Ёшларнинг лойиҳалари ишлаб чиқаришга
Жиззахда ўтказилаётган “Миллий саноат занжири” миллий кўргазмасида намойиш этилаётган лойиҳалар орасида ёшларнинг инновацион ғояларини реал ишлаб чиқариш билан боғлашга қаратилган ишланмалар алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Кўргазманинг “Стартаплар ва инновациялар” зонасида ташкил этилган питч-сессияда Жиззах политехника институти талабалари автомобилсозлик соҳаси учун ишлаб чиқилган лойиҳаларини тадбиркорлар ва саноат корхоналари вакилларига тақдим этди. Унда 40 дан ортиқ тадбиркор, жумладан, “BYD Uzbekistan Factory” МЧЖ ҳамда “ADM Jizzakh” МЧЖ вакиллари иштирок этди.
Тақдимотлар орасида Жиззах политехника институти қошидаги Автомобилсозлик муҳандислик мактабида ишлаб чиқилаётган янги лойиҳа эътиборни тортди. У автомобиль аккумуляторларининг хизмат муддати тугаганидан кейин уларни шунчаки чиқиндига айлантириб юбормасдан, қайта тиклаш ва фойдаланиш имконини беради.


Лойиҳага кўра, маълум муддат ишлатилган аккумулятор батареялари махсус текширув ва таъмирлашдан ўтказилади. Яроқли ҳолатга келтирилган батареялар қуёш панеллари ёрдамида қувватланиб, қайта фойдаланишга тайёрланади. Қайта тиклашнинг имкони бўлмаган аккумуляторлар эса янгисига алмаштирилади.
– Бугун автомобилсозликда электр энергияси билан боғлиқ технологиялар жадал ривожланяпти. Шу билан бирга, аккумуляторларнинг хизмат муддати масаласи ҳам долзарб. Биз таклиф этаётган лойиҳа ана шу эҳтиёждан келиб чиққан. Яъни ишдан чиққан аккумуляторни шунчаки алмаштириш эмас, аввало уни қайта тиклаш имкониятини ўрганиш, яроқли қисмларидан самарали фойдаланиш ва қайта ишга тайёрлашни йўлга қўйиш мақсад қилинган, – дейди Жиззах муҳандислик мактаби директори ўринбосари Суннатилла Саидов.


Мутахассиснинг таъкидлашича, бундай ёндашув нафақат иқтисодий самарадорликни ошириш, балки ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик юкламани камайтириш нуқтаи назаридан ҳам муҳим. Келгусида лойиҳа доирасида аккумуляторларни таъмирлаш ва қайта тиклаш пунктларини бошқа вилоятларда ҳам ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Бу ташаббуснинг аҳамиятини Жиззах политехника институтида яратилган муҳит билан ҳам боғлаш мумкин. 2025 йил 2 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятига ташрифи давомида институт қошидаги Автомобилсозлик муҳандислик мактаби фаолияти билан танишган эди. Бу ерда “BYD Uzbekistan Factory” ва “ADM Jizzakh” корхоналари билан ҳамкорликда транспорт соҳаси учун малакали мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилган. Муҳандислик мактабида электромобиль ва қувватлаш станциялари, электромобилларга хизмат кўрсатиш, саноат ва дастурлаш муҳандислиги каби йўналишларга ихтисослашган махсус хоналар ҳам ташкил этилган.


Эътиборлиси, кечаги таълим жараёни бугун аниқ маҳсулот ва хизматга айланаётгани ана шу лойиҳада яққол кўринади. Талаба ва ёш муҳандисларнинг ғояси корхона вакиллари олдида тақдим этилмоқда, муаммога ечим берадиган ишланмалар эса саноат эҳтиёжлари билан тўғридан-тўғри боғланмоқда.
Питч-сессияда намойиш этилган бошқа лойиҳалар ҳам автомобилсозлик соҳасининг долзарб вазифаларига қаратилган. Корхона вакиллари ёш стартапчиларнинг ишланмалари билан танишиб, истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқариш жараёнига жорий этиш ва қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди.

Бу эса “Миллий саноат занжири” кўргазмасида таълим, инновация ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликнинг амалий кўринишларидан бири бўлмоқда.
Зеро, саноат занжири фақат тайёр маҳсулотдан бошланмайди. Унинг дастлабки бўғини – ғоя. Бу ғояни билим, муҳандислик маҳорати ва ишлаб чиқариш эҳтиёжи билан бирлаштира олгандагина янги технология ва янги маҳсулот пайдо бўлади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири