Ёшларнинг мурожаати ва таклифлари тингланди
“Ёшлар куни” муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Ш.Аминов Нукус туманидаги прокурор оталиғига бириктирилган ёшлар билан учрашди.
Бевосита мулоқот шаклида ўтказилган мазкур учрашувдан кўзланган мақсад, ёшларнинг муаммоларини тинглаб, ҳал қилиш, олган таълим ва ҳунарларидан келиб чиқиб бандлигини таъминлаш ёки касбга йўналтириш, ёшларга юртимиздаги халқчил ислоҳотлар, ёшлар учун яратилган имконият ва имтиёзлар ҳақида тўлиқ тушунтиришлар беришни кўзда тутади.

Шунингдек, ёшлар онгида Ватанга садоқат, келажакка бўлган ишонч, уларда кучли маънавий-руҳий иммунитетни шакллантириш, адашганни тўғри йўлга қайтариш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёшлар ўртасида содир бўлаётган жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар оқибатлари юзасидан фикрлар алмашилди. Уларнинг мурожаатлари ва таклифлари тингланди.
Шундан сўнг, туман прокурорининг оталиққа олинган ёшлар билан ишлаш борасидаги фаолияти ва келгусидаги вазифалар юзасидан тақдимоти тингланди. Бундан ташқари, ёзги дам олиш вақтида ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиши борасидаги қилинган ишлар, қўшимча фан тўгаракларининг фаолияти билан танишилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири