Ўғирлик даромад эмас, иснод келтирди
Текширув вақтида газ қувурига қўлбола хомут ўрнатилиб, чўл ичкарисидаги целофандан ясалган ҳовузга пластмасса шлангдан конденсат маҳсулоти ўғирлангани аниқланган.
Бухородаги Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси ва ДХХнинг Ромитан тумани бўлими ходимлари билан ҳамкорликда “Учқир-Кулбешкак” конидаги газ қувурида текширув ўтказилиши сабаб айрим кимсаларнинг ўғринча ҳаракатларига барҳам берилди, деб маълум қилди “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти матбуот хизмати.
Текширув вақтида газ қувурига қўлбола хомут ўрнатилиб, чўл ичкарисидаги целофандан ясалган ҳовузга пластмасса шлангдан конденсат маҳсулоти ўғирлангани аниқланган. Воқеа жойидан эса давлат рақами 80 N 853 MA бўлган оқ рангли “Нива“ автомашинаси кетиб қолган.
Ҳамкорликда ўтказилган яна бир тадбир натижасида 8050 литр конденсат ўғирлангани ҳолати ошкор этилган. Ғиждувон тумани Буқтарой қишлоғидан тўрт киши, Қоракўл тумани Зиёрат ҚФЙда яшовчи уч киши ушбу ўғирликда гумон қилиниб қўлга олинган.
Ҳозир ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси г-банди тартибида №062301/2020-9-сонли жиноят иши қўзғатилган.
Мазкур текширув “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти коррупцияга ҳамда давлат табиий бойликларини талон-тарож қилаётганларга қарши курашиш учун Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари, Прокуратура, Ички ишлар органлари билан йўлга қўйилган ҳамкорлик асосида амалга оширилди.