Замонавий ўқитувчи қандай тайёрланади?
Тошкент шаҳрида Британия Кенгаши, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети ҳамкорлигида “Ўзбекистонда инглиз тили ўқитувчиларини тайёрлаш тизимидаги ислоҳотларни жадаллаштириш” мавзусида Миллий форум бўлиб ўтмоқда.
23-24 июнь кунларига мўлжалланган форум мамлакатда педагог кадрлар тайёрлаш тизимини халқаро стандарт асосида такомиллаштириш, бўлажак инглиз тили ўқитувчиларини тайёрлаш сифати ва самарадорлигини ошириш масалаларига бағишланган.

Анжуманнинг асосий мавзуларидан бири сифатида Британия Кенгаши AELLCA дастури доирасида ишлаб чиқилган PRESETT – бўлажак инглиз тили ўқитувчиларини тайёрлашга ихтисослашган янги миллий ўқув дастури муҳокама қилиняпти. Тадбир давомида тақдим этилган ушбу дастур энди республика педагогика олий таълим муассасаларида жорий этилади.

Мутахассислар таъкидлаганидек, замонавий педагогик ёндашув, инклюзив таълим, рақамли баҳолаш ва СИ технологиясини ўзида мужассам этган PRESETT янги авлод инглиз тили ўқитувчиларини тайёрлашга хизмат қилиши кутиляпти.

Форум доирасида педагогика таълимини такомиллаштириш, ўқув дастурларини янгилаш, баҳолаш тизимини мувофиқлаштириш ва ўқитувчиларнинг касбий ривожланиш имкониятини кенгайтириш бўйича фикр алмашилмоқда. Тадбир мамлакат таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасидаги муҳим мулоқот майдони сифатида эътибор қозонмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА