“Қишлоқ қурилиш банк”да янги омонатлар
Мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллиги байрами муносабати билан акциядорлик тижорат “Қишлоқ қурилиш банк” томонидан янги омонат турлари жорий қилинди.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллиги байрами муносабати билан акциядорлик тижорат “Қишлоқ қурилиш банк” томонидан янги омонат турлари жорий қилинди.Улардан бири миллий валютадаги муддатли “Мустақил юртим” омонати бўлиб, бу омонат турига маблағлар 3 ойга қабул қилинади. Омонатга ҳисобланган фоизлар ҳар ойда ёки омонат муддати тугагандан сўнг тўлаб берилади. Шунингдек, хорижий валютадаги муддатли “Комфорт” омонати ҳам тақдим этилмоқда. Омонатга маблағлар АҚШ долларида, 1 ой муддатга қабул қилинади.
Ҳозир “Қишлоқ қурилиш банк” тизимида 33 дан ортиқ омонат турларига маблағлар жалб қилинмоқда. Жумладан, жорий йилнинг биринчи ярмида “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижроси бўйича миллий валютада муддатли “Ёрқин келажак”, “Соғлом авлод учун”, “Юқори даромад”, “Омад”, миллий валютада жамғармали “Имконият”, хорижий валютада муддатли “Капитал плюс” каби янги омонат турлари жорий қилинди.
Банкда намунавий уй-жойларни сотиб олиш учун бошланғич бадални йиғишда ёрдам берадиган қатор омонат турлари ҳам мавжуд. Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уй-жойлар учун дастлабки бадалларни жамғариш мақсадида жорий қилинган “Қурилишга бошланғич бадал” омонати шулардан биридир. Бунда ҳисобланган фоизлар омонатчи талабига кўра “Қишлоқ қурилиш инвест” компанияси ҳисобрақамига ёки омонатчининг талаб қилиб олингунча омонат ҳисобрақамига кўчирилади.
“Мадад” омонат тури ҳам намунавий уй олган фуқаролар учун қулай. Омонатчи ўз пул маблағларини шартнома муддати тугагунга қадар шартномада келишилган шартлар асосида омонат асосий суммасини нақд шаклда олиши, бошқа омонат турига нақдсиз равишда расмийлаштириши ёки уни бошқа банк муассасасига ўтказиши мумкин. Унинг яна бир афзаллиги фоизлар ҳар ойда омонатчининг ипотека кредити ҳамда фоиз тўловларига йўналтирилади.
Банкнинг малакали персонали томонидан кўрсатилаётган сифатли хизматлар мижозлар, хусусан, омонатчилар сонининг муттасил ошиб боришини таъминламоқда. 2016 йил 1 август ҳолатига кўра “Қишлоқ қурилиш банк”нинг омонатчилари сони 75 минг нафардан ошди ва уларнинг банкдаги қўйилмалари (уй-жой маблағларисиз) 201,9 миллиард сўмни ташкил қилди.
Банк жорий йилда аҳолининг омонатларини жалб қилиш бўйича мамлакатимиз тижорат банклари ўртасида ўтказилган танловда юқори ўринларга даъвогарлик қилмоқда. Мисол учун, “Шаҳарларда аҳоли омонатларини жалб қилиш бўйича йилнинг энг яхши мини-банки” номинацияси бўйича Фарғона филиали “Фарғона” мини-банки биринчи ўринни, “Қишлоқ жойларда аҳоли омонатларини жалб қилиш бўйича йилнинг энг яхши филиали” номинацияси бўйича Когон филиали иккинчи ўринни, “Қишлоқ жойларда аҳоли омонатларини жалб қилиш бўйича йилнинг энг яхши мини-банки” номинацияси бўйича Беруний филиали “Тўрткўл” мини-банки учинчи ўринни эгаллади.
Банк чакана хизматлар бозоридаги фаолиятни доимий кенгайтириб бориш, мижозларнинг банк фаолиятига бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш чораларини кўрмоқда. Жамғарма кассаларда омонатчилар билан амалиётлар бажарилишида, омонатчи билан банк ўртасида тузиладиган шартномалар, кирим ва чиқим ордерлари автоматлаштирилган тизим орқали чоп этилиши, омонатчиларга омонат маблағлари тўғрисида маълумот олиш имкониятини берадиган “смс-омонат” хизмати йўлга қўйилган. Бу хизматлар омонатчиларнинг вақтини тежашда қўл келмоқда.
Шунингдек, банк минтақавий филиалларида Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида”ги қонуни асосида фуқароларнинг банкдаги омонатларини ҳимоялашни янада кучайтириш мақсадида шахснинг бармоқ излари намунасидан фойдаланиш “Биометрик идентификациялаш” тизими жорий қилинмоқда. Мазкур технологиянинг афзал жиҳати шундаки, омонат ҳисобварақларидаги маблағлар билан боғлиқ барча операцияларни омонат эгаси бўлган мижознинг бевосита иштирокисиз амалга ошириш имкони бўлмайди ва омонат маблағларига нисбатан банк ходимларининг дахлсизлиги таъминланади.
Қонун билан кафолатланган банкка қўйилган омонатларнинг сир тутилиши ва мерос ҳуқуқи билан ҳимояси ҳам банкнинг доимий назоратида. Омонат ҳисобварақлари, депозит сертификатлари бўйича олинадиган даромад ва ютуқлар барча турдаги солиқлардан озод қилинган ва уларнинг тўлиқ ҳажмда қайтарилиши Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш фонди томонидан кафолатланган. Депозитлар бўйича операциялар банк сири сифатида таснифланиб, унга қатъий риоя қилиниши устидан тегишли назорат ўрнатилган. Омонатларга қўйилган маблағлар ва маблағлар белгиланган муддатларда омонатчиларнинг биринчи талаби билан қайтариб берилади.