Ёшлар билан учрашувдаги вазифалар ижроси муҳокама қилинди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ёшлар масалалари бўйича комиссия ҳамда Ёшлар парламентининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 30 июнь куни ёшлар билан ўтказилган учрашувда белгилаб берилган устувор вазифалар ижроси, ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ислоҳотлар хусусида сўз юритилди. Шунингдек, ушбу жараёнларда парламентнинг ўрни ва роли атрофлича муҳокама қилинди.

–Давлатимиз раҳбарининг ёшлар билан мулоқотида илгари сурилган ташаббуслар йигит-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш, тадбиркорлик ва инновацион фаолликни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади, – деди депутат Б.Тўхтамуродов. – Ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ислоҳотлар жараёнига фаол жалб этишда Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссияси ҳамда Ёшлар парламентининг ўзаро ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этади. Ёшлар парламенти ёшларни қонун ижодкорлиги жараёнига кенг жалб этиш, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий билими ва фаоллигини ошириш, ёшлар ва давлат органлари ўртасида мулоқотни таъминлашга қаратилган самарали майдон сифатида фаолият юритиб келмоқда.

Муҳокамаларда Президентимиз томонидан ёшлар масалаларига оид берилган топшириқлар ижросида Ёшлар масалалари бўйича комиссия ҳамда Ёшлар парламенти олдида турган устувор вазифалар белгилаб олинди. Ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқаришда Ёшлар парламенти имкониятларидан самарали фойдаланиш ҳамда ёшларни ислоҳотлар жараёнининг фаол иштирокчисига айлантириш бўйича ишларни изчил давом эттириш зарурлигини қайд этилди.
М.Комилова, ЎзА