Ёшлар учун ибрат мактаби
Бугунги кунда мамлакатимизда ёшларга билим бериш, уларни замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш билан бир қаторда, ватанпарварлик, меҳнатсеварлик ва юрт тақдирига дахлдорлик руҳида тарбиялашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, ҳаёт йўли ибрат бўлган, меҳнати ва фидойилиги билан халқ ҳурматига сазовор инсонлар билан учрашувлар ёшлар маънавиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Ана шундай мазмунли тадбирлардан бири Бухоро давлат техника университетида ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Муҳаммад Аҳмедов ёшлар билан учрашди.

Учрашув давомида меҳмон ўз ҳаётий тажрибаси, меҳнат орқали инсон камол топиши, юрт тараққиётига ҳисса қўшишнинг аҳамияти ҳақида фикр билдирди. Унинг ҳар бир сўзи ёшлар учун катта ҳаётий сабоқ ва мотивация манбаи бўлди.

– Юрт корига яраш бу баландпарвоз ибора эмас, – деди Ўзбекистон Қаҳрамони Муҳаммад Аҳмедов. – Бу машаққатли ва шарафли ҳаёт йўли, ҳалол пешона тери, бутун умр ер билан тиллашиш, бедор ўтган тун ва кунлар деганидир. Бизнинг меҳнатимиз юксак даражада қадрланаётгани эса бу юртда барча ислоҳотлар, аввало, инсон манфаати учун эканининг яққол далилидир.

Учрашув очиқ мулоқот руҳида ўтди. Талабалар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, ҳаётда муваффақиятга эришиш, меҳнат фаолиятини тўғри ташкил этиш, раҳбарлик масъулияти ва инсон қадри ҳақида батафсил жавоблар олди. Самимий ва эркин муҳитда кечган мулоқот барча иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Бу каби учрашувлар ёшларнинг келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлайди, уларни катта мақсадлар сари ундайди. Зеро, китобдан ўқилган билим инсонни бойитса, ҳаёт синовларидан ўтган инсонлар билан мулоқот ёшларга тўғри йўл танлашда беқиёс тажриба беради.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.