“Илҳом” мукофоти кимларга берилади?
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Илҳом” мукофотини таъсис этиш тўғрисида қарори қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Илҳом” мукофотини таъсис этиш тўғрисида қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, “Илҳом” мукофоти шоир ва ёзувчилар ҳаёти ҳамда ижодини ўрганиш, уларнинг асарларини таржима қилиш, шу асосда тадқиқотлар ўтказиш, кино ва саҳна асарлари яратиш каби маънавий-маърифий, илмий-ижодий жараёнларда энг юқори натижаларга эришган олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ҳамда фаолият юритаётган ёшларга берилади.
Мукофот учун танловни юқори савияда ўтказишга Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги масъул ҳисобланади. Танловда республикамиздаги барча ОТМ иштирок этиши мумкин.
– Танлов икки, жумладан, дастлабки саралаш ва асосий танлов босқичларида ўтказилади, – деди Ўзбекистон Бадиий академияси матбуот хизмати раҳбари Қаҳрамон Қўлдошев. – Илк саралаш босқичида номзодлар ОТМ миқёсида тест саволлари орқали сараланади. Тест саволлари миллий адабиётимизнинг дурдона асарлари, адиб ва мутафаккирларнинг бой маънавий мероси, ёзувчи-шоирларнинг ҳаёти ва ижодини қамраб олувчи 50 та саволдан иборат бўлади. Натижаларга кўра, энг юқори балл тўплаган 3 номзод ОТМ ректорининг тақдимномаси асосида кейинги босқичда иштирок этиши мумкин. ОТМда сараланган номзодларнинг ҳужжатлари расмийлаштирилиб, ҳар йили 15 апрелга қадар танловни ўтказиш бўйича ташкилий қўмитага тақдим этилади. Ташкилий қўмита томонидан 1 ой давомида тақдим этилган ишларнинг ижтимоий аҳамияти, мавзунинг ёритилиши, талқиннинг ўзига хослиги, асарнинг бадиийлиги бўйича ҳар бир талаб 5 баллик тизимга биноан баҳоланади.
Танлов ғолиблари қуйидагича тақдирланиши белгиланган:
1-ўрин – “Spark” автомобили, махсус диплом ва статуэтка,
2-ўрин – 30 миллион сўм пул мукофоти, махсус диплом ва статуэтка,
3-ўрин – 15 миллион сўм пул мукофоти, махсус диплом ва статуэтка.
Мукофот билан тақдирлаш ҳар йили Адиблар хиёбони очилган кун – 20 майда “Катта адабиёт байрами” ҳафталиги доирасида амалга оширилиши кўзда тутилган.