Зоминда Наврўз тантанали кутиб олинди
Жиззах вилоятининг Зомин туманида баҳорнинг энг қадимий ва файзли байрами — Наврўз умумхалқ сайли сифатида юқори кайфият ва кўтаринки руҳда нишонланди. “Наврўзни улуғлаш — инсонни улуғлашдир” шиори остида ташкил этилган тадбирлар юртдошлар қалбида янгиланиш, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик туйғуларини уйғотди.
Туман марказидаги “Зоминсой” кўнгилочар ва дам олиш мажмуасида ўтказилган байрамда аҳоли, нуронийлар, ёшлар ва меҳмонлар фаол иштирок этишиб, миллий урф-одат ва қадриятларимизнинг ёрқин намойишига гувоҳ бўлишди. Байрам тадбирлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 6 мартдаги “2026 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилди.
Сайл давомида таниқли санъаткорлар ва ҳаваскор ижодкорлар иштирокидаги концерт дастурлари, фольклор жамоаларининг чиқишлари, миллий рақслар ва театрлаштирилган саҳна кўринишлари Наврўзнинг маънавий моҳиятини очиб берди. Миллий ўйинлар, спорт мусобақалари ва дорбозларнинг чиқишлари томошабинларга хурсандчилик, завқу шавқ бағишлади.
[gallery-28194]
Айниқса, сумалак сайли, миллий таомлар фестивали ва ҳунармандлар кўргазмалари байрамга алоҳида файз қўшди. Дошқозонлардан сузилган сумалак, баҳорий таомлар — кўк сомса, исмалоқ буррак, кўк чучваралар халқимиз дастурхонининг файзу баракасини яна бир бор кўз-кўз этди.
Зомин тумани ҳокими Алишер Абдуғаниев байрам иштирокчиларини Наврўз билан самимий табриклаб, ушбу қутлуғ айём инсонлар орасида янгиланиш, эзгулик ва ҳамжиҳатлик рамзи эканини таъкидлади.
Зоминда бўлиб ўтган Наврўз сайли юртимизда тинчлик, барқарорлик ва халқ бирлигининг ёрқин ифодаси сифатида барча иштирокчилар қалбида унутилмас таассуротлар қолдирди.
Абдужалол Қаюмов, Жамшид Ёрбеков (сурат), ЎзА