отамни ҳам 1942 йили фронтга жўнатишади. Шарифа онам опаларим Марям, Санамхон ва мен билан ёлғиз қоладилар. Ўшанда икки ёшли гўдак бўлганман. Уруш туфайли халқнинг турмуши баттар оғирлашиб, тинка-мадори қурийди. Ёши улуғлар, аёллар ва болалар фронторти учун тинмай меҳнат қилишади. Онам колхоз далаларида ишлаб, рўзғор тебратган эканлар. Кўп ўтмай, отам ногиронлик билан оиламиз бағрига қайтадилар”.

Оиламиз виждони эдилар
Урушдан сўнг Холмуҳаммад бобом қишлоқ хўжалигининг турли жабҳаларида масъул лавозимларда ишлаганлар. Аммо қаерда бўлмасин, доим ҳалоллик ва фидойиликни умр мезонлари деб билганлар. Шу боис, қишлоғимиздаги ёшу қари бобомни жуда ҳурмат қилган. Маҳалла-кўйнинг тўю-маъракаларида бобом албатта қатнашардилар. Эсимда, ўша замоннинг тўйлари ҳовлида ўтказилар ва дарвозадан кираверишдаги мўътабар жойда кексалар учун жой қилинарди. Тўй эгалари нуронийлардан дуо олгандан сўнг тадбирни бошларди. Ўйлаб қарасам, халқимизга хос бу анъананинг ҳам катта маънавий-тарбиявий аҳамияти бор экан.
Оиламиз катта эди. Улкан ҳовлида бобо ва бувиларим, отам, амакиларим, келинлар ва невара-эваралар ҳамжиҳатликда яшардик. Баъзан рўзғорда бўладиган майда-чуйда дилхираликларни бобом “ичкарининг гапи ташқарига чиқмасин” қабилида босиқлик, адолат билан ҳал қилардилар. Уларнинг айтган битта гаплари ҳаммамиз, катта-ю кичик учун мустаҳкам қонун эди. Мен уларнинг тимсолида суюкли, меҳрибон бобо, оиламизнинг ҳақиқий қўрғони ва виждонини кўрардим. Ҳеч ёдимдан чиқмайди. Ҳар йилнинг ёзи уйимиз гавжум бўларди. Тошкенту Бухоронинг ҳар еридан қариндош-уруғлар келиб, ҳафталаб, ҳатто, ойлаб меҳмон бўлишарди. Бобом ва бувим атрофида жам бўлиб, хурсандчилик қилардик. Бундай дамларда уларнинг чеҳрасида кўрган чинакам қувончни сўз билан ифодалаш қийин.
Урушнинг бир куни ҳам уруш
Дарвоқе, қишлоғимизнинг нуроний отахонлари, бобомнинг сафдошлари, дўстлари фурсат туғилди дегунча бизникида йиғиларди. Ҳовлимизнинг соя-салқин жойида бир пиёла чой устида қизғин гурунг бўларди. Биз кичиклар галма-галдан чой таширдик. Менга уларнинг суҳбатидан ҳам кўксидаги қатор ордену медаллари қизиқ туюларди. Боламизда, баъзан “ҳассада мункайиб юрадиган чоллар медалларини уйда қолдириб келса, бўлмасмикин”, дея ҳайратомуз боқардим. Аммо ёшимиз ошиб, ақлимиз тошганда билдимки, ғижимгина костюмда осилиб турган шода-шода ордену медалларнинг ортида не-не заҳматлар, бедор ва беҳаловат тунлар бор экан! Она Ватанининг бир сиқим тупроғини муқаддас билиб жангга кирган, сўнгги ўтинч ила урушга кузатган яқинларининг дийдори учун ўлимга тик боққан жасур боболаримизнинг мардлиги, шижоати ва матонати ҳосили экан бу! Ҳа, кексаларимиз урушнинг бир куни ҳам уруш, дея бекорга айтишмайди.
Ушбу мақолани ёзишдан олдин оиламиз яқинларининг хотиралари билан ҳам қизиқдим. Тоғам, филология фанлари номзоди, доцент Нодир Ғаффоров ўқувчилик йилларини ёдга олиб, бир воқеани сўзлаб берди. 1986 йил қишлоғимиздаги Садриддин Айний номли ўрта таълим мактабида фаол ўқувчилардан иборат “Изтопарлар” ташаббускор гуруҳи ташкил этилади. Унга мактаб директорининг ўринбосари, рус тили ва адабиёти ўқитувчиси Ҳамид Ҳусенов етакчи этиб тайинланади. Ўқувчилар дарсдан бўш вақтлари атрофдаги қишлоқлардан Иккинчи жаҳон уруши ёки фронтортида хизмат қилган фахрийлар ҳолидан хабар олиб, уларнинг кўрган-кечирганлари ҳақида хотираларни ёзиб олишади. Ўша йиллари ўқувчиларнинг саъй-ҳаракати билан Арабхона, Додбоғни, Қумбосди қишлоқларидаги ўнлаб уруш қатнашчилари ҳақида қизқарли маълумотлар тўпланади. Шулар қатори бобомнинг хотиралари ҳам кўп йил мактабимиз музейида сақланади. Таассуфки, бу изланишлар мевасининг кейинги тақдири менга номаълум.
Холмуҳаммад бобом узоқ умр кўриб, тўқсон ёшда вафот этдилар. Лекин улардан биз учун одамийлик, ростгўйлик, ҳалол меҳнат қилиб, яхши ном қолдириш сингари эзгу амаллар мерос бўлиб қолди. Гоҳида, миямнинг бир четини “бобом тирик бўлганларида ундай қилардим, буни сўрардим, ёнларидан ҳеч жилмай дуоларини олардим”, қабилида надомат тўла фикрлар чулғаб олади. Аммо уларнинг муборак номлари авлодларининг хайрли ишлари билан мудом барҳаёт эканлиги қалбимга таскин беради.
Инсоний бурчимиз
Дарвоқе, яқинда Иккинчи жаҳон уруши йиллари бобомнинг қаерларда бўлганлари, қайси фронтда жанг қилганлари ҳақида янаям кўпроқ маълумот излашга ҳаракат қилдим. Шофиркон туман мудофаа ишлари бўлими архивида бобомнинг 1942-43 йиллар урушда қатнашганлари ҳақидаги ҳужжат бор экан, холос. Бунга қаноат қилмай, интернет тармоғи орқали қўшимча маълумотлар излашга тушдим. Дастлаб, Россия Федерацияси Мудофаа вазирлигининг марказий архивида бобомнинг биринчи даражали “Улуғ Ватан уруши” ордени билан тақдирланганлари қайд этилган. Бироқ қўлларининг қаерда яралангани ва бошқа медаллари ҳақида деярли маълумот учратмадим. Майли, бу ҳам ўша даврнинг хатосидир. Бошқа манбадаги яна бир маълумот (айрим чалкашликларни ҳисобга олмаганда) эса эътиборимни тортди. Бобом 233-ўқчи дивизияда Венгрия заминида фашистларга қарши кечган жангларда қатнашган эканлар (!). Бу шунчаки архив материаллари, холос. Аммо Иккинчи жаҳон уруши инсоният бошига мислсиз кулфатлар олиб келгани, миллионлаб одамларнинг тақдирини бутунлай ўзгартириб юборгани айни ҳақиқат. Уруш туфайли минглаб юртдошларимиз ҳалок бўлди, кўпи бедарак йўқолиб, уйига қайтмади, яна бир неча юз минг нафари ногирон бўлиб қолди. Бу инсонлар кимларнингдир отаси, яна бировнинг бобоси, дўсту ёри ёки ҳамқишлоғи эди.
Биз аждодларимизга муносиб ворис сифатида уларнинг хотирасини мангу ёд этишимиз, боболаримиз кўрсатган жасоратдан фахр-ифтихор ҳиссини туйишимиз шарт. Шунда нафақат тарих олдидаги, балки инсонийлик бурчимизни ҳам адо этган бўламиз.
Жамшид ХОЛОВ,
Ички ишлар вазирлиги Академияси
ходими, катта лейтенант.