Зарафшон минтақаси – халқаро илмий-амалий ҳамкорлик ва инновациялар чорраҳасида
Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган “Зарафшон минтақасини комплекс инновацион ривожлантириш: ютуқлар, муаммолар ва истиқболлар” мавзусида VII Халқаро илмий-техник конференция бўлиб ўтди.
Икки кун давом этган тадбирда тоғ-кон ва металлургия саноатининг бугунги ҳолати, замонавий технологиялар, ишлаб чиқаришни рақамлаштириш, сунъий интеллект, энергия самарадорлиги, экологик барқарорлик ҳамда таълим-фан-ишлаб чиқариш интеграцияси каби муҳим масалалар кенг муҳокама қилинди.
Анжуманнинг ялпи мажлисида Ўзбекистон ва хорижий давлатларнинг етакчи олимлари, олий таълим муассасалари раҳбарлари, муҳандислар, тадқиқотчилар ҳамда саноат соҳаси мутахассислари иштирок этди. Хусусан, Россия, Германия, Грузия, Малайзия, Тожикистон, Қозоғистон каби давлатлардан ташриф буюрган олимларнинг маърузалари конференциянинг халқаро миқёсини янада кенгайтирди.
– Анжуман учта муҳим устувор йўналишга бағишланди, – дейди Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори, профессор Тўлқин Нурмуродов. – Биринчиси – сунъий интеллект технологияларини тоғ-кон металлургия соҳасига жорий этиш, иккинчиси – ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва технологик суверенитетни таъминлаш, учинчиси эса таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини янада чуқурлаштириш масалаларидир. Мазкур йўналишлар бугунги саноат тараққиётининг энг муҳим омилларини қамраб олади. Бугун Зарафшон минтақаси – нафақат табиий бойликлари билан, балки илмий салоҳияти, замонавий технологиялари, малакали мутахассислари ва халқаро ҳамкорлик имкониятлари билан ҳам катта тараққиёт майдонига айланмоқда. Шубҳасиз, бугунги саноат энди фақат қазиб олиш ёки ишлаб чиқариш билан чекланмайди. Унинг келажаги илмий ғоя, рақамли технология, сунъий интеллект ва юқори малакали мутахассис уйғунлигидадир.
Ялпи мажлисдан сўнг, илмий муҳокамалар геология, металлургия, машинасозлик, энергетика, саноат экологияси ва инновацион менежмент каби йўналишлардаги мутахассислар ўз илмий изланишлари билан ўртоқлашдилар. Шунингдек, муайян соҳанинг бугунги муаммолари билан бирга, уларни илмий ва технологик ечимлар орқали бартараф этиш имкониятлари муҳокама қилинди.
– Бугунги халқаро конференция жуда юқори мазмундаги анжуман. Кўплаб хорижий мутахассислар, олимлар иштирок этмоқда. Чунки Навоий саноатида бўлаётган ишлар кўпчиликни қизиқтиради, – дейди Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Нодирбек Юсупбеков. – Бу ерда олимлар ўзларининг янги ишлари билан ўртоқлашиш билан бирга, хориждан келган меҳмонларнинг тажрибаси билан ҳам танишмоқда. Айниқса, анжуманда сунъий интеллект ва рақамлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани замон талаби билан ҳамоҳангдир. Зеро, бугун сунъий интеллект фақат ахборот технологиялари соҳасининг эмас, балки саноат, энергетика, транспорт, таълим ва бошқа кўплаб тармоқларнинг ҳам ривожланиш омилига айланмоқда.
Анжуманнинг муҳим жиҳатларидан яна бири халқаро илмий-таълимий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган учрашувлар бўлди. Хусусан, Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ҳамда Ҳиндистон технология институти ўртасида англашув меморандумини имзолаш маросими ташкил этилди. Шунингдек, М.С.Осими номидаги Тожикистон техника университети билан фан ва таълим соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Грузия техника университети билан эса илмий йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Бундай мулоқотлар университетнинг халқаро илмий алоқаларини кенгайтириш, қўшма тадқиқотларни йўлга қўйиш, профессор-ўқитувчилар ва тадқиқотчилар алмашинувини ривожлантириш ҳамда ёш олимлар учун янги имкониятлар яратишга хизмат қилади.
[gallery-31613]
Анжуман дастури доирасида “Lab & Production Solutions” компанияси томонидан тоғ-кон металлургияси учун замонавий аналитик ечимларга бағишланган махсус семинар ташкил этилди. Унда лаборатория ва ишлаб чиқариш жараёнларида замонавий технологиялардан фойдаланиш масалаларига эътибор қаратилди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ташкил этилган матбуот анжумани ва брифингда форумнинг мақсад ва вазифалари, илмий сессияларда муҳокама қилинган масалалар ҳамда ҳамкорликнинг янги йўналишлари ҳақида маълумот берилди.
Анжуманнинг иккинчи кунида иштирокчилар учун ташкил этилган техник саёҳат форумнинг яна бир муҳим амалий қисмларидан бирига айланди. Хорижий ва маҳаллий олимлар дунёга машҳур “Мурунтов” олтин конига ташриф буюриб, замонавий қазиб олиш технологиялари ва ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишдилар.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари