Ёшлар билан самимий мулоқот
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси бошлиғи З.Турдалиевнинг ёшлар билан навбатдаги учрашуви Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиалининг 4-босқич талабалари билан бўлди.
Учрашув давомида ёшлар билан самимий ва очиқ мулоқот ташкил этилиб, божхона органларида хизмат қилишнинг мазмун-моҳияти, юксак масъулияти, юрт равнақи йўлидаги ўрни ҳақида батафсил тушунча берилди. Шунингдек, тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар, яратилаётган имкониятлар ва ёш кадрларга бўлган эҳтиёж хусусида ҳам фикр алмашилди.

Талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш баробарида, келгусида божхона соҳасида фаолият юритиш, Ватанга садоқат билан хизмат қилиш каби юксак мақсадлар сари интилиш руҳини ҳис этдилар. Айниқса, спортчи ёшлар орасида божхона хизматига бўлган қизиқиш сезиларли даражада ошганлиги қайд этилди. Улар учун интизом, масъулият ва жисмоний тайёргарлик каби фазилатлар ушбу соҳада муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди.

Бундай учрашувлар ёшларнинг дунёқарашини кенгайтириш, уларни тўғри касб танлашга йўналтириш ҳамда Ватанга садоқат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.