Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшлар салоҳиятига йўналтирилган ҳар бир ташаббус – бу Ўзбекистоннинг барқарор, рақобатбардош ва инноватсион келажагига қўйилган мустаҳкам пойдевордир!

24 феврал куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ёшлар билан ўтказилган очиқ мулоқот мамлакатимиз ёшлар сиёсатини янада такомиллаштиришда муҳим стратегик босқич сифатида баҳоланиши мумкин. Мазкур мулоқот давлат ва ёшлар ўртасидаги институтсионал алоқаларни мустаҳкамлаш, мавжуд муаммоларни бевосита муҳокама қилиш ҳамда истиқболдаги устувор вазифаларни аниқ белгилаб олиш нуқтаи назаридан алоҳида аҳамият касб этди.

Учрашув давомида таълим сифати, ёшлар бандлиги, тадбиркорликни ривожлантириш, инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, хорижий тилларни ўрганиш ҳамда замонавий касб-ҳунарларни эгаллаш масалалари кенг муҳокама қилинди. Ушбу йўналишлар бугунги кунда мамлакат иқтисодиётини модернизация қилиш ва инсон капиталини ривожлантиришнинг асосий ҳаракатлантирувчи омиллар сифатида намоён бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан ёшлар мамлакат тараққиётининг энг муҳим ҳаракатлантирувчи кучи экани алоҳида таъкидланди. Бу ёндашув ёшларни фақат ижтимоий қатлам сифатида эмас, балки стратегик ресурс ва ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси сифатида кўришни англатади. 

Учрашувда алоҳида эътибор ёшлар тадбиркорлигини молиявий қўллаб-қувватлашга қаратилди. Хусусан, ёш тадбиркорлар учун имтиёзли кредитлаш тизимини кенгайтириш, грант ва инвестиция механизмларини жорий этиш, шунингдек ҳудудларда ёшлар бизнес-инкубаторлари тармоғини ташкил этиш бўйича муҳим вазифалар белгиланди. Жумладан, олий таълим муассасаларининг камида 5 нафар битирувчисини ишга қабул қилган тадбиркорларга 10 млрд сўмгача молиявий қўллаб-қувватлаш берилиши қайд этилди. Бу каби чоралар ёшларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва инновацион муҳитни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Маълумки, таълим тизими, меҳнат бозори ва иқтисодиёт ўртасидаги мустаҳкам боғлиқликни таъминлаш ёшлар бандлигини барқарор ҳал этишнинг энг муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Шу боис таълим дастурларини иқтисодиёт эҳтиёжларига мослаштириш, амалиётга йўналтирилган таълим улушини ошириш ҳамда рақамли кўникмаларни ривожлантириш устувор вазифалардан бўлиб қолмоқда.

Мазкур устувор йўналишлардан келиб чиқиб, Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университетида ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг касбий рақобатбардошлигини ошириш ва замонавий меҳнат бозорига самарали интегратсиясини таъминлаш бўйича тизимли ва босқичма-босқич ишлар амалга оширилмоқда. Университет фаолиятининг устувор вазифаларидан бири, бу таълим жараёнини реал иқтисодиёт эҳтиёжларига мослаштириш ва битирувчиларнинг касбий тайёргарлигини кучайтиришдан иборат.

Шу мақсадда, университетда таълимнинг амалиётга йўналтирилган модели изчил такомиллаштирилмоқда. Хусусан, Каръера маркази орқали иш берувчилар билан ҳамкорликнинг кўп босқичли механизмлари йўлга қўйилган бўлиб, улар нафақат битирувчиларни иш билан таъминлашга, балки ўқиш жараёнидаёқ талабаларни меҳнат бозори билан таништиришда хизмат қилади. Марказ мунтазам равишда амалиёт, карйера ярмаркалари, касбий кўникмаларни ривожлантириш бўйича тренинглар ва индивидуал касбга йўналтириш хизматларини ташкил этади. Мазкур комплекс ёндашув натижасида битирувчиларимизнинг қарийб 95 фоизи ўқишни тамомлаганидан сўнг  6 ой ичида иш билан таъминланади. 

Шунингдек, университетимизда инновацион муҳитни ривожлантириш стратегик устувор йўналиш сифатида қаралади. Яқин келажакда стартап ташаббусларини қўллаб-қувватлаш фаолиятини институционал даражага олиб чиқиш, университетда инновация ва тадбиркорлик инфратузилмасини кенгайтириш ҳамда хусусий сектор билан ҳамкорлик асосида дастлабки молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларини ривожлантириш кўзда тутилган. Натижада талабалар ва ёш тадқиқотчиларнинг ўз ғояларини амалий лойиҳаларга айлантириш имкониятлари сезиларли даражада кенгаяди.

Ёшларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш масаласи ҳам университет стратегиясининг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Бугунги кунда Ўзбекистон иқтисодиётида бизнес ва тадбиркорликнинг роли тобора ортиб бораётгани инобатга олиниб, талабаларда инновацион фикрлаш, стратегик бошқарув, молиявий саводхонлик ва реал бизнес муаммоларини ҳал этиш компетенсияларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу нуқтаи назардан, Университет таркибидаги энг йирик академик йўналиш Бизнес мактаби эканлиги ушбу йўналишга бўлган талабнинг юқорилигини тасдиқлайди.

Иқтидорли ёшлар билан индивидуал ишлаш тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Талабаларнинг иқтидорини эрта аниқлаш механизмларини ривожлантириш, юқори натижаларга эришган талабалар учун махсус етакчилик ва маслаҳатчилик дастурларини кенгайтириш, шунингдек, талабаларни дастлабки босқичданоқ илмий-тадқиқот фаолиятига фаол жалб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар назарда тутилган. 

Президентимизнинг ёшлар билан учрашуви мамлакатимизда ёшлар сиёсатининг стратегик устувор йўналишларини янада аниқ белгилаб берди. Ушбу мулоқот ёшлар билан ишлашда янги босқич – тизимли, натижага йўналтирилган ва ҳамкорликка асосланган ёндашувни талаб этаётганини кўрсатди.

Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети мазкур устувор вазифаларни амалга оширишда фаол иштирок этиши, таълим сифати, инноватсия ва халқаро стандартлар асосида инсон капиталини ривожлантириш орқали мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшиши лозим.

Комилжон Каримов,

Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети ректори