Ёш шахматчиларимиз Италияда ўтган жаҳон чемпионатида катта тажрибага эга бўлди
Италиянинг Монтесильвано шаҳрида 14, 16 ва 18 ёшгача бўлган ўсмирлар ҳамда қизлар ўртасида ўтказилган “FIDE World Youth Chess Championship 2026” чемпионатида мамлакатимизнинг ёш шахматчилари муносиб натижаларни қайд этди.
84 мамлакатнинг 778 нафар ёш “ақл гимнастикаси” соҳиблари дона сурган чемпионатда Ўзбекистон шарафини 9 нафар ёш шахматчимиз ҳимоя қилди.
11 та турдан иборат муросасиз баҳсларда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан Сарвиноз Бекмуратова 14 ёшгача бўлган қизлар ўртасида 8 очко тўплаб, 110 нафар иштирокчи орасида қўшимча кўрсаткичларга кўра, 4-ўринни эгаллади. Ушбу ёш тоифасида ўз истеъдодини намойиш этган Лазизабону Комилжонова 7,5 очко жамғариб, 9-ўринни банд этди.

Ушбу ёш тоифасида 9 очко жамғарган озарбайжонлик Захра Аллахверди чемпионлик шоҳсупасига кўтарилган бўлса, АҚШлик Лаура Қиу 8,5 очко билан кумуш, туркиялик Туана Абак 8,5 очко билан бронза медалига сазовор бўлди.
16 ёшгача бўлган қизлар мусобақасида ҳамюртимиз Руқия Олимова 6,5 очко билан 107 нафар тенгдошлари орасида 31, 18 ёшгача бўлган қизлар баҳсида Мумтозбегим Мансурова 6 очко билан 104 нафар қатнашчи орасида 42, 16 ёшгача ўғил болалар баҳсида Рауф Қосимов ва Саъдулло Азизов 7 очко жамғарган ҳолатда 150 нафар иштирокчи орасида 21 ҳамда 27, 18 ёшгача ўғил болалар ўртасида Акобирхон Саидалиев 7 очко билан 131 нафар тенгқурлари орасида 33-қаторни банд этди.

Айтиш лозимки, жаҳон чемпионатида ёш шахматчиларимиз қайд этган натижалар уларнинг ҳар бирига қўшимча рейтинг балларини тақдим этиш билан бир қаторда халқаро тажрибаси ошишига ижобий таъсир кўрсатди.
Т. Рўзиев, ЎзА