Ёшларни бизнесга тайёрлашга қаратилган очиқ мулоқот ўтказилди
Миллий гвардия Маънавият ва маърифат марказида Миллий гвардия қўмондонлиги ташаббуси билан Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон волонтёрлари ассоциацияси ҳамда республикадаги тижорат банклари вакиллари ҳамкорлигида “Бизнеснинг ошкора сирлари” лойиҳаси доирасида “Тадбиркор ва ёшлар” мавзусида очиқ мулоқот ташкил этилди.
Тадбирда муддатли ҳарбий хизматчилар, Юнусобод тумани ёшлари ҳамда фаол волонтёрлар иштирок этиб, тажрибали тадбиркорлар ва молия соҳаси мутахассисларининг амалий тавсияларини тинглаш, тадбиркорлик фаолиятини бошлашга оид муҳим билим ва тажрибалар билан танишиш имкониятига эга бўлди.
Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Бир аскарга – бир касб” тамойилининг мантиқий давоми бўлган мазкур учрашув хизматчиларнинг касбий ва иқтисодий билимларини кенгайтиришга хизмат қилди. Бугунги кунда муддатли ҳарбий хизматчилар мономарказларда турли касб-ҳунарларни эгаллаётган бўлса, мазкур очиқ мулоқот орқали улар бизнес ғоясини шакллантириш, молиявий режалаштириш, бозорни ўрганиш, таваккалчиликларни баҳолаш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини самарали йўлга қўйиш бўйича амалий тавсияларга эга бўлди.
– Бундай учрашувлар биз, ёшлар учун жуда катта мотивация бўлди, – дейди муддатли ҳарбий хизматчи Хуршид Бобоқулов. – Тадбиркорликни фақат даромад манбаи эмас, балки билим, интилиш ва меҳнат талаб қиладиган соҳа сифатида англадик. Мутахассислар берган маслаҳатлар хизматни тугатгач ўз бизнесимни бошлашга ишончимни янада мустаҳкамлади.

Тадбирнинг яна бир муҳим жиҳати – Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳамда Ўзбекистон волонтёрлари ассоциацияси ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандумида белгиланган вазифаларнинг амалий ижросини таъминлашга хизмат қилганидир. Бу давлат ташкилотлари, жамоатчилик ва хусусий сектор ўртасидаги самарали ҳамкорликни яна бир бор намоён этди.
Ўзбекистон волонтёрлари ассоциацияси директори Ширин Абидова ҳам тадбир ҳақидаги мулоҳазаларини билдирди:
– Бугун ёшларни тадбиркорликка қизиқтириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва амалий билим бериш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Бу каби мулоқотлар ёшларга янги имкониятларни кўрсатади, уларнинг ўз кучи ва ғоясига бўлган ишончини оширади ҳамда келажакда муваффақиятли тадбиркор бўлишига замин яратади, – деди Ш.Абидова.
Интерактив руҳда ўтган мулоқот давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олди. Айниқса, бизнесни нолдан бошлаш, молиявий имкониятлардан самарали фойдаланиш, имтиёзли кредитлар ва давлат томонидан ёш тадбиркорларга яратилаётган имкониятлар ҳақидаги маълумотлар катта қизиқиш уйғотди. Тадбир якунида бундай учрашувлар ёшларнинг тадбиркорликка бўлган қизиқишини ошириш, иқтисодий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш ҳамда келгусида ўз бизнесини йўлга қўйишига мустаҳкам пойдевор бўлиши таъкидланди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА