“Ғишткўприк” чегара-божхона постига пресс-тур
Давлат божхона қўмитаси томонидан журналистлар учун Тошкент вилояти божхона бошқармаси “Ғишткўприк” чегара-божхона постига пресс-тур уюштирилди.
Давлат божхона қўмитаси томонидан журналистлар учун Тошкент вилояти божхона бошқармаси “Ғишткўприк” чегара-божхона постига пресс-тур уюштирилди.
Асосий эътибор чегара-божхона постларида Ўзбекистон ва Қозоғистон фуқаролари, тадбиркорлар учун яратилган шароит, Президентининг 2019 йил 7 ноябрдаги “Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун товарларни олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ижросига қаратилди.
Мавзу юзасидан журналистларга Тошкент вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Отабек Чориев батафсил маълумот берди.

Мамлакатимизнинг ташқи сиёсатида Марказий Осиё давлатлари билан ўзаро дўстлиқ, яқин қўшничилик ва ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган ташаббус ва амалий ҳаракатлар қўшни Қозоғистон Республикаси билан ҳамкорлик алоқаларида ҳам янги даврни бошлаб берди. Шу туфайли икки давлат ўртасида ўзаро борди-келдилар янада фаоллашди, қардошлик ришталари янада мустаҳкамланди. Иқтисодиётга сармоя жалб этиш ва товар айирбошлаш ҳажми ортди.
2019 йилда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида ташқи савдо айланмаси салкам 3,4 миллиард долларни ташкил қилган бўлиб, бу кўрсаткич 2018 йилга нисбатан 638 миллион долларга кўп демакдир.
Ўтган йилда Республикамиздан Қозоғистонга 1 миллиард 487 миллион доллар қийматидаги салкам 40 турдаги товарлар экспорт қилинган. Қозоғистон Республикасидан эса Ўзбекистонга 1, 9 миллиард доллар қийматидаги 38 турдаги товарлар импорт қилинган. Кўриниб турибди-ки, иккала мамлакат ўртасида ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши чегара-божхона постларида ҳам фаоллик янада ошишига хизмат қилмоқда. Ўзбекистон ва Қозоғистон чегара-божхона постлари орқали 2019 йилда ҳаракатланган жисмоний шахслар 16,2 миллион нафарни, автотранспорт воситалари сони эса 718,1 мингтани ташкил қилган.

Айни пайтда Ўзбекистонинг Қозоғистон билан чегарада 6 та чегара-божхона пости фаолият юритади. Булар Қорақалпоғистон Республикасидаги “Доут ота”, Тошкент вилоятидаги “Ғишткўприк”, “С.Нажимов”, “Навоий”, “Яллама” ҳамда Сирдарё вилоятидаги “Сирдарё” чегара-божхона постларидир. Жумладан, “Ғишткўприк” чегара божхона пости орқали 2019 йилда ҳаракатланган жисмоний шахслар 7,8 миллион нафарни, автотранспорт воситалари сони эса 141 мингтани ташкил қилган.
Пресс-турда журналистлар 2020 йилнинг 1 январидан эътиборан чегара-божхона постларида жорий қилинган божхона тўловларини ундиришнинг соддалаштирилган тартиби билан ҳам яқиндан танишишди. Хусусан, республикамизга кириб келаётган жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун олиб келинаётган нотижорат мақсадлардаги товарларни божсиз олиб киришнинг чекланган меъёрларидан ортган ҳолатларда божхона тўловлари соддалаштирилган тартибда ундирилиши йўлга қўйилди.
Яъни божхона божи, қўшилган қиймат солиғи (15 фоиз) ва акциз солиғи ўрнига товарнинг божхона қийматидан 30 фоиз, лекин ҳар бир килограмми учун 3 доллардан кам бўлмаган миқдорда ягона божхона тўлови ставкаси жорий қилинди. Мазкур ягона божхона тўлов ставкаси Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси кодидан ва келиб чиқиш мамлакатидан қатъи назар, товарларнинг барча тоифалари бўйича божхона қийматидан келиб чиққан ҳолда татбиқ қилинмоқда.

Ушбу ўзгартиришлар шахсий эҳтиёжлари учун товарлар олиб кирадиган фуқароларнинг харажатларини пасайтириб, божхона расмийлаштируви тартибларини тезлаштиради. Эндиликда чегара назорат пунктларида тирбандлик ҳосил бўлмаяпти.
Журналистлар мазкур жараёнлар билан яқиндан танишиб, Қозоғистондан келаётган инсонлар билан ҳам суҳбатлашди.
– Эндиликда Ўзбекистонга келиб-кетиш анча осонлашди, – дейди Қозоғистон фуқароси Светлана Байматова. – Ўзбекистонда менинг яқин қариндошларим яшайди. Улар билан тез-тез борди-келди қилиб турамиз. Бу сафар ҳам ўғлимни даволатиш учун мамлакатингизга келаётган эдим. “Ғишткўприк” чегара-божхона постида мен каби йўловчилар учун яратилган шароит туфайли вақтимиз тежалиб, манзилимизга ҳотиржам етиб олмоқдамиз.

Пресс-тур доирасида ташкил этилган брифингда Давлат божхона қўмитаси Божхона назоратини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Рустам Қобулов тизимдаги янгиликлар хусусида атрофлича маълумот берди.
Маълумки, жисмоний шахсга ҳаво йўллари орқали кириб келишда 2 минг доллар, поездда кириб келса, минг доллар, автомобиль ёки йўловчи сифатида кириб келса, 300 доллар миқдоридаги шахсий эҳтиёж учун мўлжалланган товарларни божсиз олиб киришга рухсат этилади. Қачонки, олиб кирилаётган товарлар ушбу меъёрлардан ортиқча бўлсагина, у ҳолда соддалаштирилган тартибда божхона тўлови ундирилади. Шу билан бирга жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун олиб кириладиган товарлар тоифасига кирмайдиган товарлар рўйхати ҳам тасдиқланди. Улар сирасига тиббиёт техникаси ва ускуналари, тиббиёт, хирургия, стоматология ёки ветеринария мебели, фотолабораториялар учун аппаратура ва ускуна, ўйин автоматлари каби қатор товарлар киради.
Жумладан, жорий йилнинг 1 январидан ҳозирги кунга қадар Ўзбекистон Республикаси давлат чегараси орқали ҳаракатланган жисмоний шахслардан жами 2,1 миллиард сўм ягона божхона тўлови ундирилди. Илгари божхона тўловларини умумбелгиланган тартибда ҳисоблаш ва ундириш жараёнларига ҳар бир жисмоний шахс учун 40-50 дақиқа, товарлар ортилган 1 та енгил автотранспрот воситасига эса ўртача 2 соат вақт сарфланган.

Божхона тўловларини ундиришнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилганидан сўнг товарлар миқдорини, божхона қийматини аниқлаш, тўловларни ҳисоблаш каби божхона операциялари 6 тадан 3 тага қисқарди. Эндиликда 1 нафар жисмоний шахс учун ўртача 10 дақиқа, товарлар ортилган 1 та енгил автотранспорт воситаси учун эса 15 дақиқа кифоя қилмоқда.
Тадбирда соҳа ходимлари журналистларга Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида чегара, божхона, санитария-карантин, фитосанитария ва ветеринария назоратини ташкил этиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қароридан келиб чиқиб, чегара-божхона постларида амалга оширилган ўзгаришлар ҳақида ҳам ахборот берилди.
Мазкур ҳужжат билан тасдиқланган Низомга мувофиқ, ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиш мақсадида давлат назорати органлари томонидан ўтказиш пунктида ҳайдовчилар, товарлар ва транспорт воситаларининг назорат тартиб-таомиллардан ўтказилиши “Ягона дарча” божхона ахборот тизими асосида амалга оширилади.

Низомда ўтказиш пунктларида автотранспорт воситаларининг бўлиш вақти аниқ белгиланди. Яъни автотранспортнинг ўтказиш пунктида бўлиш вақти унинг тури ва ўтказиш пунктининг техник ҳолатига қараб қуйидаги муддатдан ортиқ бўлмаслиги керак:
енгил автотранспорт воситалари – 15 дақиқа;
юк автотранспорт воситалари – 30 дақиқа.
Пресс-тур давомида журналистлар чегара-божхона пости орқали ҳаракатланаётган жисмоний шахслар ва автотранспорт воситаларининг божхона назорати ва расмийлаштируви амалга оширилишига бевосита гувоҳ бўлди. Бу борада ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоб олди.
